ФИФА наҳанг Барсани жазолади, Биродар ака нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Халқаро футбол ташкилоти томонидан берилган жазога мувофиқ, Испания чемпиони келаси йил ёз ойигача четдан на-да бирор бир футболчи харид қилолади ва на-да бирорта ўйинчисини бировга сотолади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, Ўзбек футболи афсонаси Биродар ака Абдураимов Барса, барибир, вазиятдан чиқиб кетади, дейди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Йўқ, ўйинига таъсир қилмайди. "Барселона" узоқ йиллардан бери ўзининг футбол мактабига ишонган. Деярли ҳамма футболчилари ўзидан чиққан. Масалан, Мадриднинг "Реал"ини олсак, барча футболчиларини катта пулга бошқа давлатлар, бошқа жамоалардан олишади. "Барселона"нинг йўли эса, бошқа. Улар фақат тарбиялаб, ўзлари ўстириб, кейин ўзларида ўйнатишади. Тўғри, энди, барибир, четдан битта-иккита ўйинчи олиши керак. Аммо бу билан "Барселона" йўқ бўлди, дейиш керак эмас", - дейди Биродар ака.

Аён бўлишича, 18 ёшдан кичик бўлган чет эллик футболчиларни сотиб олгани учун, ФИФА Испания наҳангини жазолашга қарор қилган.

ФИФАнинг билдиришича, бу каби хатти-ҳаракатлари билан "Барселона" ўзлари томонидан белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларни бузган.

Худди шу қилмиши учун каталан жамоаси 450.000 Швейцария франки ёки 305.000 фунт стерлинг миқдорида жаримага ҳам тортилган.

ФИФА биргина Барсанинг ўзи билан чекланмай, Испания Футбол Уюшмасини ҳам жазолашга қарор қилган.

"Барселона" эса, бу йилги футбол мавсуми якунида янги дарвозабон сотиб олишни ҳам режалаётганди.

Чунки узоқ йиллик дарвозабони Виктор Вальдес охирлаб бораётган шартномасини янгиламоқчи эмас ва Барсани тарк этмоқчи.

Шу йил бошида эса, испаниялик масъулларнинг ўзлари ҳам бразилиялик юлдуз футболчи Неймарни харид қилиш жараёнида кўзда тутилган солиқни тўламаганликда айлаб чиқишганди.

Юз берган машмаша ортидан, каталан жамоаси ўз ихтиёри билан 11 миллион фунт стерлинг миқдорида солиқ тўлаган эса-да, масъуллар клубга қарши жиноий иш очишгача боришганди.

Ушбу воқеа билан алоқадорликда Барса президенти Сандро Розель ҳам истеъфо берганди.

Аммо 22 марта Испания чемпиони бўлмиш клуб раҳбарияти ҳалиям бирор бир қинғир иш қилмаганликларини урғулаб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ