Месси дунёдаги энг кўп маошли футболчига айланмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, Лионель Мессининг бу шартига у тўп сурувчи Испаниянинг наҳанг “Барса”си ҳам рози.

Жорий пайтда йилига 15.6 миллион фунт стерлинглик маоши билан Англиянинг қизил иблислари ҳужумчиси Уэйн Руней дунёдаги энг йирик маошли футболчи бўлиб турибди.

“Реал” Мадрид юлдузи, амалдаги “Жаҳоннинг энг зўр футболчиси” ва Мессининг "ашаддий" рақиби Криштиану Рональду эса, йилига 14.25 миллион фунт стерлингга тенг миқдорда маош олади.

Шундай экан, амалдаги Испания чемпиони шу кунларда тўрт карра “Жаҳоннинг энг зўр футболчиси” билан янги шартнома имзоламоқчи.

Лионель Мессининг “Барса” билан ўтган йил феврал ойида имзолаган сўнгги шартномаси 2018 йилга бўлган муддатни кўзда тутарди.

Испан жамоасининг 26 ёшли футбол юлдузи билан янги шартномаси тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Лионель Месси “Барселона” ўзининг ютуқларида қаттиқ орқа қилган футболчилардан бири бўлади.

У жорий мавсумда 43 бор майдонга тушган бўлса, 41 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилган.

Хабарларга кўра, минг наҳанг бўлмайдими, “Барса” Мессининг шартига осонлик билан кўнмаган: Музокаралар анча узоққа чўзилган.

Агар, Испания матбуоти қилаётган даъволарга ишонилса, аргентиналик номдор футболчи жамоада 2019 йилгача қолади ва йилига 20 миллион евро маош олади.

Кейин кўрсатган ўйинига қараб бонуслардан ҳам баҳраманд бўлади.

Икки томон учун ҳам манфаатли

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

“Барса” Бош мураббийи Херардо Мартинога кўра, “Бу ҳар икки томонни ҳам хотиржам қилади: Месси ўзини арзитилган ҳис қилса, клуб жаҳондаги энг зўр футбочилардан бирини асраб қолади”.

Асосан “Барселона” футбол мактабининг маҳсули бўлган Месси испан наҳангги сафида илк бор 2004 йилнинг октябр ойида майдонга тушган бўлса, шу пайтгача ўтказган 405 учрашувида 342 та тўп киритган.

Ўтган 10 йил ичида эса, “Барса”нинг олти бор Испания чемпиони, уч бор Оврўпо Чемпионлари чемпиони, икки бор Испания Кубоги, жаъми 21 бор йирик турнирларда ғолибликни қўлга киритишида хизмати беқиёс бўлган.

Мессининг янги шартномасига оид хабар жамоанинг яна бир бор Испания чемпиони бўлиши эҳтимоли арафасида ўртага чиқмоқда.

“Барселона” бу йилги мавсумнинг шу шанба куни бўлиб ўтажак якуний ва ҳал қилувчи учрашувида турнир жадвали пешқадами “Атлетико” Мадридни ўз майдонида қабул қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ