Бразилия жамоаси тренери Луис Сколари истеъфо беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бразилияда 13 июлда ниҳоясига етган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасининг муваффақиятсиз қатнашгани боис, тренер Луис Фелипе Сколарининг истеъфо бериши кутилмоқда, деб хабар беради Globo телеканали.

65 ёшли Сколари жаноблари жамоаси 2002 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан эди, бу йилги тадбирда миллионлаб футбол мухлисларининг хоҳишларига акс тарзда атиги тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Ярим финалда Бразилия Олмония жамоаси томонидан 7:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Сўнгра учинчи ўрин учун беллашган Ҳолландия жамоаси билан курашда Бразилия 3:0 ҳисобида яна мағлуб бўлди.

Globo TV га кўра, Сколари билан шартнома жаҳон чемпионати тугагач, ниҳоясига етади. Бразилияни ғолибликка олиб чиқа олмаган тренер билан мамлакат футбол федерацияси шартномани узайтирмаслиги аниқ.

Бразилиянинг бошқа интернет сайтлари ҳам футбол федерациясидаги манбаларига таяниб, Сколарининг истеъфоси бериши ҳақида хабар тарқатганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ҳолландия гуруҳи билан ўйин жараёнида стадиондаги катта экранда Сколарининг акси ҳар сафар пайдо бўлганда бразилиялик ишқибозлар хуштак ва қичқириқлар билан унга нисбатан норозиликларини билдиришган.

Сколари жаноблари Бразилия жамоасини бошқаришни илк бор 2001 йилда ўз зиммасига олган. Бир йилдан сўнг, терма жамоа Японияда ўтган жаҳон чемпионати финалида Олмония гуруҳини 2:0 га ютиб, жаҳон кубогини қўлга киритганди.

Ундан сўнг, Португалия, "Челси", Ўзбекистоннинг "Бунёдкор" клубларида ишлаган Сколари 2012 йил яна Бразилия миллий терма жамоасига қайтиб боради.

2013 йилда Бразилия Испанияни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Конфедерация Кубогида ғалаба қозонган ва 2014 йилги Жаҳон кубогининг асосий даъвогарларидан бири сифатида қараб келинаётганди.

Жаҳон чемпионатининг дастлабки мусобақаларини ғалаба билан бошлаган Бразилия чорак финалда Колумбияни 2:1 ҳисобида ютган бўлса ҳам, энг яхши ҳужумчиси Неймар белидан жароҳат олиб, ўйинни давом эттиришдан маҳрум бўлди. Неймарнинг ҳал қилувчи ўйинларда иштирок этмаслигини кўпчилик бразилияликлар ишқибозлар "ёмон рамз" деб ҳам қарашганди.

Ярим финалда жамоаси Олмонияга 7:1 да ютқизгандан кейин Сколари ушбу мағлубиятни "ҳаётидаги энг ёмон кун" деб атади ва Бразилия халқидан кечирим сўради.

Бу мавзуда батафсилроқ