Миржалол Қосимов: 'Реал' қандай ўйнашни кўрсатиб қўйди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳам "Реал"(Мадрид) ва ҳам "Атлетико"(Мадрид) бу йилги Оврўпо Чемпионлар лигасининг финалига ҳақли равишда чиқишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жавоб ярим финал учрашувлари 29/30 апрел кунлари бўлиб ўтган ва кеча чоршанба куни якуний икки финалчи аниқланганди.

Ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, "Реал"(Мадрид) амалдаги Оврўпо Чемпионлари чемпиони Мюнхеннинг "Бавария", "Атлетико"(Мадрид) эса, амалдаги Оврўпо Лигаси Кубоги соҳиби Лондоннинг "Челси" жамоасини мағлуб этганди.

Якуний ярим финал учрашувларига қадар эса, кўпчилик "Бавария" ва "Атлетико" клубларининг ғалабасини башорат қилишганди.

Миржалол Қосимовнинг Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида айтишича, ғолиб ҳар икки жамоа ҳам рақибларига қандай ўйнашни кўрсатиб қўйишган.

"Реал" жамоаси "Бавария"га қанақа ўйнашни кўрсатиб қўйди: Вақтида ҳимояланиш ва албатта, қарши ҳужумда тезкорлик кўрсатиб, рақибни оғир аҳволга тушириш..."Атлетико" ҳам менга жудаям ёқди, "Челси"га қарши ўйинда жудаям интизомли ўйин кўрсатди", - дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, бу йилги Оврўпо Чемпионлар лигасининг ярим финал беллашувларида Ўзбекистондаги аксарият футбол аҳли асосан "Реал"(Мадрид) ва "Бавария"(Мюнхен)га ишқибозлик қилишган.

"Шахсан ўзи ҳар доимгидек чиройли футболга ишқибозлик қилгани"ни айтаркан, ўзбекистонлик Бош мураббий "Реал"нинг кўрсатган ўйини ўзига жудаям ёққанини ҳам яширмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ҳар икки ярим финал учрашувида ҳам "Реал"нинг ўйини, майдондаги ҳаракати менга жуда ёқди: Жамоанинг кайфияти жудаям жанговар эди. Меҳмонда ўйнашига қарамасдан, худди ўз уйида ўйнагандек, 90 дақиқа босимини сусайтирмади. Ҳатто, ҳисоб 2:0 бўлгандан кейин ҳам, бемалол ўйнашмади. Шундаям охиригача курашишди. Жамоанинг шу каби жанговар кайфияти менга жудаям ёқди", - дейди Миржалол Қосимов.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, "Реал"(Мадрид) Оврўпо Чемпионлар чемпионлигини сўнгги бор 2001/2002 йилги футбол мавсумида қўлга киритган бўлса, финалдаги юртдош рақиби "Атлетико" бундай шарафга қарийб ярим аср бурун эришган.

Икки испан ва Мадрид жамоалари орасидаги финал беллашуви эса, 24 май куни Лиссабонда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг энг сўнггида айтишича, финал учрашуви ҳақиқий дерби бўлади.

"Финалда бир давлатнинг иккита жамоаси учрашаяпти. Ҳаттоки, миллий чемпионатида ҳам бу икки жамоанинг ўзаро учрашувлари дербига хос ўйин бўлади. Ҳар бир жамоанинг, албатта, ўзига яраша мотивацияси бор. Шунинг учун ҳам ҳар иккита жамоа ҳам жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Менимча, жудаям мухлисларбоп ўйин бўлади. Кимга омад кулиб боқса, қай бир жамоа яратилган вазиятдан унумли фойдаланадиган бўлса, ўйлайманки, ўша ғолиб бўлади", - дейди суҳбатдошимиз энг сўнггида.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ