Вадим Абрамов: ‘Александр Шадриннинг ўлими катта йўқотиш’

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

Бош мураббийсининг эътироф этишича, 26 ёшли футболчини нафақат Ўзбекистонда, балки Жанубий Корея ва Японияда ҳали яна узоқ эслашади.

Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам тўп сурган Тошкентнинг “Локомотив” клуби ҳужумчиси 22 июн куни ошқозонида ўтказилган жарроҳлик амалиёти чоғида ҳаётдан кўз юмганди.

Александр Шадрин миллий терма жамоага бор-йўғи тўрт маротаба жалб этилганига қарамай, айнан илк бор тўрт карра Осиё чемпиони Японияни мағлуб этишга ёрдам берган ягона тўп муаллифи сифатида Ўзбекистон футболи тарихига кирган.

Унинг ушбу тўпи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу йилги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг якуний даврасига чиқишида ҳам мислсиз ўрин тутганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Нагояда бўлиб ўтган ўша учрашувга қадар, Ўзбекистон ўз тарихида ҳеч қачон Япония миллий терма жамоасини мағлуб этишга муваффақ бўлган эмас.

“Мен Александрни ҳали “Навбаҳор”да ўйнаб юрган пайтларида илғагандим. Унинг ўйинини кўриш учун атайдан Наманганга борганман. Ўша ўйинда Александр “Пахтакор” дарвозасига иккита тўп киритган ва ҳужумчилик маҳорати менда катта таассурот қолдирганди. Шундан сўнг мен Александрни миллий терма жамоага чақиришга қарор қилгандим. У эса, нафақат мен, балки-да ўзбекистонлик барча футбол ишқибозларининг ҳам умидларини оқлаганди. Менимча, ҳеч ким ўша тарихий учрашувни унутолмаса керак”, - дейди Вадим Абрамов.

“Менимча, Александр ҳеч кимнинг хотирасидан чиқмайди ва ҳали у билан узоқ йиллар ғурурланиб юришади”.

Бош мураббийсининг афсус билан эътироф этишича, уни эрта ҳаётдан олиб кетган касаллик Александрга бутун футболчилик маҳоратини намоён этишга имкон бермаган.

“Бўйи унча баланд бўлмаса-да, зуваласи пишиқ, оёқлар чаққон, рақибларини осонлик билан алдаб ўта оладиган ўзига хос футболчи эди. Майдонда фикрлаши ҳам бошқача эди. Бир сўз билан айтганда, жуда истиқболли ўйинчи эди Александр”, - дейди Вадим Абрамов.

Футболчининг ўлими юзасидан кеча душанба куни расман таъзия билдириб чиққан Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев ҳам, “Александр Шадриннинг ўлими Ўзбек футболи учун катта йўқотиш бўлгани”ни эътироф этади.

“Чунки футболчи эндигина 26 ёшга қадам қўйган эди ва унинг учун фаолиятидаги энг ёрқин дамлар, балки, Япония каби жамоалар дарвозасига уриладиган голлар ҳали олдинда эди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Александр Шадрин ўз клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўрни билан барчанинг ёдида қолади.

“Александр Шадрин ўша пайтда миллий терма жамоа сафида Японияга борганида, қатор футболчилар сариқ карточкалари туфайли ўйинда иштирок этишга имконсиз бўлишади. Ўшанда Бош мураббий бир қанча янги футболчиларга ўйнаш имкониятини берганди ва шу баҳона уларни текшириб ҳам олмоқчи бўлганди. Александр Шадрин ана шу ўйинда гол уриб, ўзини кўрсатиб, миллий терма жамоага лойиқ футболчи эканлигини намойиш этган эди”, - дейди Санжар Ризаев.

Суҳбатдошимиз Александр инсон сифатида ҳам одамларда ўзидан яхши таассурот қолдирганини айтади.

“Ўзбек тилида эркин ва тоза гапирарди. Ўзбекча ҳазил-ҳузуллари...Кўрган одам умуман уни бошқа миллат вакили демасди. Чунки ҳақиқий чапана ўзбекка ўхшаган, доим кулиб турадиган ажойиб йигит эди”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

Александр Шадрин 1988 йили Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган.

Иқтидорли ҳужумчи 7 ёшидан бошлаб футбол билан шуғулланишни бошлаган.

Аввалига Бўкадаги БЎСМ, кейин эса, “Чиғатой” футбол мактабини тамомлаган.

Ўзининг футболчилик карьераси давомида Тошкентнинг “Пахтакор”, Муборакнинг “Машъал”, Наманганнинг “Навбаҳор” клубларида тўп сурган.

Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига ўтганига бор-йўғи икки йил бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларига ҳозирги клуби Бош мураббийси Вадим Абрамов бошчилик қилган пайтда жалб этилган.

Тўрт маротабалик иштирокининг бири эса, кимсан Японияни мағлуб этишга ёрдам берган тўпи билан ёдда қолган.

Александр Шадрин кеча душанба куни тупроққа қўйилган.

Унинг ортидан турмуш ўртоғи ва бир ўғил фарзанди қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ