Луи ван Гал “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи этиб тайинланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Луи ван Гал дунёнинг энг номдор мураббийларидан саналади

"Манчестер Юнайтед" футбол жамоаси расмий веб сайти хабарига кўра, ҳолландиялик Луи ван Гал жамоа бош мураббийи этиб тайинланган.

62-ёшли Луи ван Гал билан уч йиллик шартнома имзоланган.

"Манчестер Юнайтед" собиқ мураббийи Дэвид Мойес апрел ойида ишдан бўшатилганди.

Алекс Фергюсоннинг ўрнига бош мураббийликка тайинланган Дэвид Мойес жамоани бор-йўғи 10 ой бошқарди.

Ҳозирда Нидерландия терма жамоаси раҳбари бўлган Луи ван Гал ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида Испаниянинг "Барселона", Олмониянинг "Бавария" ва Ҳолландиянинг "Аякс" футбол жамоаларига раҳбарлик қилган.

Ван Гал етакчилигида "Аякс" УЕФА кубоги ва суперкубоги, Қитъалараро кубок, уч карра Нидерландия суперкубоги ва УЕФА Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритган.

Унинг "Манчестер Юнайтед" жамоаси билан шартномаси келгуси ой Бразилияда бўлиб ўтажак Жаҳон Кубогидан сўнг кучга кириши айтилмоқда.

Мойес ишдан бўшатилгач жамоага вақтинчалик бош тренерлик қилган Райан Гиггс Ван Гал ёрдамчиси этиб тайинланган.

Дунёнинг энг йирик футбол жамоаларидан бири ҳисобланган "Манчестер Юнайтед" бу йил Англия Премьер Лигасида еттинчи ўринни эгаллади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ