Хамес дунёнинг тўртта қиммат футболчисидан бирига айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бразилияда бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатининг колумбиялик "Олтин бутси"си соҳибини Испаниянинг бойвачча "Реал" жамоаси қарийб 80 миллион еврога сотиб олди.

Ўзи учун тўланажак бунча ҳақ Хамесни Гарет Бейл, Криштиану Рональду ва Луис Суаресдан кейин жаҳон футбол оламидаги тўртинчи энг қиммат ўйинчига айлантирди.

Ўзаро имзоланган шартномага мувофиқ, 23 ёшли ҳужумчи умрининг олти йилини Мадридда ўтказади.

Колумбия миллий терма жамоаси чорак финалдан ортга қайтганига қарамай, Хамес сўнгги жаҳон чемпионатида энг зўр тўпурарга айланишга улгурганди.

У ўз жамоаси сафида ўтказган бешта учрашувда рақиблари дарвозасига олтита тўп киритишга муваффақ бўлганди.

Уругвай дарвозасига киритган тўпи эса, биринчиликнинг энг зўр урилган тўпи, деб ҳам топилганди.

Чорак финал учрашувида Колумбия миллий терма жамоаси мезбон Бразилия дарвозасига киритган ягона тўпни ҳам Хамес ўз ҳисобига ёзганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қисқача таржимаи ҳол:

Хамес Родригес 1991 йилнинг 12 июлида Колумбиянинг Кукута шаҳрида туғилган.

Футболчилик карьерасини маҳаллий "Энвигадо" клубида бошлаган.

2009 йилда Аргентинанинг "Банфиельд", орадан йил ўтиб, Португалиянинг "Порто" жамоасига ўтади.

2012 йилда эса, ўзига хос рекорд ўрнатади: Бор-йўғи 20 ёшида Португалия миллий чемпионатининг "Энг зўр ўйинчиси", деб топилади.

21 ёшида "Порто" билан бирга кетма-кет уч бор Португалия чемпиони бўлиб улгуради.

Ўтган йили эса, Хомес £38.5 миллион фунт стерлинг эвазига "Монако"га ўтиб, Радамел Фалкаодан кейин Колумбия тарихидаги энг қиммат иккита ўйинчидан биттасига айланади.

Родригесдан сал аввал Испания қироллик клуби Мюнхеннинг "Бавария"сидан жаҳон чемпиони Тони Кроосни ҳам сотиб олганди.

Аммо жамоа олмониялик ярим ҳимоячини қанчага сотиб олганини расман ошкор қилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ