‘Льюис чемпион қиламан деса, бизда болалар кўп’

Ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Марс Қўчқоров англиялик юлдуз боксчининг сўзларига ана шундай муносабат билдирди.

Яқинда Ўзбекистоннинг sports.uz интернет нашри Тошкентдан туриб Леннокс Льюис билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган ва буюк боксчи ўз суҳбатида, “агар ўзбекистонлик ёш иқтидор талабларига тўғри келса, унинг чемпионга айланиши учун шахсан ўзи ёрдам бериши мумкинлиги”ни баён қилганди.

“Мен Леннокс Льюиснинг сўзларини жудаям жиддий қабул қиламан. Чунки Леннокс профессионал. Осмондан олиб гапирмайди. Боксчиларимизни Олимпиада Ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида кўргандан кейин у ҳам қанақадир хулоса чиқарган-да”, - дейди ўзбекистонлик Бош мураббий Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ҳақли равишда жаҳон профессионал боксида ўз даврининг энг сара боксчилардан бири кўрилган Леннокс Льюис бу каби ваъдани “Чемпионни излаб” (In Search of Champions) лойиҳаси ҳақидаги саволга жавобида берган.

Суҳбат тафсилотларидан аён бўлишича, Леннокс Льюис янги лойиҳаси доирасида аллақачон бутун дунё бўйлаб 10 дан зиёд ёш боксчиларни кўздан кечиришга муваффақ бўлган.

Худди шу ўринда жаҳон бокс юлдузи ўзбекистонлик бокс иқтидорлари ҳам ушбу лойиҳа иштирокчилари бўлишлари мумкинлигини таъкидлаган.

Унга кўра, бунинг учун “исталган бокс устаси http://insearchofchampions.com/ интернет саҳифасига кириб, шартлар билан танишиб, рўйхатдан ўтади. Сўнгра кичик форматда машғулоти ва “спарринг”идан олинган видеолавҳаларни юклаб, ўзларига жўнатиши лозим бўлади”.

Ўзбекистонлик Бош мураббийнинг айтишича, ўзларида Леннокс Льюиснинг талабларига жавоб бериши мумкин бўлган боксчилар, албатта, бор.

“Льюисга ўхшаган одам шу боксчини ўзига олиб, жанглар, мусобақалар уюштириб берса, бизда бунақа болалар бор. Профессионал боксда асосан оғир вазн тоифаларини яхши кўришади, шу боис ҳам, улар жуда оммабоп бўлади. Бизда ҳам ҳозирги пайтда шунақа боксчилардан Рўстам Тўлаганов бор. Жудаям истеъдодли, жудаям зўр. Ундан ташқари, Бобур Йўлдошев, мана республика чемпиони бўлган. Ойбек Мамазулунов...Шунда ҳам, кимнидир алоҳида гапирмасдан, ҳаммасини айтишим мумкин. Ҳаммаси, ҳақиқатан, зўр боксчилар”, - дейди Марс Қўчқоров.

Ўз ўрнида, Бош мураббийнинг эътироф этишича, Леннокс Льюис даражасидаги профессионал боксчи ўзбекистонлик боксчиларга ҳам кўп нарсани ўргатиши мумкин.

“Биринчидан, Леннокс Льюис тактикани ўргатади. Рингда ўйлашни, қандай бокс тушишни ўргатади. Чунки жанг 12 раунд бўладиган бўлса, бутун раундлар давомида кучни қандай сарфлашни ўргатади. Буни тактика, дейилади. Бундан ташқари, профессионал боксда ўзининг сирлари бор. Бунинг ўз методикаси бор. Масалан, мен буларни Льюис билган даражада билмайман. Буни мен ўргата олмайман. Бунинг учун менга вақт керак. Мен профессионалларнинг мураббийи бўлишим лозим. Лекин Леннокс Льюис буни жудаям яхши билади”.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Леннокс Льюис профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида “Мутлақ енгилмас чемпион” мақомини шу кунгача ўзида сақлаб келаётган ягона боксчи бўлади.

Жаҳон бокс оламидаги кўпчилик томонидан барча замонларнинг энг буюк боксчиларидан бири сифатида кўрилади.

Профессионал рингда жаъми 44 та жанг ўтказган бўлса, шунинг 41 тасида ғалаба қозонган: Шундан 32 тасига рақибини нокаут қилиб, эришишга муваффақ бўлган.

38 ёшида жаҳон чемпиони мақомида катта рингни тарк этган тарихдаги учта буюк боксчидан биттаси саналади.

Леннокс Льюиснинг жаҳон бокс оламида тутган ўрнини алоҳида эътироф этган ўзбекистонлик Бош мураббий суҳбатдошимиз ҳам унинг катта рингни тарк этишига оид хабардан хафа бўлганини яширмайди.

“Льюис жудаям машҳур боксчи. Қандай мусобақа бўлмасин, ўзини ҳар томонлама кўрсатишга муваффақ бўлган боксчи: Жисмоний тарафдан ҳам, тактика жиҳатдан ҳам, техникаси билан ҳам...У жудаям ажойиб боксчи бўлган. Мен Леннокс Льюис боксни ташлаганида жудаям хафа бўлгандим. Чунки яна уч-тўрт йил бизларни телевизор экранларидан қувонтиради, деб ўйлагандим. Аммо у боксни ташлаб кетди”, - дейди Марс Қўчқоров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Артур Григорян, Руслан Чагаев, Баҳодир Мамажонов каби номдор боксчиларининг эришган ютуқлари Ўзбекистон бокс вакилларининг жаҳон профессионал рингларида нималарга қодир эканликларига ҳам далолат қилади.

Суҳбат ва суҳбатдош ҳақида

Ўз ўрнида эътироф этиш жоиз, sports.uz Леннокс Льюис каби жаҳоннинг буюк спортчиларидан бири билан Тошкентдан туриб суҳбат уюштиришга муваффақ бўлган Ўзбекистондаги саноқли нашрлардан бири бўлади.

Агар, бу спорт порталининг иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмагани назарда тутилса, бу – улар эришган муваффақиятнинг аҳамиятига ҳам далолат қилади.

Sports.uz интернет нашри Бош муҳаррири Даврон Азизовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, келажакда йирик бир спорт агентлигига айланиш каби ўз олдларига қатор мақсадларни қўйишган ва буюк боксчи билан эксклюзив суҳбат ҳам худди шу истаклари доирасида амалга оширилган.

“Биз шу мақсадда бир қанча лойиҳаларга қўл урганмиз. Бу лойиҳалар қаторида боксчи бўладими, футболчи ёки теннисчи, жаҳон спортида ўз ўрнига эга, катта муваффақиятларга эришган спортчилар билан эксклюзив суҳбатлар уюштириб, уларни оммага етказиш режаси ҳам бор”, - дейди суҳбатдошимиз.

Даврон Азизовнинг айтишича, Леннокс Льюис билан суҳбат, ҳозирча, ана шу лойиҳа доирасида амалга оширган биринчи ишлари бўлади.

“Бунинг бафуржа сирини айтишга шошмай тураман. Бу, дейлик, ўз порталимизнинг журналистик сири бўлиб қола қолсин. Лекин, асосан, биз интернет орқали Леннокс Льюиснинг агентлари билан боғланишга муваффақ бўлганмиз. Бу суҳбатни олиш учун салкам 3-4 ой вақт кетди. Шунча вақт давомида музокаралар олиб бориб, суҳбатни қандай шаклда беришимиз, нималарга эътибор қаратишимизни дўстона муҳокама қилганмиз. Ва, мана, кўриб турганингиздек, Ўзбекистон қолиб, хориждан ҳам бизга қўнғироқ қилиб, мухлисларимиз ташаккурлар билдиришаяпти”, - дейди sports.uz спорт портали муҳаррири.

Суҳбатдошимизга кўра, бокс Ўзбекистонда футболдан кейин энг севиб тингланадиган, ўқиладиган ва томоша қилинадиган спорт тури бўлгани учун ҳам, илк суҳбатдошларини танлашда устунликни Леннокс Льюисга беришган.

“Биз буни ўз суҳбатимизда ҳам таъкидлаб ўтганмиз: Ҳозирги кунда жаҳон профессионал боксида “Мутлақ енгилмас чемпион” мақомига эга бўлиб турган ягона боксчи бу – Леннокс Льюис. Шундай экан, турган гапки, энг катта эътибор ҳам унга қаратилади. Шу сабабдан ҳам, биз айнан Леннокс Льюисни меҳмон сифатида сайтимизга таклиф қилганмиз”, - дейди sports.uz портали муҳаррири.

“Албатта, саволларимизга жавобларни олганимиздан кейин хурсанд бўлдик. Чунки, ҳали айтиб ўтганимдек, бу суҳбатни уюштириш учун салкам уч-тўрт ой ҳаракат қилганмиз. Шунча вақт қилган умидларимиз зое кетмагани ва якунида тўлиқ бир суҳбатга имконли бўлганимиз учун ҳам, албатта, мамнунлигимизнинг чеки бўлмади”.

“Аммо бу – бизнинг энг сўнгги маррамиз эмас. Бундан ҳам юксакроқ марраларга эришишга ҳаракат қиламиз. Чунки бу – шов-шув кетидан қувиш эмас. Мақсадимиз – Ўзбекистонда боксга бўлган қизиқишни янада ошириш. Леннокс Льюис билан суҳбатни ўқиган ёш боксчилар ёки энди бокс оламига қадам қўяётган ёшларимиз, “Мен ҳам мутлақ чемпион бўламан”, деган маънода ҳаракат қилишади”.

Суҳбатдошимиз, бундан кейин ҳам ушбу лойиҳалари устида ишлашда давом этишларини айтаркан, бундан кейинги меҳмонлари қай бир буюк спортчи бўлишини аввалдан ошкор қилиш ниятида эмаслигини билдиради.

“Дейлик, озгина бўлса ҳам, сир бўлиши керак. Чунки бу нарса мухлисларга янгилик бўлиши лозим. Лекин фақатгина кейинги юлдуз суҳбатдошимиз футбол оламидан бўлишини айтишим мумкин, холос”, - дейди Ўзбекистондаги sports.uz спорт портали Бош муҳаррири Даврон Азизов.

Бу мавзуда батафсилроқ