Равшан Эрматов Ҳиндистон Суперлигасида ҳам ишлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳиндистон етакчи нашрлари тарқатган бу каби хабарларни Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар бошқармаси бошлиғи ҳам расман тасдиқлади.

Ноил Лутфуллин жанобларининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, яқинда ҳинд томонининг бу хусусдаги сўровини қондиришган.

Суҳбатдошимизга кўра, айни келишув асосида ўзбекистонлик номдор ҳакам 15 ноябрдан 25 ноябргача Ҳиндистон Суперлигасида ишлайди.

Ҳиндистондаги ҳакамлик фаолияти давомида Равшан Эрматовга ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилишади.

“Бизда миллий чемпионат якунланди. Шу боис, биз ҳам унинг Ҳиндистонга боришини маъқулладик”, - дейди суҳбатдошимиз.

Футбол бўйича илк Ҳиндистон Суперлигаси шу йил 12 октябр куни старт олган.

Тижорий асосда ташкил қилинган ушбу биринчилик ғолиби 20 декабр куни маълум бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Яъни, Суперлига якунида юқори тўртликка киришга муваффақ бўлган жамоалар ярим финалга чиққан ҳисобланишади.

Финалчилар эса, ҳар икки жавоб учрашуви натижасига мувофиқ аниқланади.

Ҳиндистон чемпионлиги учун эса, жаъми саккизта жамоа кураш олиб боришади.

Суҳбатдошимизга кўра, Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасининг айнан қайси учрашувларда ишлаши ҳозирча маълум эмас.

Ҳам Ўзбекистон ва ҳам Ҳиндистон нашрларида бу хусусда чоп этилган хабарларда улар фаолиятининг молиявий жиҳатлари хусусида аниқ бир маълумот айтилмайди.

Ҳиндистон тарихида илк бор уюштирилаётганига қарамай, Суперлига масъуллари аллақачон ўнлаб хорижий футболчиларни ҳинд тупроғига келтиришга муваффақ бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дейлик, “Delhi Dynamos” жамоаси яқин-яқингача Италия ва жаҳон футболи юлдузи бўлган Алессандро дел Пьерони қўлга киритган.

Агар, Ҳиндистондаги нуфузли “The Times of India” нашри келтирган маълумотларга таянилса, номдор футболчи жамоага бор-йўғи тўрт ой учун қарийб 2 миллион АҚШ долларига тушган.

Нашрнинг ёзишича, ана шу шартномаси ортидан, Алессандро дел Пьеро Ҳиндистон Суперлигасидаги энг кўп маошли футболчига айланган.

Ҳиндистон Суперлигаси тартиб-қоидаларига мувофиқ, ҳар бир саккиз жамоа таркибидаги ўйинчиларнинг етти нафари хорижлик бўлиши шарт этиб қўйилган.

Ҳинд тупроғида аллақачон ғолиблик учун ўз курашларини бошлаб юборган бу каби футболчилар орасида эса, Испания, Франция, Колумбия, Швеция, Бразилия, Португалия, Дания, Англия, Аргентина, Жанубий Корея, Италия, Чех Республикаси ва яна қатор Африка давлатлари вакилларини учратиш мумкин.

“The Times of India” нашрининг ёзишича, Ҳиндистон Суперлигаси яна Жарред Жиллет бошчилигидаги австралиялик ҳакамлар бригадасини ҳам кўз остига олган.

Суперлиганинг “Atletico de Kolkata” ва “Mumbai City” жамоалари ўртасидаги илк очилиш учрашувини ҳам америкалик ҳакам Крис Пенсо ўз ёрдамчилари билан бирга бошқаргани хабар берилганди.

Кетма-кет тўрт марта Осиёнинг энг зўр ҳаками бўлган Равшан Эрматов эса, жаҳоннинг энг номдор ҳакамларидан бири саналади.

У футбол бўйича сўнгги икки жаҳон чемпионатида бошқарган жаъми (9 та) учрашувларининг сони бўйича шу йил Бразилияда ўзига хос жаҳон рекорди ҳам ўрнатган.

Аён бўлишича, Ҳиндистон томони жаҳон футбол оламининг юлдуз футболчилари ва номдор ҳакамларини таклиф қилиш билан ўз Суперлигаларини ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро миқёсда тарғиб қилмоқчи. Унинг тезроқ оёққа туриб олишига имкон яратмоқчи.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ