Голливуд жаҳон чемпионати можаросини ҳит қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Можаронинг ўзи эса, Гана миллий терма жамоасининг кўпроқ пул ишлаб олиш илинжида қилган жанжали билан боғлиқ.

Воқеа шу йил июн ойида Бразилияда, Португалияга гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг ҳал қилувчи якуний учрашуви арафасида юз берганди.

Минг нимчорак финалига йўлланманинг тақдири тикилган бўлмайдими, ганалик футболчилар пул зудлик билан етказилмаса, ўйинга тайёргарлик кўришдан бош тортишлари билан огоҳлантиришганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Чорасиз қолган Гана ҳукумати эса, махсус учоқда ўйинчилари учун Бразилияга 3 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пул юборишга мажбур бўлганди.

Энди эса, АҚШнинг “Bugeaters Films” ширкати худди шу можарони Голливуднинг ҳитига айлантирмоқчи.

Ширкат аллақачон таниқли сценарист Дэрил Вортон-Ригбини ишга ёллашга ҳам улгурибди.

Америкада энг оммабоп бўлган сериаллар сценарийси муаллифи Бразилиядаги ана шу пул жанжали асосида триллер ёзмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

“Бутунбошли ҳикоянинг ортида каттагина пул истагида ёнган футболчилар ва футбол туради. Аммо асосий воқеалар ана шу пул ишониб топширилган йигитчанинг сафари ва миллионлаб долларларни ўз вақтида етказолмаса, нималар рўй бериши атрофида кечади”, - дейди жаноб Вортон-Регби Би-би-си Жаҳон Хизмати билан суҳбатида.

“Мен бош қаҳрамонимнинг ҳам ганалик бўлишини истайман. Чунки бу ҳикояни “сўйлаб берувчи” одам африкалик бўлмаса, фильм ўхшамайди”, - дея ўз сўзларида давом этади у.

“Пул!”

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Португалияга қарши эртага ҳал қилувчи ўйин, деган тунда ганалик номдор ўйинчилар: Кристиан Атсу, Майкл Эссьен ва Альберт Адомаларнинг ҳар бири 100.000 АҚШ долларилик бўлиб олишганди.

Кейинчалик аён бўлишича, ўйинчилардан аксарияти қўлларига теккан пулни Португалияга қарши ўйин тугагунча кийиниш хонасида сақлашган.

Америкалик таниқли сценаристнинг айтишича, “фильмда кечажак воқеалар тўқима бўлмай, шундоқ ҳам ғалати бўлган ҳақиқий воқеага асосланади”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Тасаввур қилинг, полиция машиналари шоҳйўл бўйлаб шунча пулни зинғиллатиб олиб кетишмоқда. Бош ролда эса, ўз вақтида профессионал курашчи бўлган машҳур актёр Дуэйн Жонсондек бир йигитча...ва шу аснода шоҳйўлда юз беражак турли можаролар”, - дея ўз хаёллари билан бўлишади ёзувчи.

“Ҳозир янги фильм фалончи пайтда тайёр бўлади, дейишга эрта. Биз бу йўлда биринчи қадамимизни қўйдик, холос. Умид қиламанки, ажойиб бир сценарий ёзиш ва унинг ижросига масъул бир инсонни топишга муваффақ бўламиз. Бу ақлбовар қилмас ҳикоя ва менимча, бутун дунё бўйлаб томошабинларни ҳам бефарқ қолдирмайди”.

“Мен аллақачон фильмнинг афишасини ҳам кўз олдимга келтираяпман: ҳаммаёқда тўплар, стадион ва югуриб кетаётган йигитча...”.

Бу мавзуда батафсилроқ