Ҳозир Тошкентда бўлган Иорданияга янги Бош мураббий тайинланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Иорданияга энди Англия миллий терма жамоаси ва "қизил иблислар" собиқ ўйинчиси Рэй Уилкинс Бош мураббийлик қилади.

Хабарларга кўра, айнан Рэй Уилкинс Иорданияни Ўзбекистон ҳам ғолиблик учун кураш олиб борувчи 2015 йилги Осиё Кубогига олиб боради.

Сўнгги янгилик Австралия мезбонлик қилувчи ушбу нуфузли турнирга саноқли ойлар қолган бир пайтда ўртага чиқмоқда.

Бундан ташқари, ҳозир Тошкентда бўлган Иордания миллий терма жамоаси яна қисқа фурсатдан сўнг Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушади.

Аммо Ўзбекистонда жамоага Аҳмад Абу Исмоил Бош мураббийлик қилмоқда.

У яқинда ўтган йил июн ойидан бошлаб Иордания миллий терма жамоасига Бош мураббийлик қилиб келган мисрлик Ҳуссам Ҳассаннинг ўрнига тайинланганди.

Сўнгги хабарларга кўра, Иордания Футбол Федерацияси Президенти шаҳзода Али Бин ал-Ҳуссайн энди Рэй Уилкинсни ўзларига Бош мураббийлик учун энг мақбул номзод, деб топган.

Келаси йил январ ойида Ўзбекистон "В" гуруҳида ягона кубок учун курашини бошласа, Иордания "А" гуруҳида Сурия, Уммон ва Сингапур билан куч синашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, айнан Иордания Ўзбекистонни 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш бахтидан мосуво этган сўнгги жамоа бўлади.

Жамоа собиқ Бош мураббийси Ҳуссам Ҳассан бошчилиги остида дастлабки плей-офф босқич беллашувларида Ўзбекистонни сўнгги яримта йўлланмадан ҳам маҳрум этганди.

Аммо Иорданиянинг ўзи ҳам қитъалараро плей-офф босқичида Уругвайга енгилиб, Бразилияга боришнинг якуний имкониятидан маҳрум бўлганди.

57 ёшли Рэй Уилкинс бунгача "Челси" ва "Фулҳам" жамоаларида мураббийлик таъмини татиб кўрган.

Ўз вақтида Италия, Франция ва Шотландиянинг номдор клубларида ҳам тўп сурган жаноб Уилкинсга Иорданияда собиқ "Арсенал"чи Франк Стэплтон ёрдамчилик қилади.

Иордания миллий терма жамоаси англиялик янги Бош мураббийси қўл остидаги илк халқаро учрашувини шу йил 11 октябр куни ўтказади.

Жамоа 2015 йилги Осиё Кубоги олдидан Малайзияга қарши навбатдаги ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Шаҳзода Али Бин ал-Ҳуссайннинг ишонишича, Британиядан келажак янги Бош мураббий Иордания футболини қандай қилиб муваффақият сари элтишни яхши билади.

Иордания жорий пайтда ФИФА рейтингида Япония, Эрон ва Ўзбекистондан кейин Осиё қитъасининг энг кучли тўртта жамоасидан бири бўлиб турибди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ