Афғонистонни Жанубий Осиё чемпиони қилган мураббийси пичоқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFF

Хабарларга кўра, Муҳаммад Юсуф Коргар ўтган тун ҳужумга учраган ва боши дохил бир неча еридан жароҳат олган.

Ҳодиса Бош мураббийнинг пойтахт Кобулдаги уйи яқинида юз берган.

Хабарларга кўра, ҳужумга тутилган пайтда жаноб Коргар тўйдан қайтаётган бўлган.

Асосий зарбани бошидан еган: Белидан ташқари, бошига бир неча бор пичоқ урилган.

Унинг тезда касалхонага етказилгани, жароҳати жиддий эса-да, ҳозирда аҳволи мўътадиллашгани айтилмоқда.

Айрим маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, номдор мураббий жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказган.

Ҳужумчиларнинг сони, шахси ва мақсадлари, ҳозирча, аниқ маълум эмас.

Маҳаллий расмийларнинг айтишларича, юз берган ҳодиса юзасидан аллақачон текширув ишлари ҳам бошланган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳужум – футбол бўйича Афғонистон миллий терма жамоасининг янги таркиби эълон қилинишидан бор-йўғи бир неча кун ўтиб кузатилмоқда.

Мураббийлар штаби 2014 йилги Осиё Чақирув Кубогидаги муваффақиятсиз иштироки ортидан, жамоанинг сафларига кўпроқ четда тўп сурувчи футболчиларни жалб этишга қарор қилганди.

Осиё Чақирув Кубоги ғолиби эса, 9 январ куни Австралияда старт олган Осиё Кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритарди.

Бошқа томондан, янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган ўтган уч ой ичида, айниқса, пойтахт Кобулда толибларнинг жуда фаоллашгани ҳам кузатилади.

Таҳлилчилар эса, бу каби зўравонликлар манзарасида Кобул Толибоннинг янги "жанг жабҳаси"га айлангани ҳақидаги баҳоларгача боришганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон миллий терма жамоасининг 52 ёшли Бош ҳаммураббийси мамлакат футболи тарихидаги энг номдор шахсиятлардан бири саналади.

Собиқда ўзи ҳам машҳур футболчи бўлган Муҳаммад Юсуф Коргар жаноблари қарийб 5 йилдан буён Афғонистон миллий терма жамоасига бошчилик қилиб келади.

Ундан аввал эса, жаноб Коргар терма жамоа Бош мураббийсига ёрдамчилик қилган, Афғонистон ёшлар миллий терма жамоасини ҳам бошқарган.

Жамоа унинг Бош мураббийлиги остида ўз тарихидаги энг катта ютуқларга эришган: 2011 йилда Жанубий Осиё Кубогининг финалига чиққан, орадан икки йил ўтиб эса, Жанубий Осиё чемпиони бўлган.

Таъкидлаш жоиз, шу каби муваффақиятлари билан кечган сўнгги икки йил ичида Афғонистон миллий терма жамоаси ФИФАнинг “Fair Play” совринини қўлга киритган.

Афғонистон Футбол Уюшмаси эса, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан қитъада энг зўри, деб топилган.

Афғонистон футбол аҳли Бош ҳаммураббийни доимо мамлакат байроғини баланд кўтариб келган шахс сифатида эътироф этади.

Ўтган йил Муҳаммад Юсуф Коргар Афғонистон Футбол Уюшмаси томонидан мамлакат футболи тарихидаги энг таниқли ва обрўли, қисқача қилиб айтганда эса, “футбол одами”, деб топилганди.

Жорий пайтда олмониялик мураббий Эрих Рутемёллер жаноб Коргар билан бирга Афғонистон миллий терма жамоасига ҳаммураббийлик қилмоқда.

У 2014 йил бошида Афғонистон Футбол Уюшмаси билан икки йилга шартнома имзолаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ