'Реал' - 'Бавария', 'Атлетико' - 'Челси', кимга қийин бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ҳа, жума 11 апрел куни ташланган қуръа натижаларига мувофиқ, дунёнинг бу тўрт олд жамоаси Оврўпо Чемпионлар лигасининг ярим финалида худди шу тартибда бир-бирларига майдонга тушишади.

Финал босқичига чиқиш учун дастлабки учрашув 22/23 апрел, якуний икки рақибни аниқлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга жавоб беллашувлари эса, 29/30 апрел кунлари бўлиб ўтади.

Тўққиз карра Оврўпо Чемпионлари чемпиони "Реал"(Мадрид) амалдаги кубок соҳиби Олмониянинг "Бавария" жамоасига юз тутса, Оврўпо Кубоги соҳиби Лондоннинг "Челси" клуби чорак финалда кимсан наҳанг "Барселона"ни пастга қулатган "Атлетико"(Мадрид) билан тўқнаш келади.

Шундай экан, ярим финал беллашувларида қитъанинг шунча олд жамоаларидан "омон қолган" бу тўрттовландан қай бирига қийин бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Швейцарияда бўлиб ўтган расмий қуръа ташлаш маросими ортиданоқ худди шу савол билан Ўзбекистондан таниқли мураббий Вадим Абрамовга мурожаат қилди:

Вадим Абрамов: Агар, жума кунги қуръа ташлаш маросимигача қилган гап-сўзларига қаралса, "Реал"(Мадрид) "Бавария"нинг ўзи ярим финалда кўришни истаган рақиб. Менимча, "Боруссия" билан ўйинидан келиб чиқиб, Мюнхен жамоаси ўзини "Реал"дан кучлироқ, деб билади. Шунинг учун ҳам, "Реал" билан тушишни хоҳлаган, назаримда. Менимча ҳам, бу икковлон бир-бирига муносиб рақиб. Агар кейинги жуфтликка келсак, назаримда, "Челси" Мадриднинг "Атлетико"си учун қулай рақиб. Тўғри, олдиндан ҳеч нарсани айтиб бўлмайди. Ҳамма нарсани вақт кўрсатади. Лекин, шунда ҳам, менимча, финалга "Бавария" ва "Атлетико" чиқса керак.

Би-би-си: Агар, бундан бор-йўғи икки йил бурун Оврўпо Чемпионлари чемпиони бўлгани назарда тутилса, "Челси" ҳам унча-мунчага бўш келмайдиган жамоа. Мадриднинг "Реал"и эса, тўққиз карра ушбу кубок соҳиби. Нега, сизнингча, бу икковлон эмас, финалга "Бавария" ва "Атлетико" чиқиши мумкин?

Вадим Абрамов: Бунга жамоаларнинг ўзимиз шу пайтгача гувоҳи бўлган ўйинлари далолат қилади. Чунки "Бавария" жорий пайтда ҳақиқатан ҳам чемпионларга хос ўйин кўрсатишга ҳаракат қилаяпти. Худди шунинг учун ҳам, "Реал"га қарши ўйинда биз уларни яққол фаворит дейишимиз мумкин. Агар, "Атлетико"га келсак, бу жамоа ҳам ҳозир ўзининг нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб турибди. Демоқчиманки, клуб бекорга Ла Лигада пешқадамлик қилаётгани йўқ. Менимча, "Атлетико" ярим финалдаги бўлажак рақибларига қараганда кучли. Биргина чорак финалда "Пари Сен-Жермен"ни ютганига қараб, "Челси"га кучли, деб баҳо бериб бўлмайди. Ҳатто, Бош мураббийи Жозе Моуриньонинг ўзи ҳам чемпионликка тайёр эмасликларини айтиб ўтирибди. Захира ўриндиғида ҳам футболчилари ундай тизилиб туришгани йўқ. Менимча, чорак финалда уларга омад кулиб боқди. Агар, француз жамоаси кучлироқ ўйнаганида, жавоб ўйинида бу каби муаммога тўқнаш келмасди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Испаниянинг наҳанг "Барселона"си 2007 йилдан буён илк бор бу йил Оврўпо Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқа олмади

Би-би-си: Вадим ака, сиз кимсан наҳанг "Барселона"нинг бу гал чорак финалдан пастга қулашини қандай баҳолайсиз? Жамоа 2007 йилдан буён бу каби мағлубият аламини татимаганди. Сизнингча, уларга нима панд берди?

Вадим Абрамов: Агар, бунинг сабабини изоҳлайдиган бўлсак, менимча, иккита бир-бирига ўхшамайдиган жамоа бир-бирларига қарши тўп суришди. Назаримда, бу ўйинда истак-хоҳиш ҳам каттагина роль ўйнади. Демоқчиманки, "Атлетико" "Барса"га қараганда кучлироқ истак-хоҳиш намойиш этди. Эришган шунча ютуқлари ортидан, "Барселона"да ғалабага бўлган иштиёқ у қадар бўлмадими...Хуллас калом, бу ўйинда ҳаммасини қатъият ҳал қилди ва Мадрид жамоаси шуниси билан ютиб кетди, назаримда.

Би-би-си: Вадим ака, агар сир бўлмаса, шахсан ўзингиз бу йил Оврўпо чемпионлари чемпионлиги учун беллашаётган қай бир жамоага ишқибозлик қилдингиз?

Вадим Абрамов: Мен аслида "Барселона"нинг ишқибозиман. Агар, қолган тўрт жамоага келадиган бўлсак, уларнинг орасидан Олмониянинг "Бавария" клубига мухлислик қиламан. Чунки Бош мураббийси Хосеп Гвардиола жамоаси ўйинининг сифати билан ҳозир "Бавария"нинг ҳаммадан кучли эканини кўрсатиб қўйди.

Би-би-си: Демак, сизнингча, бу йилги мавсумда ҳам "Бавария" Оврўпо Чемпионлари чемпиони бўлади?

Вадим Абрамов: Финал фақат битта ўйиндан иборат бўлади. Шу боис ҳам, агар, якуний босқичга "Бавария" ва "Атлетико" чиқадиган бўлишса, олдиндан бир нарса дейиш қийин. Чунки битта ўйин, барибир, битталигини қилади. Ҳатто, қизил иблисларга қарши ўйин ҳам шуни кўрсатдики, агар, сиз "Бавария" дарвозасини дастлабки дақиқалардаёқ забт этмасангиз, учрашувнинг қандай якун топишини башорат қилиш қийин бўлади. Шунинг учун ҳам, бу - футбол. Ҳеч нарсани олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Менимча, "Бавария" ва "Атлетико" финалга чиқишади. Финал эса, барибир, финал: Кучли ўйин намойиш этган ва омади кулиб боққан жамоагина ғолиб чиқади.

Би-би-си: Эслатиб ўтамиз, бу йилги Оврўпо Чемпионлари чемпионини аниқлаб берувчи финал учрашуви 24 май куни Лиссабонда бўлиб ўтади. Жума 11 апрел кунининг ўзида ташланган бошқа бир қуръа натижасига мувофиқ эса, бу йилги Оврўпо Лигаси ярим финал беллашувларида Италиянинг "Ювентус" жамоаси "Бенфика", "Севилья" эса, "Валенсия"га қарши тўп суришади.

Бу мавзуда батафсилроқ