Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сайфиддин Эрматов: 'Худо хоҳласа, Равшан янги рекорд ўрнатади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Равшан Эрматовнинг отаси ва устози Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида ўғлининг Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг чорак финал учрашувига ҳакам этиб тайинланишига ана шундай муносабат билдирди.

"Ўзи уч кун олдин худди шу нарса кўнглимга келувди. Гаплашганимизда, Равшаннинг ўзига ҳам айтувдим, "Голландия ва Коста-Рика учрашувига тайёрлангин", деб. "Қаердан биласиз?", - деб сўраганида, "Қандайдир кўнглим сезаяпти", - дегандим, кулувди. Кечаги хабар ортидан, "Гапингиз тўғри чиқди, ўзингиз тайинласангиз ҳам бўларкан", - деб кулишиб, ҳазил-ҳузул қилиб олдик", - дейди Сайфиддин ака.

У кишининг айтишича, сўнгги хушхабардан ҳам кеча пайшанба куни Бразилиядан туриб, Равшаннинг ўзи огоҳ этган.

"Равшан ҳам хурсанд. Чунки, Худо хоҳласа, шу ўйинни бошқарса, у жаҳон чемпионатида тўққизта ўйинни бошқарган дунёдаги биринчи ҳакам бўлади. Ҳали бу ишни ҳеч ким қилмаган. Ҳали Равшанга яна битта ўйин беришса керак. Қандайдир кўнглим сезиб турибди. Унда, Худо хоҳласа, ўнта ўйин билан қайтиб келади", - дейди у киши.

Равшан Эрматов бошқаражак чорак финал учрашуви эса, 5 июл куни Голландия-Коста-Рика ўртасида бўлиб ўтади.

Бу беллашув Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг сўнгги ярим финалчисини аниқлаб беради.

Икковлон ўртасидаги ўйин билан ўзбекистонлик номдор ҳакам бу йилги биринчиликда бошқаришга улгурган учрашувлари сони тўрттага етади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Таъкидлаш жоиз, ҳозирча, Бразилияда бирор бир осиёлик ҳакам бу каби натижа қайд этиб улгурмаган.

Сайфиддин аканинг айтишича, бу хусусдаги пайшанба кунги расмий янгилик Ўзбекистонда ҳам катта хурсандчилик билан қарши олинган.

"Ҳамма ёқдан қўнғироқ, ҳамма ёқдан табрик...Федерация ҳам, ишқибозлар ҳам, таниш-билишлар ҳам. Худо хоҳласа, ўйинни чиройли ўтказишса, ҳақиқий табрикни ўшанда қабул қиламиз", - дейди у киши.

Устига устак, бу - жаҳон чемпионатидек нуфузли беллашувда Равшан Эрматовга ишониб топширилган биринчи чорак финал учрашуви эмас.

У Жанубий Африкада бўлиб ўтган 2010 йилги биринчиликда ҳам Аргентина ва Олмония ўртасидаги чорак финал беллашувини бошқарган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматов ўша чемпионатнинг илк учрашувини очиб берган ва бир биринчиликнинг ўзида ярим финали дохил беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳар икки жаҳон чемпионатида бошқарган ўйинлари сони ҳозирнинг ўзида тўққизтага етаркан, бу каби шарафга ҳалича дунёнинг бирор бир ҳаками нойил бўлмаган.

Ҳозир эса, Эрматов тўрт чорак финал учрашувига тайинланган ҳакамлар орасида ягона Осиё қитъаси вакили бўлади.

Қолган учрашувларни испания, аргентина ва италиялик ҳакамлар бошқаришади.

Равшан Эрматов 5 июл кунги чорак финал учрашувига қадар Швейцария-Эквадор, Хорватия-Мексика ва АҚШ-Олмония ўртасидаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларига ҳакамлик қилган.

Сайфиддин аканинг айтишича, бўлажак учрашуви олдидан Равшанга қатор маслаҳатлар беришни ҳам унутмаган.

"Равшанга совуққонлик билан ҳакамлик қилгин. Ўйинчилар томонидан содир этилаётган симуляция ҳолларига огоҳроқ бўлгин деб айтдим", - дейди у киши.

Сайфиддин аканинг айтишича, ўғлининг рекорд сондаги учрашувини ҳамкасблари билан ўн-ўн беш киши бўлиб, бирга ҳовлида томоша қилишмоқчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02