Жаҳон чемпионатида бирорта ҳам Осиё жамоаси қолмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

28 июн куни Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг нимчорак финал беллашувлари бошланади.

Аммо ягона кубок учун беллашаётган қолган 16 миллий терма жамоа орасида бу йил бирорта ҳам Осиё қитъаси вакили йўқ.

Улардан аксариятини бу йил Лотин Америкаси ва Оврўпо қитъаси вакиллари ташкил этишади.

Қитъани жаҳон чемпионатида Ўзбекистон истисно қолган энг кучли тўрт жамоаси: Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Австралия намоён этишганди.

Аммо айримларининг Аргентина ва Голландияга қарши шов-шувли ўйинлари инобатга олинмаса, улардан бирортаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларида ютуқли натижа қайд этишмади.

Бунинг ортидан, ҳар тўрт миллий терма жамоа ўз гуруҳларида энг қуйи ўринларни эгаллаган ҳолда, жаҳон чемпионатини тарк этишди.

Ўз ўрнида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, тўрт карра Осиё чемпиони Япония ва Жанубий Корея яқин тарихларида жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига бир эмас, бир неча бор чиққан жамоалар саналишади.

Жанубий Корея эса, 2002 йилда ярим финалга қадар кўтарилиб, биринчиликни тўртинчи ўрин билан якунлашга ҳам муваффақ бўлган.

Осиё миллий терма жамоалари орасидан эса, уларгача бу каби ютуққа ҳеч ким эришмаганди.

Шундай экан, бу гал Осиё қитъасининг манаман, деган вакилларига нима бўлди?

Би-би-си Ўзбек Хизмати ана шундай савол билан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бразилиядаги жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг якуний даврасига чиқишида катта ўрин тутган собиқ Бош мураббийси Вадим Абрамов билан боғланди:

Вадим Абрамов: Биз сиз билан гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 1-тур учрашувлари ортидан суҳбатлашгандик. Мен биринчи учрашувларидаёқ бу тўрттовлоннинг ўйинларини кўргандим. Ўшандаёқ уларнинг ўз гуруҳларига тушган рақибларига қаршилик кўрсатишга етарлича тайёр эмасликлари кўриниб турганди. Агар, ўша Австралия миллий терма жамоаси мисолида олсак, улар Бразилияга 2015 йилги Осиё Кубогида иштирок этажак таркиб билан боришди. Жамоа аъзолари нисбатан ёш эканликлари боис, аввалбошдан уларнинг нимчорак финалига чиқиш имкониятлари у қадар катта эмасди. Агар, Эрон ва Жанубий Кореяга келадиган бўлсак, улар футболининг бугунги даражаси бунга имкон бермасди. Мен Японияга кўпроқ умид қилгандим. Аммо уларнинг ҳам бу йилги жаҳон чемпионатига етарлича тайёр эмасликлари кўриниб қолди.

Би-би-си: Аммо жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига ҳеч қачон чиқолмаган Эрон ва бунга бир бор муваффақ бўлган Австралиядан фарқли тарзда, Япония бир неча бор чорак финалга чиқиш учун кураш олиб борган. Жанубий Корея эса, 2002 йилда жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган. Сизнингча, Осиёнинг бу икки етакчи жамоасига бу йил нима бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Вадим Абрамов: Агар, Жанубий Корея мисолида айтадиган бўлсак, голландиялик мураббийлари қўл остида жамоа катта ютуқларга эришган. Кейин эса, миллий терма жамоа ўзларининг, яъни жанубий кореялик мураббийларнинг қўлларига ўтди. Агар, адашмасам, жаҳон биринчилигига тайёргарлик кўриши жараёнида жамоа тўрт бор Бош мураббийини алмаштирди. Шу боис ҳам, ҳали биринчилик арафасидаёқ нимага қодирликлари маълум эди. Япония миллий терма жамоаси эса, ўтган йили Бразилияда бўлиб ўтган Конфедерация Кубогида ҳозиргисидан кўра анча кучли футбол намойиш этишганди. Менимча, уларга жаҳон таснифидаги футболчиларининг камлиги панд берди. Кўпроқ Хондага орқа қилишди. Аммо Хонда ундай кучли футболчи эмас. Шундай экан, Япониянинг дунёнинг етакчи миллий терма жамоаларига бас келиши осонмасди.

Би-би-си: Лекин, шунда ҳам, сизнинг назарингизда бу тўрт Осиё қитъаси вакилидан қай бирида нимчорак финал босқичига чиқиш имконияти каттароқ эди ва ана шундай имкониятдан етарлича фойдалана олмади?

Вадим Абрамов: Ягона кубок учун курашни бошлаган пайтларида уларнинг ҳар бири ана шундай имкониятга эгадек кўринганди. Аммо, аввалроқ ҳам айтиб ўтганимдек, биринчи ўйинлари ортиданоқ бу тўрттовлоннинг нимага қодир эканликлари маълум бўлди. Аммо, шунда ҳам, назаримда Япония яхшироқ имкониятга эга эди. Аммо у ҳам бундан фойдалана олмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си: Қитъанинг тўрт етакчи миллий терма жамоаси бу йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичиданоқ пастга қуларкан, буни Осиё футболи учун қанчалик катта зарба деб баҳолаш мумкин?

Вадим Абрамов: Йўқ, умуман олганда, мен буни Осиё футболи учун катта фожеа, деб баҳоламаган бўлардим. Чунки бу йилги жаҳон биринчилигида Африка қитъаси вакиллари ҳам ўзларини у қадар кўрсата олишгани йўқ. Нигерия ва Жазойирни инобатга олмаганда, бошқа ҳеч бир жамоаси нимчорак финалга чиқа олгани йўқ. Бу икки миллий терма жамоа ҳам узоққа боради, деб ўйламайман. Футбол эса ривожланиб бормоқда. Менимча, шу боис ҳам, ҳозир анчайин профессионал ёндашувни талаб қилади. Муҳаммад бин Ҳаммам конфедерация президентлиги даврида Осиё футболи ривожланиб бораётганди. Ҳозир эса, қандайдир тушунарсиз ҳолатда. Балким, жаҳон чемпионати ортидан, Осиё Футбол конфедерацияси янги ғоя, ташаббуслар, йўналишлар билан чиқар. Чунки жаҳон чемпионатида яхши ўйин кўрсатиш учун футбол қитъанинг ўзида ривожланиши керак. Бунинг учун кучли рақибларга қарши тўп суриш, қизиқарли турнирлар кўпроқ ўтказилиши керакдир, яна билмадим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си: Вадим ака, сизнингча, мавжуд ҳолат Осиё футболининг қолган қитъаларники билан таққосланганда заифроқ эканига далолат қиладими?

Вадим Абрамов: Менимча, йўқ. Агар, яхши мутахассис бошчилик қилса, исталган миллий терма жамоаси ўз қиёфасини бирданига ўзгартиради. Бу яққол кўринади. Иккинчидан, агар, Оврўпо қитъаси мисолида олсак, уларда тақвим жуда тирбанд бўлади. Кўп халқаро турнирлар ўйналади. Бошқа томондан, уларнинг молиявий аҳволи ва инфратузилмаси ҳам бошқача. Футболининг даражаси ҳам анча юқори. Якунида эса, буларнинг барчаси ўз сўзини айтмай қолмайди ва улар жаҳон чемпионатида бошқалардан кўра, кучлироқ кўринишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ