Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сколари ҳаётидаги ‘энг қайғули кун’ Марғилонда қандай акс-садо берди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи VIPCOMM e Getty

Марғилонлик ашаддий футбол ишқибози Акрамжон аканинг айтишича, севимли жамоаси Олмониянинг мезбон Бразилия устидан йирик ҳисобдаги ғалабасидан кейин, атайдан Риштонга бориб, олмон дарвозабони учун ҳадя ҳозирлатмоқда.

“Битта мен эмас, бутун оиламиз билан хурсандмиз. Бугун эрталаб туриб, Риштонга бориб, ҳозир дарвозабони Нойерга совға қилдираяпман. Марғилоннинг дўпписи, Марғилоннинг мажмуаси туширилган оқ яктак-чорсу бор. Жаҳон чемпионати тугагандан кейин, элчихона орқали шу совғаларни унга жўнатиб юбормоқчиман”, - дейди у киши.

“Ўзим ҳам вақтида дарвозада турганим учун, дарвозабонини яхши кўраман”, - деркан, Акрамжон ака сешанба кунги дастлабки ярим финал учрашувида ҳам айнан Нойернинг ўйини ўзига ёққанини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Бразилияда бўлиб ўтаётган бу йилги жаҳон чемпионатининг илк финалчисини аниқлаб берган ўйин барча футбол аҳлини ҳайратга солиб, 1:7 ҳисобида мезбон Бразилиянинг мағлубияти билан якун топганди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, дунёда ҳаммадан кўп: Беш марта жаҳон чемпиони бўлган Бразилия ўз тарихида ҳеч қачон бундайин йирик ҳисобда мағлуб бўлмаган.

1938 йилда ўз дарвозасидан бешта тўп ўтказиб юборган эса-да, Польшани, барибир, 6:5 ҳисобида енгишга муваффақ бўлган.

Устига устак, эслатиб ўтиш жоиз, худди ўша йилдан бери Бразилия илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финал учрашувини бой берди.

Буёғи ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида биринчиликнинг ярим финалида бу каби йирик ҳисобдаги мағлубият қайд этилмагани ҳам бор гап.

Миллий терма жамоа номдор Бош мураббийи Луиз Фелипе Сколарининг айтишича эса, ҳаётида бунчалик “ёмон кун” бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қишлоғидаги аксарият кеча ярим тунда айнан Бразилияга ишқибозлик қилишганини айтаркан, Акрамжон ака, “мен улар ҳаммасининг устидан ғалаба қозондим”, - дея кулади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Бразилия Олмонияга қарши ўйинда юлдуз футболчиси Неймар ва сардори Тиаго Силваларсиз майдонга тушганди.

Акрамжон ака ҳали ярим финал учрашуви арафасидаёқ севимли жамоасининг ғалабасига ишончи комил бўлганини айтади.

“Нимага десангиз, у-ууу олдинги Бразилия эмас-да бу. 2002 йилги ўйинни кўрсатган Бразилия у – бошқа”, - дейди у киши.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, иккинчи финалчининг Голландия бўлишини умид қилаётганини ҳам яширмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

“Аргентина билан жуда кўп “ўйнаганмиз” ва ғалаба “қозонганмиз”. Кучли жамоага қарши тушгани маъқул-да. Ўзиниям бир синайди”, - дейди Акрамжон ака.

Аммо, у кишининг ишонч билан айтишича, ҳатто, шундай бўлган тақдирда ҳам, Олмония ғалаба қозонади ва чемпион бўлади.

“Олмония 2:1 га ютади. Голландия охирги дақиқаларда битта тўп уриб қолади. Нимага десангиз, Голландия сафида “Бавария” жамоасининг ўйинчиси бор”, - дейди суҳбатдошимиз қатъият билан.

“Агар, Олмония жаҳон чемпиони бўлиб қолса, мени унда Тошкентда кўрасиз. Элчихонада байрам қиламиз, Худо хоҳласа”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Голландия ва Аргентина ўртасидаги иккинчи ярим финал учрашуви бугун 9 июл куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан қоқ ярим тунда бошланади.

Олмония ва Аргентинадан фарқли тарзда, Голландия Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатининг финалига чиққан, аммо кубокнинг тақдирини ҳал қилган ўйинни 0:1 ҳисобида Испанияга бой берганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Бразилияга қарши ўйинда киритган тўпи билан олмон жамоасининг 36 ёшли ҳужумчиси Мирослав Клозе янги жаҳон рекорди ўрнатди.

У ўзи иштирок этган жаҳон чемпионатларидаги тўпларининг сонини 16 тага етказиб, биринчилик тарихидаги энг зўр тўпурарга айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.com
Image caption Марғилонлик футбол ишқибози Акрамжон Маъруфжонов

Қисқача маълумот ўрнида: Асл касби дурадгор бўлган 60 ёшли футболсевар суҳбатдошимиз шу йил бошида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида велосипедида Бразилияга бориб, Пеле ва Криштиану Рональду билан кўришмоқчи, ўзи ишқибозлик қилувчи Олмония миллий терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишини кўрмоқчи эканини айтганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, бу - Акрам ака Маъруфжоновнинг илк бор бунга ўхшаш ғайриодатий ва кишининг ақлини шоширувчи таклиф билан чиқиши эмасди.

У киши 2006 йилги жаҳон чемпионати пайтида ҳам мезбон Олмонияга велосипедда борган ва ўзлари оилавий бўлиб ишқибозлик қилувчи Мюнхеннинг "Бавария" клуби афсонавий дарвозабони Оливер Каннинг дастхатини ҳам олишга муваффақ бўлган.

Акрам ака Оливер Каннинг катта футболдан хайрлашув тадбирида ҳам шахсан иштирок этиб, унга ўзбекона зарбоф тўн ва дўппи кийдирган биринчи ва ҳозирча сўнгги ўзбекистонлик бўлади.

У киши Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатига ҳам бориш режасида бўлганликлари, аммо ўша пайтда қонларида шакар миқдори бироз баланд бўлгани учун, тиббий текширувдан ўта олмаганликларини ҳам айтганди.

Акрамжон аканинг Марғилондан биз билан сўнгги суҳбатида айтишича, асосий ҳомийси билан боғлиқ муаммолар сабаб, Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бориш орзуси амалга ошмай қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02