Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Биродар Абдураимов: ‘Олдинда жуда қизиқ ўйинлар турибди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбек футболи афсонаси бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида нақ Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг чорак финал учрашувлари арафасида билдирди.

Франция ва Олмония бугун жума куни қолган саккиз миллий терма жамоа орасидан биринчилардан бўлиб чорак финал беллашувларини бошлаб беришади.

Биринчиликнинг икковлон ўртасидаги дастлабки чорак финал учрашуви Риодаги машҳур “Маракана” стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади.

Таъкидлаш жоиз, бу йилги биринчиликнинг гуруҳ босқич саралаш ва нимчорак финал беллашувларидан “омон қолган”лар орасида амалдаги жаҳон чемпиони Испания, Италия, Португалия ва Англия каби анъанавий ва номдор жамоалар йўқ.

Бу тўрттовлоннинг ҳали гуруҳ босқичиданоқ пастга қулашгани, агар таъбир жоиз бўлса, Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг энг катта шов-шувларидан бирига ҳам айланган.

Устига устак, бу йил ягона кубок учун курашини давом эттираётганлар орасида бирор бир Осиё қитъаси вакили ҳам йўқ.

Эрон ва Австралия қаторида жаҳон чемпионатларида яхшигина тажрибага эга, тўрт карра қитъа чемпиони бўлган Япония ва Жанубий Корея ҳам бирор бир ғалаба қайд этмай, гуруҳ босқичиданоқ ортга қайтишган.

Ўз ўрнида, Ўзбекистонда ҳам мухлислари озмунча бўлмаган Россия миллий терма жамоаси-да италиялик Бош мураббийсининг қанчалик номдор эканига қарамай, бу гал аллақачон Бразилияни тарк этганлар сафидан жой олишган.

Дунёнинг наҳанглари мағлубият аламини татиб турган бир пайтда, уларни ортга суриб, айниқса, Коста-Рика миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқиши эса, кўпчилик футбол аҳлини ҳайратга солмай қўймаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбек футболи афсонаси бунга нима дейди?

Биродар ака Абдураимов ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу йилги чорак финалчилар ўзи учун кутилмаган бўлганини айтади.

“Голландия, Олмония ва Бразилиянинг чорак финалга чиқиши шундоқ ҳам маълум эди. Мен Колумбия чиқади деб ўйламагандим, аммо ҳозир жуда ажойиб ўйин кўрсатаяпти. Иккинчидан, Коста-Рика...Бу йил умуман ҳеч ким кутмаган жамоалар саккизликка кирди, деса бўлади”.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, “Англия-ку, майли, бўшроқ эди, аммо Испания ва Италия камида ярим финалда ўйнаши керак эди”, - дейди.

Биродар аканинг хулосасига таянилса, бу жамоаларга энг аввало Бразилиянинг иқлими панд берган.

“Энди, бу – футбол, нима деймиз. Ўша об-ҳавога мослашган жамоалар қолди. Бўлмаса, Испания миллий терма жамоаси гуруҳ босқичиданоқ чиқиб кетади деб ким ўйлаганди?”, - дейди у киши.

Аммо, суҳбатдошимиз, футбол оламида “ҳеч назарга илинмайдиган жамоаларнинг ҳам Бразилияда ўйиннинг бошиданоқ ўзларини қанчалик кўрсатишаётганини” назарда тутиб, “бизни олдинда жуда қизиқарли ўйинлар кутаяпти”, деган ишончда.

Биродар ака энг сўнггида Олмония миллий терма жамоаси ҳар томонлама ўзининг кучли эканини намоён этаётганини айтаркан, айнан шу жамоа янги жаҳон чемпиони бўлади, дейди.

“Жуда ишониб Бразилияга ишқибозлик қилиб турувдим, аммо ҳозир уларнинг чемпион бўлишига унчалик ишонч қолмаяпти. Булар жамоавий ўйиннинг ўрнига кўпроқ индивидуал ўйин ўйнашаяпти. Франция ҳам яхши ўйин кўрсатаяпти. Аммо охирида, барибир, Олмониянинг тажрибаси устун келади, деб ўйлайман. Олмонияда Голландияга қараганда ҳам жаҳон чемпиони бўлиш имконияти кўпроқ”, - дейди Ўзбек футболи афсонаси.

Ярим финалга чиқиш учун эса, фақат иккита: Оврўпо ва Лотин Америкаси қитъаси вакиллари тенг сонда кураш олиб боришади.

Қолган саккиз миллий терма жамоа сафларидан бу йил Олмония, Голландия, Бельгия, Франция, Бразилия, Колумбия, Аргентина ва Коста-Рика ўрин эгаллашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02