Футбол: Луис Суарез узоқ муддатга футболдан четлатилиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Луис Суарез халқаро футболдан четлаштирилиши мумкин

Уругвай ҳужумчиси Луис Суарез, агар Италия ҳимоячиси Жиоржо Келлинини тишлашда айбдор деб топилса, узоқ муддатга футболдан четлатилиши мумкин.

ФИФА Жаҳон Чемпионатида Италия ва Уругвай ўртасида сешанба куни кечган учрашув юзасидан текширув ишларини бошлаган.

Ўйин 1:0 ҳисобида Уругвай жамоаси ғалабаси билан якун топди ва Италия жамоаси Жаҳон Чемпионатини тарк этди.

Челлинининг даъво қилишича, ўйин пайтида Суарез уни чап елкасидан тишлаб олган, бироқ уругвайлик футбол юлдузи ҳимоячи унга "осилиб" олганини айтган.

Агар Италия миллий жамоаси ҳимоячиси даъвоси ўз тасдиғини топса, Суарез 24 матчгача ёки икки йилга халқаро футболдан четлатилиши мумкин.

Бу борада ФИФА баёнот чиқариб, Суарезга ўзини ҳимоя қилиш ва зарурий далилларни кўрсатиш учун 24 соат муҳлат берган.

"ФИФА текширув қўмитаси даъво юзасидан барча ҳужжатларни тўплай олгани йўқ. Биз нима бўлиши ҳақида ҳозирча гапира олмаймиз. Бу ФИФА текширув қўмитаси қарорига боғлиқ," - дея таъкидланади ФИФА баёнотида. - "Жазо ҳақида қарор берадиган қўмитагина жазо миқёсини белгилайди."

Уругвай-Италия учрашувига ҳакамлик қилган мексикалик Марко Родригез ўйин пайтида юз берган ҳодиса юзасидан ҳеч қандай қарор олмаган эса-да, ФИФА Суарезни жазолаш ҳуқуқига эга.

Бразилияда ўтаётган Жаҳон Чемпионатини ёритиб бораётган Би-би-си радио шарҳловчиси Ричард Конвой ҳодиса борасида шундай деди: "Агар рақиб жамоа ўйинчисига тупурган ўйинчи олти матчдан четлатилади. Агар Суарез Челлинини тишлагани исботланса, Уругвай ҳужумчиси узоқ муддатга футболдан четлатилиши аниқ".

Бу Англиянинг "Ливерпул" клубида тўп сурувчи Луис Суарезнинг амалда Жаҳон Чемпионати билан муддатидан олдин хайрлашишини англатади.

"Ливерпул" собиқ ярим ҳимоячиси Ян Молби фаразига кўра, Суарез камида Жаҳон Чемпионати сўнгига қадар футбол билан хайрлашади.

"ФИФА Суарезни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишига ишончим комил. У учун Жаҳон Чемпионати якун топгани аниқ. Бундан ташқари, менимча, ФИФА уни узоқ муддатга халқаро футболдан четлатади," - деб айтган Молби Liverpool Echo газетаси билан суҳбатда.

Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати тарихида энг оғир жазо 1994 йилда Италия ҳимоячиси Мауро Тассотига берилган.

Испания ҳужумчиси Луис Энрике бурнини тирсаги билан синдирган Мауро Тессоти 8 матчга халқаро футболдан четлатилган эди.

"D" гуруҳида Коста Рика ортидан иккинчи ўринни эгаллаган Уругвай жамоаси шанба куни "С" гуруҳида ғолиб бўлган Колумбияга қарши майдонга тушади.

"Аякслик одамхўр"

Луис Суарез дунёнинг энг ёрқин футбол юлдузларидан ҳисобланади.

Жорий йилда уругвайлик ҳужумчи "Премер Лиганинг энг яхши ўйинчиси" унвонига лойиқ деб топилганди.

Аммо 27 ёшли Суарез футбол майдонида ўзининг спортчиларга хос бўлмаган рафтори билан танилган.

Профессионал футболчи бўлганидан буён у рақиб жамоа ўйинчисини тишлаб олгани учун Суарез икки бор жазога тортилган.

"Ливерпул" ўтган йил апрелида Премер Лига ўйини пайтида "Челси" ҳимоячиси Бранислав Ивановични қўлидан тишлаб олгани учун ўн ўйинга футболдан четлатилганди.

2010 йилда Ҳолландиянинг "Аякс" жамоаси сардори бўлган Суарез "ПСВ Эйндховен" ўйинчиси Усмон Баккалнинг елкасидан тишлаб олгани учун унга еттита учрашувда ўйнаш тақиқланган.

2011 йил декабрида эса Суарез "Манчестер Юнайтед" ҳимоячиси Патрис Эврани ирқий ҳақорат қилгани учун 8 ўйинга майдондан четлаштирилган ва 40 минг фунт стерлинглик жазога тортилганди.

Урушқоқлиги учун Ҳолландияда футбол мухлислари Луис Суарезга "Аякслик одамхўр" деган лақабни қўйишган.