Равшан Эрматов ҳакамлик қилган ўйинда Бразилия ғолиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Халқаро ўртоқлик учрашуви Истанбулда бўлиб ўтди. Бразилия мезбон Туркия миллий терма жамоасини йирик 0:4 ҳисобида мағлуб этди.

Неймар чоршанба кунги учрашувда қўшалоқ гол муаллифига айланган бўлса, қолган тўпларни Кайя ва Виллиан ўз ҳисобларига ёзишди.

Ўзбекистонлик номдор ҳакам сўнгги бор Бразилия миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинни 2013 йилги Конфедерация Кубоги чоғида бошқарганди.

Равшан Эрматов мезбон Бразилия жамоасининг Италияга қарши гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувига ҳакамлик қилган ва унинг ўша ўйиндаги фаолияти Луиз Фелипе Сколари шогирдларининг норозиликларига сабаб бўлганди.

ФИФА вакили ҳам Бразилия йирик (4:2) ҳисобда ғалаба қозонган ўша учрашув ортидан, "ўзбекистонлик номдор ҳакам Италиянинг иккинчи тўпини ҳисобга олиб, ўйинда хатога йўл қўйганини тан олган"ини баён қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо бундан кейин Равшан Эрматов шу йил ёз ойида Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионатида ишлаган ва сўнгги икки биринчиликда бошқарган жаъми ўйинларининг сонини 9 тага етказиб, ўзига хос рекорд ҳам ўрнатганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ўзлари мезбонлик қилган сўнгги жаҳон биринчилигидаги муваффақиятсиз иштироки ортидан, жаноб Сколарининг ўрнига яна қайтиб Дунга Бош мураббий этиб тайинланган.

Жамоа Истанбулдаги халқаро ўртоқлик учрашувига ҳам Дунга қўл остида майдонга тушганди.

Орада миллий терма жамоада интизомни яхшилаш учун махсус тартиб-қоидалар ишлаб чиқилгани ҳам хабар берилганди.

Буни Бразилия миллий терма жамоасининг эски янги Бош мураббийи ва мамлакат Футбол Уюшмаси ҳам тасдиқлаганди.

Расмий хабарларга кўра, Равшан Эрматов Туркия Футбол Уюшмасининг таклифи билан чоршанба кунги халқаро ўртоқлик учрашувига ҳакамлик қилган.

Ўзбекистонлик номдор ҳакамнинг энди футбол бўйича Ҳиндистон Суперлигасида ишлаш учун тез орада Деҳлига жўнаб кетиши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Яқинда етакчи ҳинд нашрлари тарқатган бу каби хабарларни Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар бошқармаси бошлиғи ҳам расман тасдиқлаган ва Равшан Эрматов 15 ноябрдан 25 ноябргача Ҳиндистонда ҳакамлик қилишини айтганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бутун собиқ Шўро давлатлари назарда тутилганда, Равшан Эрматов Ҳиндистон тарихида бу йил илк бор йўлга қўйилган Суперлигага таклиф этилган ҳозирча ягона ҳакам бўлади.

Бунинг ортидан, ўзбекистонлик номдор ҳакам футбол бўйича 2015 йилги Осиё Кубогида ишлаш учун Австралия жўнаб кетади.

Ўзбекистон конфедерациянинг навбатдаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлайдиган ягона аъзоси бўлади.

Яъни, Равшан Эрматовдан ташқари, Ўзбекистондан яна Виктор Коваленко бошчилигидаги гуруҳ ҳам Австралияда ҳакамлик қилади.

Осиё Кубогининг ўзи 2015 йилнинг январ ойида бўлиб ўтади.

Агар, Осиё Футбол Кофедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 2015 Осиё Кубогида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Жамоа ўтган йил охирида муддатидан илгари ва кетма-кет олтинчи бор бу каби ҳуқуқни қўлга киритганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этиб, ярим финалга чиққан.

Қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳининг Бразилиядаги жаҳон чемпионати ортидан ишлаш учун таклиф олган яна бир нуфузли халқаро турнири бўлади.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири, деб топилганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Равшан ўз ҳакамлик фаолияти давомида эришган оламшумул ютуқлари билан Осиё футболи тарихига ҳам кирган.

Равшан Эрматов тўрт карра “Осиёнинг энг зўр ҳаками” саналади.

У сўнгги Осиё Кубоги ва клублар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг финал учрашувларини ҳам бошқарган.

Яқинда эса, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети Равшан Эрматовни “Фахрий профессор”лик унвони билан ҳам тақдирлади.

Равшан Эрматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий нишони соҳиби ҳам саналади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ