Шахтёрнинг олти ўйинчиси Украинага қайтишдан бош тортди

Фото муаллифлик ҳуқуқи shakhtar.com

Донецк шаҳрининг "Шахтёр" футбол клубида тўп сўрадиган олти ўйинчи Франциядан Донецкка қайтишдан бош тортганлар.

Ўйинчилар ҳозирда Россияпараст исёнчилар бошқараётган ва украин армияси билан жанг кетаётган шаҳарга қайтишдан хавотирда эканларини айтишган.

Алекс Тешера, Фред, Дентинйо, Дуглас Коста, Факундо Феррейра ва Исмаили - Лион шаҳридаги матч ортидан Донецкка қайтиб кетишмади.

Клуб президенти Ринат Ахметов ўйинчилар ортга қайтмасалар, жазо чораларига юз тутишларини айтиб огоҳлантирди.

"Ўйинчилар имзо чеккан шартномаларига бўйсунишлари керак. Агар қайтиб келишмаса, менимча, ўзларига жабр бўлади", - деб айтган Ахметов клубнинг сайтида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Дуглас Коста Украинага қайтишни истамаётган ўйинчилардан бири

"Умид қиламанки, уларнинг ақл-заковати бу тушунмовчиликлардан устун келади, ва улар нафс ва қўрқув ортидан кетмайдилар. Бу ерда қўрқадиган ҳеч нима йўқ", - дея қўшимча қилган у.

Олти ўйинчидан беш нафари бразилиялик, Феррейра эса Аргентинадан. Уларнинг футбол бозоридаги умумий қиймати 78 миллион долларга тенгдир.

Украина шарқида давом этаётган уруш туфайли Шахтёрга ҳозирча ўзининг "Донбасс Арена" стадионида ўйнаш рухсати йўқ.

Янги мавсум келгуси дам олиш кунларида очилиши кутилади, бироқ Украина Футбол уюшмаси ҳали ҳам бу клуб қаерда тўп суриши борасида қарор қабул қилмаган.