Якуний рўйхатда: Рональду, Нойер ва Роббен

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

UEFA.com таснифида "Оврўпонинг энг зўр футболчиси" мақоми бу йил ана шу уч футболчидан бирига насиб этади.

Якуний номзодларни 2013-14 йилги футбол мавсумида кўрсатган ўйинларига қараб, журналистлар саралаб олишган.

Ягона ғолибнинг тақдири эса, 28 август куни маълум бўлади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Португалия ва Мадриднинг "Реал" жамоаси юлдузи Криштиану Рональду амалдаги "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси" саналади.

Олмония миллий терма жамоаси ва Мюнхеннинг "Бавария" клуби дарвозабони Мануэль Нойер эса, яқинда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг "Энг яхши дарвозабони", деб топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи getty images

Унинг ҳолландиялик жамоадоши Арьен Роббен футбол бўйича сўнгги икки жаҳон чемпионатида энг зўр тўпурарларга берилувчи "Олтин бутси"га даъвогарлар рўйхатига тушишга муваффақ бўлган футболчидир.

Арьен 2010 йилда "Олмониянинг энг зўр ўйинчиси", деб ҳам топилган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Нойер бу йил Олмония миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионлигини қўлга киритишида қўшган мислсиз ҳиссаси билан журналистларнинг эътиборига тушган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Роббен эса, "Бавария" сафида 21 та тўп киритишдан ташқари, Бразилияда Ҳолландия миллий терма жамоаси сафида рақиблари дарвозасини уч бор аниқ нишонга олган.

Жамоасининг жаҳон чемпионати бронза медалини қўлга киритишида катта ўрин тутган.

Криштиану Рональду эса, агар таъбир жоиз бўлса, "Реал"(Мадрид)ни қайта Оврўпо Чемпионлари чемпиони ва Оврўпо Суперкубоги соҳибига айлантирган футболчи саналади.

Ўзбекистонда ҳам катта сондаги мухлисларига эга Рональду сўнгги мавсумда "Реал" сафида рақиблари дарвозасини 17 бор забт этишга муваффақ бўлган.

UEFA томонидан бундан аввал:

2010-11

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

Лионель Месси ("Барселона")

2011-12

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Андрес Иньеста ("Барселона")

2012-13

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Франк Рибери ("Бавария")

"Оврўпонинг энг зўр ўйинчиси", деб топилишган.

Бу йилги ғолиб эса, Монакода бўлиб ўтажак Оврўпо Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич беллашувларига қуръа ташлаш маросими чоғида журналистларнинг танловига қараб аниқланади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бу йилги даъвогарларнинг юқори ўнлигидан: Томас Мюллер("Бавария"), Филипп Лам("Бавария"), Лионель Месси("Барселона"), Хамес Родригес("Реал" Мадрид), Луис Суарес("Барселона"), Анхел ди Мария("Реал" Мадрид) ва Диего Коста("Атлетико" Мадрид)лар ўрин олишга муваффақ бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ