Осиё Кубоги, Австралия: Ўзбекистондан муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу соатларда Австралияда футбол бўйича 2015 йилги Осиё Кубоги старт олди.

Ушбу нуфузли турнирда Ўзбекистон дохил қитъанинг 16 миллий терма жамоаси ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Бу - Австралиянинг илк бор Осиё Кубогига мезбонлик қилиши бўлади.

Бу йилги Осиё Кубогининг расмий очилиш тантаналари бироз аввал Мельбурндаги 30.050 кишилик "Rectangular" стадионида бўлиб ўтди.

Ғолиблик учун курашни эса, мезбон Австралия ва Қувайт миллий терма жамоалари бошлаб беришди.

Мезбон миллий терма жамоа ўзбекистонлик номдор ҳакам Равшан Эрматов бригадаси бошқарган очилиш учрашувида Қувайтни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Учрашувнинг 1-бўлими 2:1 ҳисобида мезбон Австралиянинг ғалабаси билан якунланди.

Бу йилги Осиё Кубоги очилиш учрашувининг илк тўпини Қувайт миллий терма жамоаси ўз ҳисобига ёзган эса-да, бу - уларни йирик мағлубиятдан қутқара олмади.

Очилиш учрашувида ҳисобни очган биринчи тўп муаллифи - қувайтлик Али Ҳусайн Фатҳий, барибир, Осиё Кубоги тарихига кирадиган бўлди.

Ўз тупроғида Осиё чемпиони бўлиш иштиёқида ёнган мезбон Австралия эса, гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг илк учрашувиданоқ 3 очко жамғарди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, агар кейинги босқичга чиқса, Ўзбекистон чорак финалга чиқиш учун курашда айнан мезбон Австралияга тўқнаш келиши эҳтимоли ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, шу соатларда Ўзбекистондаги барча футбол аҳлининг нигоҳи телевизион экранларига қадалган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қитъа тарихидаги 16-Осиё Кубоги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари орасида аллақачон катта қизиқишга сабаб бўлган:

Ҳали турнир арафасидаёқ Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган турли интернет нашрлари маҳаллий мухлисларнинг юзлаб изоҳларию муносабатларига тўлиб-тошганди.

2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида Ўзбекистон тарихий натижа қайд этиб, турнирнинг ярим финалига чиққан.

Агар, футболга ихтисослашган турли интернет нашрларида қолдираётган фикрларига таянилса, ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти бу йил ўз жамоаларидан Осиё чемпионлигини кутишмоқда.

Янги Осиё чемпиони эса, 31 январ кунги финал учрашуви ортидан маълум бўлади.

ШУНДАЙ ЭКАН: Бугун старт олажак Осиё Кубоги ўйинларини келаси 22 кун давомида қачон, қаерда ва қандай қилиб томоша қилмоқчисиз? Бу галги турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, бу йил қитъанинг қай бир миллий терма жамоасида Осиё чемпиони бўлиш имконияти юқори? Жавобларингиз учун аввалдан раҳмат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ