Осиё Чемпионлар лигаси: 'Ал-Фотиҳ' 0-0 'Бунёдкор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қалдирғочлар бу йилги Осиё чемпионлар чемпионлиги учун курашларини дуранг билан бошлашди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 1-тур учрашувини сафарда Саудия Арабистонининг "Ал-Фотиҳ" жамоасига қарши ўтказди.

"Бунёдкор" клуби матбуот котиби Аброр Имомхўжаев учрашув арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қалдирғочлар "майдонга фақат ғалаба учун тушиш"ларини айтганди.

"Нафақат бу ўйинда, умуман "Бунёдкор" ҳар доим ўз олдига катта мақсадларни қўйиб келган. У хоҳ миллий биринчилик бўлсин, хоҳ Кубок мусобақалари ва хоҳ халқаро турнирлар бўлсин, доимо юксак мақсадларни қўйиб келган. Шунинг учун ҳам, гап фақат битта ўйин ҳақида кетаётгани йўқ. Умуман, мақсад - мусобақа жадвалида, иложи борича, энг сўнггига қадар бориш. Шу жиҳатдан олиб қараганда, "Бунёдкор" бугунги ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас", - деганди Тошкентдан таниқли футбол шарҳловчиси.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 2005 йилда ташкил топган "Бунёдкор" жамоаси ўзининг қисқа тарихида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Бу каби натижани Ўзбекистон клублари орасидан фақат "Пахтакор" клубигина қайд этишга муваффақ бўлган, холос.

Аммо, шунда ҳам, ҳалича бирор бир Ўзбекистон жамоасига Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш насиб этмаган.

Худди шу мақсадга эришиш учун "Бунёдкор"нинг ўз вақтида катта пул эвазига Тошкентга бразилиялик донгдор мураббий Луиз Фелипе Сколари ва Ривальдо каби юлдуз футболчиларни келтириш ҳаракатлари ҳам самара бермаган.

Устига устак, "Насаф" ва "Локомотив"нинг плей-оффдаги мағлубияти ортидан, "Бунёдкор" бу йилги лига беллашувларида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона жамоа бўлади.

Яъни, Осиё Футбол Конфедерацияси Ижроий қўмитасининг янги қарорига мувофиқ, бу йилги футбол мавсумида Осиё Чемпионлар лигаси учун Ўзбекистон клубларига 1+2 кўринишида квота ажратилган, холос.

"Бунёдкор" бу йил саралаш босқич беллашувларини "В" гуруҳида Саудия Арабистонининг "Ал-Фотиҳ", Эроннинг "Фулад" ва плей-офф учрашувида "Насаф"ни йирик ҳисобда мағлуб этган Қатарнинг "Ал-Жайш" жамоаларига қарши ўтказади.

Бугун 25 феврал куни бошланган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 23 апрел куни якун топади.

Ўз гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри кейинги босқичга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Қисқача дастлабки рақиб ҳақида

Бу - Саудия Арабистони чемпиони бўлган "Ал-Фотиҳ"нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги илк иштироки бўлади.

Жамоа ўз тарихида фақат илк ва ҳозирча бир бор - 2012/2013 йилги футбол мавсумида Саудия Арабистони чемпионлигини қўлга киритган, холос.

Амалдаги Саудия Арабистони Супер кубоги соҳиби ҳам саналади.

Қитъа миқёсидаги турнирлардаги иштироки эса, фақат бу йилги Осиё Чемпионлар лигаси билан чекланади.

Худди шу нуқтаи назардан ҳам, "Бунёдкор" лига ўйинларида бўлажак ва дастлабки рақибига қараганда катта тажрибага эга.

Қалдирғочлар 2008 йилдан буён мунтазам равишда Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиб келади.

Лига беллашувларида Осиё футболининг наҳанглари саналмиш Япония ва Жанубий Корея жамоаларини ўз майдонларида ҳам енгишга муваффақ бўлган.

Австралия, Хитойнинг энг кучли жамоаларига қарши тўп сурган.

Устига устак, кўплаб ўйинчилари Ўзбекистоннинг турли ёшдаги миллий терма жамоаларида ҳам ўйнашади.

Осиё Кубоги ва Жаҳон чемпионати саралаш босқич учрашувларида ҳам яхшигина тажриба орттиришган.

Аммо, ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, араб футболи ва араб жамоалари ўзбекистонликлар учун доимо ноқулай рақиб бўлиб келишган.

Дейлик, "Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигаси доирасида сафарда беш маротаба Саудия Арабистони жамоаларига қарши майдонга тушган бўлса, уларнинг бирортасида ғалаба қозона олмаган.

Бироқ, клуб матбуот котибининг биз билан суҳбатида айтишича, "Бунёдкор" ҳозир анча тажриба орттирган ва майдонга чўчиб тушадиган ҳолатда эмас.

Суҳбатимизда батафсил тингланг.