Амалдаги жаҳон чемпиони Испания пастга қулади, буёғи қандоқ бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бунга Бразилияда ҳам жаҳон чемпионлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилган жамоанинг гуруҳ босқич саралаш беллашувларида кетма-кет мағлубиятга учраши сабаб бўлди.

Испания шундоқ ҳам илк учрашувини ашаддий рақиби Голландияга йирик ҳисобда бой бериб, бу йилги биринчиликнинг катта шов-шувига сабаб бўлганди.

Жамоанинг навбатдаги учрашувида Чилидан енгилиб, жаҳон чемпионатидаги иштирокига бунчалик эрта якун ясаши эса, энди бундан-да ортиқроқ акс-садоларга сабаб бўлмоқда.

Испания миллий терма жамоаси кеча чоршанба куни гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашувида чилилик рақибларига қарши майдонга тушган ва уларга 0:2 ҳисобида ютқизганди.

Жаҳон чемпионати тарихида эса, бу каби кутилмаган ҳодисалар ҳар доим ҳам учрайвермайди.

Тўғри, Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида Италия худди шу куйга тушган.

2002 йилда Франция ҳам гуруҳ босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлган.

Аммо бундан олдинги ҳодисалар фақат 1966 ва 1950 йилларгагина тўғри келади, холос.

Устига устак, Испания кетма-кет Оврўпо(2008), Жаҳон(2010) ва яна қайта қитъа(2012) чемпионлигини қўлга киритган ягона миллий терма жамоа бўлади.

Шундай экан, сафларида дунёнинг энг олд футболчилари тўп сурувчи номдор Испания миллий терма жамоасига бу йил нима бўлди?

Биз худди шундай савол билан Тошкентдан таниқли мураббий Вадим Абрамовга мурожаат қилдик:

Вадим Абрамов: Менимча, бунга энг аввало Испаниянинг дастлабки учрашувида Голландиядан мағлубиятга учраши сабаб бўлди. Айниқса, ўйиннинг 2-бўлимидаги ютқизиқлари Чилига қарши навбатдаги учрашувларида ўз сўзини айтмай қолмади. Бундан ташқари, Испания миллий терма жамоасининг асосини ташкил этувчи футболчилар мамлакат миллий чемпионатида ҳам чарчашган. Оғир ўйинларни ўтказишганди. "Атлетико" Мадрид, "Реал" Мадрид ва "Барселона" Испания миллий чемпионатининг сўнгги тур учрашувларида чемпионлик учун кураш олиб боришди. Бунинг ортидан эса, "Атлетико" Мадрид ва "Реал" Мадрид Оврўпо Чемпионлар лигасининг финалида бир-бирларига қарши майдонга тушишди. Менимча, шунча ўйин, ҳис-ҳаяжон ортидан, жаҳон чемпионатига келиб, шаштлари у қадар бўлмади, назаримда.

Би-би-си: Жаҳон чемпионатида амалдаги чемпион бўлган миллий терма жамоанинг гуруҳ босқичиданоқ пастга қулаши футбол тарихида камдан-кам учрайди. Устига устак, сўз Испания каби дунё футболининг энг олд жамоаси ҳақида кетмоқда. Шундай экан, уларнинг бу қадар эрта жаҳон чемпионатида ўз иштирокларига якун ясашлари сиз учун қанчалик кутилмаган бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Вадим Абрамов: Албатта, кутилмаган бўлди. Чунки улар бу гал, ҳатто, гуруҳдан кейинги босқичга чиқишолмади. Лекин бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор, албатта. Бунинг учун сўнгги жаҳон чемпионатларини таҳлил қилиб кўришнинг ўзи кифоя. Айни ўринда барча мутахассисларнинг бирдек эътироф этишларича, Рональду, Месси каби дунё футболи юлдузлари жаҳон чемпионатларида ўз клубларида намойиш этган қадар яхши ўйин кўрсата олишмайди. Чунки Оврўпо футболи тақвими жуда тирбанд бўлади. Айниқса, Оврўпо Чемпионлар лигаси каби турнир ортидан, яна жаҳон чемпионатига диққат қаратиш осон иш эмас. Чунки бу каби мусобақалар бор куч-қувватингизни сўриб олади. Испания миллий терма жамоасидаги аксарият футболчилар эса, айнан шу каби халқаро турнирларда кўп вақт сарфлашган.

Би-би-си: Мана, бу йилги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини намоён этаётган Эрон, Жанубия Корея, Австралия ва Япония дастлабки гуруҳ босқич саралаш учрашувларини ўтказишди. Эрон ва Жанубий Корея дуранг ўйнашди. Япония ютқазди. Ҳатто, қитъанинг энг кучли жамоаларидан бир бўлган Австралия кетма-кет икки учрашувида мағлубиятга учраб, жаҳон чемпионатидаги иштирокига аллақачон якун ясади ҳам. Илк беллашувлари ортидан, қай бир Осиё қитъаси вакилининг ўйини сизга кўпроқ ёқди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Вадим Абрамов: Тўрт Осиё миллий терма жамоаси орасидан, ҳозирча, менга кўпроқ Япониянинг ўйини ёқди. Биринчи ўйинда, албатта, ҳис-ҳаяжон бўлади. Аммо, ўйлайманки, бу жамоа ҳали ўзининг нимага қодирлигини кўрсатади. Менимча, гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашуви ҳаммасини ўрни-ўрнига қўяди ҳали.

Би-би-си: Вадим ака, ўз ўрнида, илк учрашувда қайд этган натижалари ва гуруҳдаги рақиблари назарда тутилса, қолган уч Осиё миллий терма жамоасидан қай бирига кейинги босқичга чиқиш насиб этаркин?

Вадим Абрамов: Менимча, кейинги босқичга улардан ҳеч бири чиқа олмаса керак. Негадир, шундай деб ўйлаяпман.

Би-би-си: Бу йил ҳам жаҳон чемпионлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилган Испаниянинг пастга қулаши ортидан, сизнингча, энди қай бир миллий терма жамоа уларнинг ўрнига кўз тикиш қудратига эга?

Вадим Абрамов: Менимча, Аргентина ва Чили бўлса керак. Назаримда, ҳозирги кунда бу икки миллий терма жамоа жаҳон чемпионлигига яққол даъвогарлар. Менга шундай туюлаяпти. Қани, кўрайлик-чи, буёғи қандай бўларкин...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ