Луис Суарез тўрт ойга футболдан четлатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Луиз Суарез дунёнинг энг ёрқин футбол юлдузларидан ҳисобланади

ФИФА Уругвай терма жамоасининг ҳужумчиси Луис Суарезни тўрт ойга футболдан четлатган.

ФИФАнинг бундай қарорни олишига, Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионатида Суарезнинг рақиб жамоа ўйинчисини тишлаб олиши сабаб бўлган.

"D" гуруҳида Италия ва Уругвай ўртасидаги учрашув чоғида Луис Суарез Италия ҳимоячиси Жоржо Келлинини тишлаб олган, бироқ бу ҳодисага ҳакам эътибор қаратмаганди.

ФИФА мустақил қўмитаси Суарезни айбдор деб топиши ортидан, унга нисбатан жазо чорасини қўллаган.

Суарез шунингдек тўққизта халқаро учрашувда ўйнаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Бу амалда Уругвай ҳужумчисининг Жаҳон Чемпионати билан муддатидан олдин хайрлашишини англатади.

Италияни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Уругвай "D" гуруҳида иккинчи ўринни олиб, кейинги босқичга чиққан.

Уругвайликлар шанба куни "С" гуруҳи ғолиби Колумбия жамоасига қарши майдонга тушишади.