Бразилия 2014: Хорватия Юичи Нишимуранинг ҳакамлигидан ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kevin C Cox Getty Images

Жаҳон чемпионатининг япониялик ҳакам бошқарган ва мезбон Бразилиянинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган илк учрашуви мағлуб Хорватия матбуотида ўта норози муносабатга сабаб бўлган.

Илк ўйин кеча пайшанба куни очилиш маросимига мезбонлик қилган Сан-Паулу шаҳрида бўлиб ўтган ва хорватларнинг 1:3 ҳисобидаги аламли мағлубиятлари билан якун топганди.

Агар, Хорватия матбуотидаги ғазабнок чиқишларни бир жумлада жамланса, Юичи Нишимура Бразилия миллий терма жамоасини йўқ ердан 11 метрлик жарима тўпи билан сийлаган.

Хорватиядаги энг обрўли газеталар бугун бош саҳифаларини “Адолатсизлик”, “Уят” ва “Ҳакам “Ўт юраклар”ни юзсизларча синдирди”, деган сарлавҳалар билан бошлашган.

Аксарият нашрлар эса, учрашув ортидан Хорватия миллий терма жамоаси Бош мураббийи Нико Ковачнинг HRT давлат телевизион каналига берган суҳбатида айтган сўзларини ҳам беэътибор қолдиришмаган.

“Агар, 11 метрлик жарима тўпи шундай бўладиган бўлса, ортиқ футбол ўйнашимизнинг ҳожати йўқ”, - дея қисқа қилиб хулоса қилган хорватлар Бош мураббийи.

Бу – 42 ёшли Юичи Нишимуранинг кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилиши бўлса-да, илк бор биринчиликнинг очилиш учрашувини бошқариши эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

1:1 дуранг ҳисоби қайд этилиб турган 71-дақиқада 2012 йилги “Осиёнинг энг зўр ҳаками” томонидан хорватлар дарвозасига белгиланган 11 метрлик жарима тўпи ўйиннинг йўналишида туб бурилиш ясаганди.

Хорватия матбуотининг нигоҳида ҳимоячилари Деян Ловрен ва бразилиялик ҳужумчи Фред тўқнашувида пенальтига лойиқ бирор бир хатолик бўлмаган.

Деян Ловреннинг ўйиндан кейин айтишича, "Бразилияни зиддиятли пенальти билан сийлаган бу каби ҳакам жаҳон чемпионатида иштирок этмаслиги керак".

Нуфузли “Jutarnji List” кундалик нашрининг ёзишича эса, “Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида ҳакам томонидан йўл қўйилган кечириб бўлмас хато хорватларнинг юракларини тиғ билан тилиб ташлаган”.

“Sportske Novosti” газетаси эса, 11 метрлик жарима тўпини қойилмақом қилиб амалга ошириб, жамоасининг умидларини тирилтирган Неймарни ҳам олқишлашни унутмаган. Аммо бу нашр ҳам ҳакам Нишимурани аяб ўтирмаган.

“Неймар ва япониялик ҳакам Нишимура Хорватияни катта орзусидан бебаҳра этишди. Хорватия ўйинни қойилмақом бир йўсинда бошлаган ва Марселонинг автоголи билан стадионни сукутга ҳам чўктирганди. Аммо ҳакамнинг ёрдами билан Бразилия уйқудан уйғониб, ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ғолиб мезбон миллий терма жамоа Бош мураббийи Луиз Фелипе Сколари эса, пенальтини белгилашда ҳакам ҳақ, деган ишончда.

“Қандай қилиб буни миллионлаб одам кўрмай қолган бўлиши мумкин?”. “Аммо ҳакам кўрди ва 11 метрлик жарима тўпи белгилади. Бундай қарорни эса, фақат ҳакам беради”, - деб айтган “канарейкалар” устози.

“Биз ҳам худди шундай фикрдамиз. Ўйиннинг худди шу жойини ўзим 10 марта кўрдим. Мен пенальти ҳақли, деган фикрдаман”.

Энг сўнггида хорват нашрларининг бирдек эътироф этишларича, аламли мағлубиятга қарамай, маҳаллий футбол ишқибозларини миллий терма жамоани 1998 йилги ютуғини такрорлашга ундовчи омиллар ҳам оз эмас.

Жамоа ўша йили жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиққан ва биринчиликнинг бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Бош мураббийси Нико Ковачнинг “Sportske Novosti” газетасига берган суҳбатида айтишича, “жамоа Бразилияга қарши илк учрашувида, барибир, салмоқли ўйин кўрсатиб, рақибларига ўзлари билан ҳисоблашишлари лозимлигини кўрсатиб қўйган”.

Хорватия кейинги босқичга чиқиш учун “А” гуруҳида яна Камерун ва Мексикага қарши тўп суради.

Гуруҳнинг Камерун ва Мексика ўртасидаги иккинчи учрашуви бугун жума куни Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ