'Бунёдкор' еттинчи бор Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финалида

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бу каби қитъа миқёсидаги янги рекордини гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний тур учрашувида қайд этди.

Жамоа ҳал қилувчи ўйинда Қатарнинг "Ал-Жайш" жамоасини сафарда 1:2 ҳисобида мағлуб этди ва бу каби тарихий имкониятни қўлга киритди.

Бу йил "Бунёдкор" тушган "В" гуруҳидан нимчорак финалига иккинчи йўлланма учун кураш охиригача давом этди.

Доҳада кечган чоршанба кунги жавоб учрашувига қадар "Бунёдкор" ўз гуруҳида Эроннинг "Фулад" ва Қатарнинг "Ал-Жайш" жамоаларидан кейин 3-ўринни эгаллаб турганди.

Жамоа бу йилги Осиё чемпионлар лигаси учрашувларини анчайин ишончсиз бошлаган ва гуруҳ босқич саралаш беллашувларида иккита дуранг, иккита мағлубият ҳамда битта ғалаба қайд этганди.

Аммо айнан "Ал-Жайш" устидан эришган иродали ғалабасигина "Бунёдкор"га бу йил ҳам Осиё Чемпионлари чемпионлиги учун курашини давом эттиришга имкон берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Устига устак, эслатиш жоиз, "Бунёдкор" бу йилги Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона жамоа бўлади.

Қаршининг "Насаф" ва Тошкентнинг "Локомотив" клублари эса, аллақачон турнирнинг плей-офф босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлишган.

Қалдирғочлар ўтган йил ҳам қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичидан чиқишган, аммо нимчорак финалида ўз курашларини тўхтатишганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон чемпиони ўзининг қисқа тарихида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалигача кўтарилган.

Ташкил этилгандан буён эса, жамоа ўз олдига Осиё Чемпионлари чемпиони бўлиш вазифасини қўйиб келади.

Бу каби мақсадига эришиш учун ўз вақтида катта пуллар эвазига бразилиялик номдор мураббий Сколари ва юлдуз футболчи Ривальдоларни ҳам келтиришга муваффақ бўлган.

Бироқ "Бунёдкор" бўладими, "Пахтакор", "Насаф" ёки "Локомотив", бирор бир Ўзбекистон жамоасига шу пайтгача Осиё Чемпионлари чемпиони бўлиш насиб этмаган.

Image caption "Бунёдкор" матбуот котиби Аброр Имомхўжаев

"Бунёдкор" матбуот котиби Аброр Имомхўжаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, жамоанинг Қатардаги иродали ғалабаси ва бу йил ҳам турнирнинг нимчорак финалига чиқиши Тошкентда катта қувонч билан қарши олинган.

"Жудаям катта байрам. Барча вилоятлардан табрик телеграммалари, интернет сайтларида муносабатлар билдирилаяпти. Сабаби - бу йилдан Осиё Футбол Конфедерацияси янгича йўналиш берди. Яъни, Ўзбекистондан нечта жамоа қатнашиши айнан Осиё Чемпионлар лигасида йиғилган баллар ҳисобига бўлади. Олдин бунақа эмасди, бошқача тизим бўйича ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам, "Пахтакор", "Локомотив", "Насаф", Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш имкониятига эга бўлган барча жамоаларнинг мухлислари, биринчи навбатда, "Бунёдкор"га ишқибозлик қилишди. Ва шу жиҳатдан ҳам ғалаба барчага татиди, деб айтиш мумкин", - дейди суҳбатдошимиз.

У кишининг айтишича, "Бунёдкор" сўнгги ютуғи билан қитъани кучсизланиб қолган таркиб билан ҳам катта натижаларга эришиш мумкинлигига тан олдирган.

"Бунёдкор" яна рекордни ҳам янгилади. Ҳали Осиёда бирор бир жамоа етти йил давомида кетма-кет гуруҳдан чиқиш вазифасини уддаламаганди. Буни ягона "Бунёдкор" уддалади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Яъни "Бунёдкор"нинг ҳозирги тўплаётган очколари нафақат Ўзбекистон, балки Осиё миқёсида ҳам қадрланиб бораяпти", - дейди жамоа матбуот котиби Аброр Имомхўжаев.

Шундай қилиб, 23 апрел куни ўз поёнига етган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари ортидан, "Аш-Шабаб", "Ал-Жазира", "Фулад", "Бунёдкор", "Ал-Айн", "Ал-Иттиҳод", "Ал-Ҳилол", "Ас-Садд", "Поҳанг Стилерз", "Керезо Осака", "Сеул", "Санфречче Хиросима", "Гуанчжоу Эвегранде", Жеонбук Хюндай Моторс", "Вестерн Сидней Уондерерс" ва "Кавасаки Фронтейл" бу йилги Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финалига чиққан жамоалар бўлишди.

Хитойнинг "Гуанчжоу Эвегранде" клуби эса, амалдаги Осиё Чемпионлари чемпиони саналади.

"Бунёдкор" клуби матбуот котиби Аброр Имомхўжаев билан суҳбатимизни тўлиқ тинглаш учун плейерни ўйнанг.

Бу мавзуда батафсилроқ