Инчон: Ўзбекистон чорак финалга чиқолмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Миллий терма жамоа плей-офф учрашувини сўнгги дақиқаларда Саудия Арабистонига бой берди.

Ўйин 2:3 ҳисоби билан якунланди. Ўзбекистон ортга қайтадиган бўлди.

Яна бир чорак финалчини аниқлаб берган ўйинда ҳисобни 17-дақиқада Саудия Арабистони очди.

Аммо 1-бўлимнинг қўшимча дақиқаларида Жамшид Искандаров ҳисобни тенглаштирди.

53-дақиқада Бобур Йўлдошев томонидан киритилган автогол саудияликларга қўл келди.

Улар 1:2 ҳисобида олдинга чиқиб олишди.

Орадан 18 дақиқа ўтиб, Воҳид Шодиев ҳисобни 2:2 га етказди.

Шундан сўнг ҳам Ўзбекистонда ҳисобни ўз фойдаларига ҳал қилишнинг бир эмас, бир нечта яхши имконияти бўлди.

Аммо қўшимча дақиқада саудияликлар томонидан киритилган ягона тўп учрашув тақдирини ҳал қилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон уйга, Саудия Арабистони чорак финалга йўл оладиган бўлди.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон каби Осиё Ўйинларининг плей-офф босқичига чиққан Қирғизистон ва Тожикистон ҳам нимчорак финалдан пастга қулашди.

Қирғизистон кеча пайшанба куни бўлиб ўтган учрашувини Иорданияга 0:2 ҳисобида бой берди.

Тожикистон эса, бироз аввал поёнига етган ўйинда Ироққа 2:4 ҳисобида енгилди.

Шу пайтгача Япония, Ироқ, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Шимолий Корея ва Таиланд чорак финалга чиқишганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон плей-офф босқичига "В" гуруҳи пешқадами сифатида йўл олганди.

Миллий терма жамоа Гонг-Конг билан дуранг қайд этиб, Бангладеш ва Афғонистонни йирик ҳисобда мағлуб этганди.

Ўзбекистон илк ва ҳозирча сўнгги бор 1994 йилда Осиё Ўйинлари ғолиби бўлган.

Мазкур мусобақада миллий терма жамоалар таркиби асосан 23 ёшли футболчилардан иборат бўлиши тақозо этилади.

Мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, уларга фақат ёши 23да юқори уч нафар футболчини ўз сафларига олишга рухсат этилади.

Инчон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

XVII Ёзги Осиё Ўйинлари 14 сентябр куни Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида расман очилган ва 4 октябр куни ўз поёнига етади.

Расмий хабарларга кўра, бу йилги Ўйинларда Ўзбекистон шарафини 296 нафар спортчи спортнинг 32 тури бўйича ҳимоя этмоқда.

Ўйинларнинг еттинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги медалларнинг сони 12 тага етган.

Шундан 4 таси кумуш ва қолган саккизтаси бронзадир.

Медаллар жадвалида эса, Ўзбекистон жорий пайтда 18-ўринда бормоқда.

Инчондаги Осиё Ўйинларида минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон энг яхши натижа қайд этиб турибди.

Қозоғистон шу пайтгача 8 та олтин, 9 та кумуш ва 17 та бронза медали қўлга киритган.

Медаллар жадвалида эса, Хитой, Жанубий Корея ва Япониядан кейин тўртинчи ўринда бормоқда.

Қолган Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Туркманистон битта кумуш медали олишга муваффақ бўлган, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ