Тожикистонлик футболчи нақ стадионнинг ўзида уйланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcistiklol.tj

Сўз Тожикистон миллий терма жамоаси ва ўз вақтида мамлакат президентининг ўғли Рустам Раҳмон ҳам тўп сурган "Истиқлол" жамоаси ярим ҳимоячиси Нуриддин Давронов ҳақида кетмоқда.

Расмий хабарларга кўра, Тожикистондаги аксарият оммавий-ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолмаган ғаройиб никоҳ тўйи республика Марказий стадионида бўлиб ўтган.

Бутунбошли стадион икки ёшнинг никоҳ тўйига яраша безатилган, пуфаклару, гулдасталар, никоҳ узукларию, икковлоннинг бошлари расман қовушганини бутун стадионга эшиттиришга қодир микрофонларгача, ҳамма нарса ўз ўрнида бўлган.

Хабарларга кўра, тожикистонлик машҳур футболчи Парвина Азизова исмли қизга уйланган.

Аммо хабарларда куёв боланинг ким экани алоҳида таъкидланса-да, келинчакнинг келиб чиқиши ҳақида сўз бормайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcistiklol.tj

Маълум бўлишича, антиқа никоҳ тўйи муаллифи тожикистонлик таниқли хонанда Ширинмоҳ Ниҳолованинг ўғли бўлади.

Тожикистоннинг Asia-Plus интернет нашри маълумотларига таянилса, Нуриддин катта футболга кичик йўлини "Минск" футбол клубидан бошлаган.

Орада маҳаллий "Энергетика" клубининг ёшлар жамоасида ҳам бир йилча тўп сурган.

2007 ва 2009 йиллар оралиғида эса, Москванинг "Локомотив" клубида ўз маҳоратини оширган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcistiklol.tj

Шундан сўнг, Тожикистоннинг энг номдор ва етакчи жамоаларидан бири бўлган "Истиқлол"га ўтган.

Нуриддиннинг "Истиқлол"га ўтиши эса, жамоа учун хайрли келади, улар Тожикистон миллий чемпионатида кетма-кет зафар қучишади.

Жамоа асосий таркибидан мустаҳкам ўрин олган футболчи куёв бола 2012 йилда "Тожикистоннинг энг зўр ярим ҳимоячиси", деб ҳам топилади.

Хабарларга кўра, Нуриддин Давронов Сербия ва Олмониядагиси дохил бир қанча хорижий клублар сафларида ҳам тўп суриб улгурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ