UzWebiston: 'Равшан Эрматовнинг ҳакамлиги 'паст даражада' бўлиб қолдими?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россиялик айрим шарҳловчиларнинг Эрматовнинг Бразилиядаги ҳакамлигига бераётган баҳолари шу кунларда Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган.

Агар, уларнинг мазмуни бир сўзга жамланса, "Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатидаги ҳакамлиги Россия давлат телерадиокомпанияси спорт шарҳловчиларини жиддий ташвишга солган кўринади".

Жумладан, sports.uz веб саҳифасида чоп этилган мақола эса, тўғридан-тўғри "Яқинларнинг қора ҳасади", деб номланади.

Унда "Россия-2" телеканали ходимларининг Равшан Эрматов ҳакамлик қилган Швейцария ва Эквадор ўртасидаги ўйинга берган баҳолари мисол тариқасида тилга олинади.

Эслатиб ўтиш жоиз, икковлон ўртасидаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки учрашуви ўзбекистонлик номдор ҳакамнинг Бразилиядаги жаҳон чемпионатида бошқарган биринчи ўйини эди.

Ўзини "русский узбек", дея таништирган мақола муаллифи Дмитрий Поповнинг ёзишича, бу "ўйиннинг даражаси паст, ҳакамлиги эса, ундан-да заифроқ бўлгани"ни айтиб, улар Равшан Эрматовнинг устидан ошкора кулишган".

Мақола муаллифига кўра, қилган ана шу ишлари учун "Россия-2" телеканали олиб борувчилари ва шарҳловчиларини баралла уялтиришнинг пайти аллақачон етган".

"Ҳа, жаноб россияликлар, бирор бир ҳакамингиз у ерга боролмай, "қандайдир ўзбек" ҳакамлик қилаётганидан жуда хафамисиз дейман? Яна кетма-кет иккинчи марта?!! Ўтган йилги МДҲ Кубогида эса, бир-икки ёш кичик бўла туриб, сизлар билан дуранг ўйнаган Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоасининг устидан шундай кулгандингиз. Энди Эрматовнинг ҳакамлиги "қуйи даражада" бўлиб қолдими?", - дея кетма-кет савол қўяди муаллиф.

"Сизларда ҳам шундай зўрлар борми? Нима учун Роберто Розетти бирор бир ҳакамингизнинг жаҳон чемпионатига таклиф этилмаслигига оид саволга жавоб бера олмади? Шундай экан, у жаҳондаги энг зўр ҳакамлардан бирининг шаънига ошкора доғ туширишга уринаётган юзсиз ҳасадгўйларнинг оғзини ёпсин", - дея хулоса қилади муаллиф.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматовнинг худди шу учрашуви футболга ихтисослашган турли халқаро интернет нашрлари ва Ғарбнинг етакчи футбол шарҳловчилари томонидан жуда ижобий баҳога сабаб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари эса, россиялик шарҳловчиларнинг Равшан Эрматов бошқарган Мексика-Хорватия учрашувига берган баҳоларини ҳам назардан қочиришмаган.

Улар айни ўринда шарҳловчиларнинг, "Кўплаб "қайноқ" ва баҳсли ҳолатларга умуман эътибор бермай, ўйинга буткул бефарқлик кўрсатди", - деган сўзларидан иқтибос келтиришган.

Бунинг ортидан эса, бу каби ҳолатлар биринчи бор юз бермаётгани мазмунида сўнгги Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларида юз берган воқеани ҳам мисол тариқасида келтиришган.

Улар айни ўринда очилиш маросими чоғида "Россия-1" телеканали шарҳловчиси Дмитрий Губернеевнинг қандай қилиб Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштириб юборгани ва қилган иши учун ўз веб саҳифасида узр сўрашга мажбур бўлганини ҳам эслатишган.

Ўйинлар чоғида юз берган ўша ҳодиса ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг кескин акс-садоларига сабаб бўлган ва ҳатто, онлайн петицияларгача уюштирилганди.

Бунақаси эса, Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаганди.

Буларнинг барчасига қўшимча ўлароқ, улар Ўзбекистондаги Наврўз тантаналарини ёритаркан, Россиянинг Mail.ru интернет нарши қандай қилиб президент Ислом Каримовни қозоғистонлик ҳамкасби билан адаштириб юборганини ҳам қистириб ўтишни унутишмаган.

Бу каби хабарлар эса, Россия ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар жиддий совуқлашган бир вазиятда кузатилмоқда.

Худди шу манзарада аргентиналик ҳакам Эктор Балдассининг твитига таяниб, куни-кеча Равшан Эрматов ҳақида интернет тармоғида пайдо бўлган бошқа бир хабар ҳам Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг нигоҳидан четда қолмаган.

Агар, ушбу твитнинг мазмуни бир жумлага жамланса, гўёки "Аргентина ва Швейцария ўртасидаги нимчорак финал учрашувига аслида Равшан Эрматов тайинланган. Аммо Аргентина томонининг норозилиги туфайли, ФИФА уни швециялик ҳакам билан алмаштирган".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Эктор Балдасси Жанубий Африкада бўлиб ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган ва ҳозир Аргентина парламентида фаолият олиб боради.

ФИФА расмий веб саҳифасида эса, Аргентина-Швейцария ўртасидаги нимчорак финали учрашувига Равшан Эрматов ҳакам этиб тайинланганига оид хабар умуман пайдо бўлмаганди.

Эрматов билан куни-кеча телефон орқали худди шу хусусда гаплашганини айтган отаси Сайфиддин ака ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар Департаменти бошлиғи Ноил Лутфуллинлар ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида бунинг асоссиз бир хабар эканини билдиришди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматов бу галгиси билан кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионатида бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этаётган ягона ҳакам бўлади.

У шу пайтга қадар Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон биринчилигида учта гуруҳ босқич саралаш учрашувига ҳакамлик қилиб улгурган.

Биринчиликнинг чорак финал беллашувлари 4 июл куни старт олади.

Шу пайтгача ўтказган учрашувлари ортидан, Равшан Эрматов ҳакамлар фаолиятига баҳо бериш билан шуғулланувчи worldreferee.com веб саҳифаси таснифида тўплаган баллари сони бўйича ( 7.7) голландиялик ҳамкасби Бьорн Кёйперс билан биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб турибди.

Унинг Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик маҳорати ҳам катта олқишларга сазовор бўлган.

Равшан Эрматов чемпионатнинг илк учрашувини очиб берган ва бир биринчиликнинг ўзида ярим финали дохил беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ