Жаҳон чемпионати: Очилишида Женнифер Лопес, ёпилишида Шакира

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Рио-де-Жанейрода ҳам куйлаш имкониятидан Шакиранинг “боши осмонга етган”

Расмий хабарларга кўра, колумбиялик поп юлдузи Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида ўзи биринчиликнинг расмий ашуласини ортда қолдириб кетишига қаттиқ умид қилган La La La ашуласини ижро этади.

Ёпилиш маросими шу якшанба 13 июл куни янги жаҳон чемпионини аниқлаб беражак финал учрашуви ортидан, Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтиш жоиз, яқиндагина видеоклипи чиқарилган ашула қанчалик оммабоплиги бобида Youtube’да таниқли рэппер Pitbull, америкалик машҳур хонанда Женнифер Лопес ва мезбон бразилиялик номдор қўшиқчи Клаудия Лейттеларнинг "We Are One" (Ole Ola) қўшиғини ортда қолдириб кетган.

12 июн куни бўлиб ўтган очилиш маросими ортидан 2014 йилги жаҳон чемпионатининг расмий қўшиғига берилган баҳолар эса, анчайин салбий бўлганди.

Кўпчиликнинг наздида, "We Are One" (Ole Ola) бундан аввалги жаҳон биринчиликларининг пуэрто-рикалик поп-юлдузи Рики Мартин ва ёки Шакиранинг ижросидаги расмий қўшиқлари билан беллашиш даражасида бўлмаган.

Бу – колумбиялик поп юлдузининг кетма-кет учинчи бор ўз ижроси билан футбол бўйича жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимини қизитиши бўлади.

Олмония ва Жанубий Африкада бўлиб ўтган биринчиликларнинг энг сўнгги куни ҳам Шакиранинг ижросисиз кечмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Устига устак, поп юлдузи сўнгги жаҳон биринчилигининг расмий ашуласи – “Waka Waka”(This time for Africa) ни ҳам айтиб, кўпчиликни африкача оҳангларга ҳам йўрғалатганди.

Хабарларга кўра, Шакиранинг “Waka Waka”си футбол бўйича жаҳон чемпионати тарихидаги энг кўп сотилган қўшиқ бўлган.

'We Are One' яхшироқми ё 'La, La, La'? - Ўзбекистондан эстрада юлдузи Тоҳир Содиқов баҳоси билан танишинг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, сўнгги расмий баёнотига таянилса, Рио-де-Жанейрода ҳам куйлаш имкониятидан Шакиранинг “боши осмонга етган”.

“Маълум сабаблар туфайли, мен футболга бефарқ эмасман. Ўзим яхши билганим учун ҳам, жаҳон чемпионати қанчадан-қанча одам учун нимани англатиши чуқур ҳис қиламан”, - дейди қўшиқчи ўзининг баёнотида.

Шакира камтарликни бир четга йиғиштириб, “La La La мухлисларига жуда ёққанидан, қўшиғини қачон уларга жонли ижро этиб берарканман дея, сабри тошиб кетаётгани”ни ҳам қўшиб қўяди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Икковлоннинг 16 ойлик Милан исмли ўғилчалари ҳам бор

Hips Don't Lie ва She Wolf қўшиқлари билан тилга тушган 37 ёшли Шакира испаниялик футбол юлдузи Жерар Пикенинг фуқаровий турмуш ўртоғи. Икковлоннинг 16 ойлик Милан исмли ўғилчалари ҳам бор.

Қарийб бир ойдан бери миллионлаб ишқибозларнинг нигоҳини Бразилияга тортиб келаётган жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида Шакирадан ташқари, яна бир қанча юлдуз хонанда ва созандаларнинг чиқишлари ҳам режаланган.

Уларнинг орасида америкалик машҳур гитарачи Карлос Сантана ва ҳип-ҳоп юлдузи Вайклеф Жинлар ҳам бор.

Бу икковлон Бразилиянинг ўз маҳсули бўлмиш Алехандре Пирес билан бирга жаҳон чемпионатининг расмий мадҳиясини айтиб беришади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ