Бразилия 2014: Шундай қилиб чемпион Олмония бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Рио-де-Жанейродаги афсонавий “Маракана” стадионида кечган финал учрашувида эски рақиблари Аргентинани фақат қўшимча вақт ҳисобида мағлуб этган Олмония ўз тарихида тўртинчи бор футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Учрашув асосий вақтида ҳисоб очилмади.

2014 йилги жаҳон чемпионатининг ғолибини аниқлаб берган якуний беллашув 13 июл куни Тошкент вақти билан қоқ ярим тунда бошланганди.

Таъкидлаш жоиз, Мессининг Аргентинасидан фарқли тарзда, Бразилияда кечган бутун биринчилик давомида Олмония ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўриларди.

Айниқса, ярим финал учрашувида кимсан мезбон Бразилияни жуда йирик (1:7) ҳисобда мағлуб этаркан, кўпчилик футбол аҳли бу йил Олмониянинг жаҳон чемпиони бўлишига ортиқ шубҳа қилмай қўйганди.

Бразилиядаги оламшумул ғалабаси ортидан, Олмония Жанубий Америка тупроғида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган биринчи Оврўпо қитъаси вакили ҳам бўлди.

Устига устак, мезбон Бразилия ва бунга қўшимча бугун Аргентина дарвозасига киритган тўплари ҳисобига Олмония биринчилик тарихидаги энг зўр тўпурар миллий терма жамоага ҳам айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аргентина эса, сўнгги бор ғолиблик шоҳсупасига айнан бугунги рақиблари – Олмонияни енгиб, бундан 28 йил бурун афсонавий футболчиси Марадона бошчилигида муваффақ бўлганди.

Аммо 1990 йилдан буён жаҳон биринчилигининг финалига қадам босмаган жамоа бу гал кумуш медаллар билан кифояланадиган бўлди.

Худди ўша йили Аргентинани енгиб, учинчи бор жаҳон чемпиони бўлган Олмония қарийб чорак аср деганда яна эски рақибини мағлуб этиб, худди шундай шарафга нойил бўлди.

Биринчиликнинг бронза медаллари эса, кеча шанба куни мезбон Бразилияни 0:3 ҳисобида мағлуб этган Голландия миллий терма жамоасига насиб этди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида Олмония ярим, Аргентина эса, чорак финалдан пастга қулашганди.

Янги жаҳон чемпионини аниқлаб берган финал учрашуви тақдирини 113-дақиқада Марио Гётце томонидан киритилган ягона тўп ҳал қилди.

Бунинг ортидан, ўз миллий терма жамоасининг тўртинчи бор жаҳон чемпиони бўлишини таъминлаган Гётце биринчилик қаҳрамонига айланди.

“Олтин бутси” ва янги рекордлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу йилги жаҳон чемпионатида киритган жаъми 6 та тўпи билан Колумбия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Хамес Родригес биринчиликнинг энг зўр тўпурари, деб топилиб, “Олтин бутси”лик бўлди.

Бразилиядагиси дохил ўзининг ҳисобидаги жаъми тўплари сонини 16 тага етказган олмониялик ҳужумчи Мирослав Клозе эса, жаҳон чемпионати тарихидаги энг зўр тўпурарга айланди.

Бу йилги биринчиликнинг "Энг зўр ўйинчиси"(Лионель Месси) ва "Энг яхши дарвозабони"(Мануэль Нойер) мақомлари ҳам Аргентина ва Олмония вакилларига кетди.

Сўнгги жаҳон чемпионати Испания, Италия, Португалия ва Англия каби номдор жамоаларнинг ҳали гуруҳ босқичиданоқ пастга қулашлари, мезбон Бразилиянинг ўз тарихида учраган энг йирик мағлубияти билан тарихга кирадиган бўлди.

Устига устак, бу йилги биринчиликда тўрт Осиё қитъаси вакили: Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Австралиядан бирортаси ҳам нимчорак финалига чиқа олишмади.

Уларнинг барчаси ўз гуруҳларида энг қуйи ўринни эгаллаган ҳолда, эрта-бурундан Бразилияни тарк этишди.

Жаҳон чемпионати ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу йил ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионатига йўлланма олишига бир баҳя қолган Ўзбекистон учун эса, Бразилиядаги биринчилик таниқли ҳаками Равшан Эрматов ўрнатган янги жаҳон рекорди билан ёдда қоладиган бўлди.

Равшан Эрматов ўзи кетма-кет бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этган икки биринчиликда жаъми 9 та ўйинни бошқариб, бунга муваффақ бўлди.

Финал учрашуви арафасида минглаб ўзбекистонликларнинг #IrmatovBest ҳештегини Twitter’да жаҳон трендига олиб чиқишга муваффақ бўлишгани ҳам Ўзбекистон учун Бразилия билан боғлиқ энг ёрқин хотиралардан бири бўлиб қолиши аниқ.

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибозларидан бири эса, Бразилиядаги жаҳон чемпионати ўзига жуда ёққани, ўзи гувоҳи бўлганлари орасида бунақасини ҳали кўрмаганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Ҳар бир ўйин шиддатли, ҳар бир учрашувда кутилмаган натижа, чиройли ўйин, чиройли голлар, футболчилар ҳам футбол учун, чиройли ўйин учун ўйнашди, ҳеч ким бир ўйинни ўлдириш, ўйинни сусайтириш ёки фақат натижа учун ўйнамади. Бу жаҳон чемпионати фақат ўйин учун, фақат мухлислар учун бўлди. Ҳақиқатан бир жозибали кечди”, - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу йилги жаҳон чемпионати ҳам Ўзбекистонга тўғридан-тўғри трансляция этилган ва маҳаллий футбол ишқибозлари учрашувларни бар, ресторан ва кафеларда ҳам кўришга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистонлик аксарият футбол ишқибозлари эса, аввалбошда сўнгги жаҳон чемпиони Испания миллий терма жамоасига ишқибозлик қилишганди.

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган финал учрашуви ортидан 2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбони Россия томони ўтган бир ой давомида дунёнинг 32 миллий терма жамоасини не кўйларга солмаган ягона кубокни рамзий маънода қабул қилиб олади.

Ушбу маросимда иштирок этиш учун эса, шахсан президент Владимир Путиннинг ўзи финал учрашувига ташриф буюрган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ