Тошкентда Россия ва Эрон ғалаба гаштини суришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи iawf

Бу икки мамлакат вакиллари умумжамоа ҳисобида спорт кураши бўйича Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган бу йилги жаҳон чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритишди. Аёллар баҳсларида эса, энг яхши натижани Япония жамоаси қайд этди.

Россиялик курашчилар чемпионатнинг дастлаб бўлиб ўтган эркин кураш баҳсларида 5 олтин ва бир бронза медали билан ҳаммадан кўп (62) очко тўплашга муваффақ бўлишганди.

Эрон жамоаси эса, Тошкентдаги биринчиликка якун ясаб берган юнон-рум кураши беллашувларида битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медали олиб, жаъми 42 очко билан қолган барча рақибларини ортда қолдириб кетди.

Юнон-рум кураши баҳсларида россиялик курашчилар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, эронлик курашчи Ҳамид Сориан Ўзбекистон пойтахтида кеча якшанба куни поёнига етган жаҳон чемпионатида ўзига хос рекорд ўрнатди.

Ҳамид Сориан 59 кг вазн тоифасида олтинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, юнон-рум кураши тарихида олтин медаллари сони бўйича россиялик афсонавий курашчи Александр Карелиндан кейин иккинчи энг кўп совриндор курашчига айланди.

Александр Карелин юнон-рум кураши бўйича 9 карра жаҳон чемпиони саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тошкент мезбонлик қилганига қарамай, сафларида номдор курашчилари оз бўлмаган Ўзбекистон жамоаси эркин ва юнон-рум кураши мусобақаларини биттадан бронза медали билан якунлади.

Ўзбекистонлик эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов 79 кг вазн тоифасида жамоаси ҳисобига илк медални келтирган бўлса, икки карра Осиё чемпиони Элмурод Тасмуродов 59 кг вазн тоифасида юнон-рум кураши баҳсларида совринли учинчи ўринни эгаллади.

Аёллар кураши баҳсларида эса, тўртта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритган Япония жамоаси энг яхши натижа қайд этди.

Бу яқин йиллар ичидаги энг йириги бўлиши кутилган Тошкентдаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан 800 дан зиёд курашчининг иштирок этиши айтилганди.

Бир ҳафталик турнир давомида курашчилар 24 вазн тоифасида уч хил кураш тури бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боришди.

Биринчилик иштирокчилари орасида ўнлаб амалдаги ва собиқ жаҳон чемпионлари ҳам бор эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи iawf

Расман 8 сентябр куни старт олган Тошкентдаги спорт кураши бўйича жаҳон чемпионати 14 сентябр куни ўз поёнига етди.

Жаҳон биринчилиги мудҳиш Эбола хасталиги ғарбий Африкани ўз забтига олган бир пайтга тўғри келгани билан ҳам халқаро оммавий-ахборот воситаларининг эътиборини ўзига тортди.

Ўзбекистон томонининг тавсияси билан FILA ғарбий африкалик тўққиз курашчининг жаҳон чемпионатида иштирок этишларига изн бермагани аён бўлди.

Бундан ташқари, расмий хабарларда бу мудҳиш хасталик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини ғарбий Африканинг олти давлати вакилларининг Тошкентга сафарини чеклашга ҳам мажбур қилгани айтилди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, айнан Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган йиллик конгресси чоғида Халқаро Кураш Федерациясини бундан буёғига Бутунжаҳон Кураш Иттифоқи (UWW), деб аташга ҳам келишиб олинди.

Ненад Лалович эса, конгресс иштирокчилари томонидан яна бир бор унинг раҳбари этиб сайланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ