Бразилия 2014: Очилиш маросими Женнифер Лопессиз ўтади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу ҳақда ФИФА – Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг ўзи расман эълон қилди.

Халқаро ташкилотга кўра, америкалик машҳур қўшиқчи ва актриса жаҳон чемпионатининг расмий очилиш маросимида қатнашмаслигини айтган.

Женнифер Лопес таниқли рэппер Pitbull ва мезбон бразилиялик машҳур хонанда Клаудия Лейтте билан бирга биринчиликнинг расмий – “We Are One”(Ole Ola) қўшиғини ижро этиши кутилганди.

Сўнгги янгилик футбол бўйича бу йилги жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолган бир манзарада ўртага чиқмоқда.

Биринчилик 12 июн куни Бразилияда старт олади ва бир ой давом этади.

ФИФА мулозимларига кўра, Женнифер Лопес ўз қарори сабабини тўлиқ изоҳлаб ўтирмаган ва фақат бунинг “ижодий муаммолар” билан боғлиқ эканини айтиш билан чекланган, холос.

Аммо, бунга қарамасдан, Pitbull ва Лейтте албатта очилиш маросимида иштирок этишмоқчи ва Olodum ноғорачилар гуруҳининг ҳамоҳанглигида бутун стадионни тўлдириб, “Биз биттамиз” ашуласини айтиб беришмоқчи.

Сан-Паулуда бўлиб ўтажак 25 дақиқалик очилиш маросимида акробатлар, трамполинчи, шарқона кураш усталари ва чўп оёқчилар дохил 600 нафар санъаткорнинг ўз маҳоратларини намойиш этишлари кутилмоқда.

Сўнгги йилларда ўзининг “On The Floor” ва “Jenny From The Block” қўшиқлари билан янада тилга тушган Женнифер Лопес бор-йўғи ўтган ҳафта жаҳон чемпионати очилиш маросимида ашула куйлашдек бахтдан бошлари кўкка етганини айтганди.

“Бу – башарий бирдамлик, кураш ва спортнинг қойилмақом тантанаси”, - дея ўз қувончларини изҳор этганди америкалик таниқли хонанда.

Аммо Женнифер Лопеснинг кутилмаган қарори яқин ижодий ҳамкори Pitbullни қаттиқ хафа қилмаган кўринади.

Машҳур рэппер бу ҳақдаги фикрларини, ҳатто, ФИФАнинг ўзига ҳам билдириб улгурган.

Бунга Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясининг расмий баёноти ҳам бир далил.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Баёнотда Pitbullнинг, “We Are One” қўшиғини, айниқса, Бразилиядек гўзал бир мамлакатда дунё ўнгида ижро этиш жуда қувончли ҳодиса бўлса керак”, - деган сўзларидан иқтибос келтирилади.

“Бундан ташқари, ижромиз бутун жаҳонга мусиқанинг тили башарий эканини ҳам намойиш этади”.

Бу биринчи бор эмас

Женнифер Лопес шу йил январ ойида ҳам ФИФА мулозимлари, Pitbull ва Лейтте иштирокида жаҳон чемпионати расмий қўшиғига оид тадбирни ўтказиб юборганди.

Мезбон Бразилия ва Хорватия ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк учрашувига уланиб кетувчи Сан-Паулудаги очилиш маросимини эса, “Corinthians Arena” стадионида 60.000 дан зиёд кишининг томоша қилиши кутилмоқда.

Ўша куни телевизор экранлари қаршисидаги томошабинларнинг сони бутун дунё бўйлаб бир миллиардга етиши тахмин этилаётир.

Женнифер Лопеснинг очилиш маросимида иштирок этмаслик қарорига оид сўнгги янгилик жаҳон чемпионатига сарфланган катта миқдордаги маблағдан норози айрим бразилияликларнинг янги норозилик намойишлари ва иш ташлашлари манзарасида ҳам кузатилмоқда.

Ўтган йили ҳам худди шу сабаблар туфайли Бразилияни ўз домига тортган оммавий намойишлар жаҳон чемпионати учун мўлжалланган янги стадионлар ва бошқа иншоотлар қурилишини ортга суриб юборганди.

Агар, “Пью” тадқиқот маркази ўтказган янги сўров натижаларига таянилса, ҳалиям 60 фоиздан ортиқ бразилиялик сарф-харажатлари давлат бюджети ҳисобидан бўлгани боис, мамлакатларининг жаҳон чемпионатидек нуфузли беллашувга мезбонлик қилаётганидан хафа.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ