ФИФА, расман: Истанг ҳижобда, истанг саллада футбол ўйнанг

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳам аёл ва ҳам эркак футболчиларга диний бош кийимларида тўп суриш ҳуқуқини расман Футбол Уюшмалари Халқаро Федерацияси берди.

Халқаро Футбол Уюшмаси Кенгаши бир неча йиллик синовлар ортидан, бу хусусдаги якуний қарорини куни-кеча Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтган йиғинида эълон қилди.

Энди, диний эътиқодидан келиб чиқиб, истаган муслима ҳижобда, истаган сикх эса, саллада футбол ўйнаши мумкин бўлади.

Мусулмон футболчилар учун майдонга саллада тушиш шарт, деб кўрилмаслигини таъкидлаган ўзбекистонлик таниқли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг билдиришича, сўнгги янгилик Ҳиндистондаги сикх жамоаси орасида футболнинг ривожланишига хизмат қилмай қолмайди.

Ўз ўрнида, халқаро футбол майдонларида тўп сурган ёки сураётган Зайниддин Зидан, Месут Ўзил, Сами Хедира, Франк Рибери, Самир Насри ва Карим Бензема каби жаҳон футболининг мусулмон юлдузлари бунга бир мисол каби.

Иш берган синов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Яқин йилларгача, қай бир дин вакиллари бўлмасин, эркак ва аёл футболчиларнинг диний бош кийимларида футбол ўйнашлари қонунан маън этилганди.

2007 йилдан буён эса, жароҳат олишлари хавфи борлиги айтилиб, ФИФА томонидан, ҳатто, муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари расман тақиқланганди ҳам.

Эслатиб ўтиш жоиз, биргина шу тақиқнинг ўзи Африка ва Осиё Футбол Конфедерациялари раҳбарлари қолиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам эътиборини тортган ва улар Футбол Уюшмалари Халқаро Федерациясини уни бекор қилишга ошкора даъват этиб чиқишганди.

Улардан ташқари, дунёда энг нуфузлиларидан бири саналувчи Англия премьерлигасида тўп сурувчи қатор футболчилар ҳам бу уч халқаро ташкилотга хайрихоҳ эканликларини билдиришганди.

Футбол Уюшмалари Халқаро Федерацияси буларнинг барчаси ортидан, 2012 йилда икки йиллик синов муддати белгилаган ва энди, аён бўлишича, у муваффақиятли бўлган.

Сўнгги хабар ортиданоқ, Исломий республика бўлган қўшни афғонистон ва покистонлик спорт мулозимлари Футбол Уюшмалари Халқаро Кенгашининг сўнгги қарорини олқишлаб чиқишган.

Уларга кўра, мавжуд тақиқнинг олиб ташланиши спорт билан шуғулланиш истагида бўлган ҳижобли қизлар сонининг янада ошишига хизмат қилади.

'Майли, бош кийимларида ўйнашсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу сўзлар ФИФА Бош котиби Жером Валькенинг оғзидан янгради.

“Майли, аёл футболчилар ҳам, эркак футболчилар ҳам бошларини ёпишлари мумкин. Биз шунга қарор қилдик. Аммо уларнинг диний бош кийимлари оддий ва жамоа либосининг рангида бўлади”, - деб айтди жаноб Вальке.

Муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари билан боғлиқ масала бундан беш йил бурун, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларининг саралаш босқич мусобақалари чоғида ўртага чиққанди.

Ҳижобларини ечишдан бош тортишгани учун, Эрон миллий терма жамоасининг Иорданияга қарши ўйини учрашув бошланишига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда бекор қилинганди.

Осиё футбол масъулларининг айтишларича, тақиқнинг расман бекор қилиниши минглаб муслима футболчиларнинг яна катта майдонларда тўп суришларига йўл очади.

Муслима футболчиларнинг ҳижоблари учун “кураш” кетаётган бир манзарада Канададаги сикхлар жамоаси ҳам салламизга қўйилган тақиқни олиб ташланг, деган даъватлар билан чиқишганди.

Ҳозир футболдан ташқари, енгил атлетика, регби, қиличбозлик, воллейбол ва таэквондо мусобақаларида муслима спортчиларнинг ҳижобда беллашишларига рухсат берилади.

Халқаро Футбол Уюшмалари Кенгашига, “футбол қонунларига киритилажак тузатишлар масаласида якуний сўзни айтиш” ваколати юкланиб, 1886 йилда асос солинган.

Ушбу кенгаш таркибига эса, Англия, Шотландия, Уэльс, Шимолий Ирландия Футбол Уюшмалари ва ФИФА киради, холос.