Равшан Эрматов финал учрашувини бошқариши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

ФИФА Бразилияда кечаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг якуний тўрт учрашувида ишлаши мумкин бўлган ҳакамлар рўйхатини расман тасдиқлади ва ундан ўзбекистонлик номдор ҳакам ҳам ўрин олган.

Равшан Эрматов рўйхатда Осиё қитъасини намоён этган иккита ҳакамдан бири бўлади.

Осиёлик иккинчи ҳакам эса, Япония вакили Юичи Нишимурадир.

Эслатиб ўтиш жоиз, Юичи Нишимурага бу йилги жаҳон чемпионатининг мезбон Бразилия ва Хорватия ўртасидаги илк учрашуви ишониб топширилганди.

Аммо япониялик ҳакамнинг Бразилия терма жамоасининг ғалабаси билан якунланган ўйинда қилган ҳакамлиги хорватияликларнинг кескин танқидлари остида қолиб кетганди.

ФИФАнинг якуний рўйхатидан ўрин олган бу икки осиёлик ҳакамга ҳам ҳалича футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал учрашувини бошқариш насиб этмаган.

Лекин, таъкидлаб ўтиш жоиз, Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги биринчиликда Голландия ва Уругвай ўртасидаги ярим финал учрашувида ишлаган.

Бу – ўша биринчиликда Равшан Эрматов бошқарган бешта ўйиннинг энг сўнггиси бўлганди.

Бразилияда бўлиб ўтаётган бу йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиққан тўрт миллий терма жамоа орасида эса, бирор бир Осиё қитъаси вакили йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Уларни икки Оврўпо: Олмония ва Голландия ҳамда икки Лотин Америкаси: Бразилия ва Аргентиналар намоён этишади.

Бу эса, финал учрашувига осиёлик ҳакам тайинланиши эҳтимолини янада кучайтиради.

Чунки, агар, финалга Оврўпо ва Лотин Америкаси вакили чиққудек бўлса, бу икки қитъадан бўлган ҳакамлар ўйинни бошқаришга ҳақли бўлишмайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Бразилия – Олмония ўртасидаги дастлабки ярим финал учрашувига аллақачон мексикалик Родригес Морено ҳакам этиб тайинланган.

Ушбу дастлабки ярим финал учрашуви бугун 8 июл куни бўлиб ўтади, эртага Аргентина билан Голландия финалга чиқиш учун беллашишади.

Сўнгги финалчини аниқлаб беражак учрашувга эса, туркиялик 37 ёшли ҳакам Жунайт Чақир ҳакамлик қилади.

ФИФАнинг якуний рўйхатида Бразилиядаги жаҳон чемпионатида ишлаган 25 ҳакамлар учлигидан фақат 15 нафари қолдирилган.

Расмий хабарларга кўра, халқаро ташкилотнинг махсус қўмитаси барча ҳакамлар бригадасининг шу пайтгача бошқарган ўйинларини кундалик асосда кузатиб, уларнинг жисмоний ҳолатлари, саломатликлари ва техникаларига қараб, саралаб олган.

Қолган 13 ҳакамдан 2 нафари энди Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг финал ва учинчи ўрин учун бўлажак ўйинларига тайин этилишади.

ФИФА Ҳакамлар департаменти раиси Массимо Бузакка, ўз ўрнида, кеча душанба кунидан бошлаб Бразилиядан ортга сафар тадоригига киришган қолган ҳакамларга миннатдорчилик билдиришни унутмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kevin C Cox Getty Images

Бу йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳакамларнинг фаолияти билан боғлиқ машмашаларга бой кечаётган бир манзарада жаноб Бузакка уларнинг ишларидан қониқиш ҳосил қилганини ҳам баён қилган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу йилги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик номдор ҳакам учун аллақачон рекордлиси бўлиб улгурган.

Равшан Эрматов ўзи кетма-кет бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этган икки биринчиликда жаъми 9 та ўйинни бошқариб, янги жаҳон рекордини ўрнатган.

Агар, унга бу йилги жаҳон чемпионатининг ярим финал ёки финал учрашуви ишониб топширилса, Эрматов ўзи ўрнатган рекордни келаси жаҳон чемпионатига қолмаёқ, яна бир бор янгилашга муваффақ бўлади.

Энг сўнггида эса, ФИФАнинг якуний рўйхатига тушган ҳакамлар билан танишинг:

Африка: Дуэ (Фил Суяги қирғоғи), Аймуди (Жазоир)

КОНКАКАФ: Гейгер (АҚШ), Родригес (Мексика)

КОНМЕБОЛ: Оссес (Чили), Сандро Рисси (Бразилия), Карлос Вера (Эквадор)

Оврўпо: Чақир (Туркия), Эрикссон (Швеция), Проэнса (Португалия), Уэбб (Англия) ва Карбальо (Испания).

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ