Криштиану Рональду яна жаҳоннинг 'Энг зўр футболчиси'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу - Португалия ва "Реал"(Мадрид) юлдузининг кетма-кет иккинчи бор бу каби нуфузли мақомга лойиқ, деб топилишидир.

Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси таснифида жаҳон футболида йилнинг энг яхшилари кеча душанба куни Цюрихда аниқланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бундан аввал 2008 йилда ҳам ушбу мукофотни қўлга киритган Криштиану Рональду эса, ўз ҳисобидаги "Олтин тўп"ларининг сонини учтага етказди.

Криштиану ўтган йили ўз футболчилик карьерасида илк бор УЕФА таснифида "Оврўпонинг энг қойилмақом ўйинчиси", деб ҳам топилганди.

12 январ кунги тантанали маросим чоғида яна: “Жаҳоннинг энг зўр аёл ўйинчиси”, энг қойилмақом эркак ва аёл мураббийлари, "Fair Play” (“Холис ўйин учун”), "Ференц Пушкаш" (“Энг ажойиб тўп муаллифи") ва ФИФА президенти совринининг янги соҳиблари маълум бўлди. Яна шунингдек, FIFPRO рамзий терма жамоаси аъзолари ҳам аниқланди.

Қолган совриндорлар билан танишинг:

"Жаҳоннинг энг зўр аёл футболчиси", деб Надин Кесслер (Олмониянинг "Вольфсбург" клуби футболчиси) топилди.

Колумбия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Хамес Родригес эса, "Йилнинг энг ажойиб голи соҳиби"га айланди.

Бу йилги "Fair Play” (“Холис ўйин учун”) совриндорлари ҳаммани ҳайрон қолдиргани аниқ: Мукофот Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги жаҳон чемпионатини уюштиришга ёрдам берган бир гуруҳ кўнгиллиларга берилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жаҳонда йилнинг энг яхши эркак мураббийи деб эса, амалдаги жаҳон чемпиони бўлмиш Олмония миллий терма жамоаси Бош мураббийи Йоахим Лев топилди.

Олмониянинг "Вольфсбург" аёллар жамоаси устози Ральф Келлерма кечаги маросим ортидан, "Жаҳоннинг энг яхши аёл Бош мураббийси"га айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FIFA

FIFPRO рамзий терма жамоаси аъзолари ҳам аниқланди - Дарвозабон: Мануэль Нойер. Ҳимоячилар: Серхио Рамос, Филипп Лам, Тьяго Силва ва Давид Луиз. Ярим ҳимоячилар: Тони Кроос, Анхел Ди Мария ва Андрес Иньеста. Ҳужумчилар: Лионель Месси, Криштиану Рональду ва Арьен Роббен.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Япониялик фахрий журналист Хидоши Кагава эса, Япония футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун ФИФА президенти совринини қўлга киритди.

Рональду

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Яқинда эса, Американинг нуфузли “Тайм” журнали Португалия футболи юлдузини “Дунёнинг 100 та энг қудратли инсони” рўйхатига киритганди.

Португалиялик сара ҳужумчи бугун футболга бефарқ бўлмаган аксарият томонидан ҳақли равишда жаҳондаги иккита энг зўр ўйинчидан биттаси деб тан олинади.

Криштиану Рональдо 2009 йилда дунёдаги энг қиммат биринчи футболчи сифатида ҳам тарихга кирган.

Испаниянинг наҳанг "Реал"(Мадрид) жамоаси уни Англиянинг қизил иблисларидан ўша пайтда рекорд - 80 миллион АҚШ долларига сотиб олганди.

Криштиану Рональдо бир боланинг отаси ва россиялик машҳур модел Ирина Шейк билан юради.

Португалиялик футбол юлдузи ўзининг Ғазо Бўлгасидаги хайрияпарварлик ишлари билан ҳам араб дунёсида анча ном чиқарган.

Собиқ жамоадоши ва ҳозирда Лондоннинг "Арсенал" клуби ўйинчиси Месут Ўзил яқинда берган суҳбатида Криштиану Рональдога "Қуръони Карим" сураларини ўргатгани ҳақида ҳам айтиб ўтганди.

Рональду ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рональдунинг “Реал”(Мадрид) жамоаси катта сондаги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жон куйдириб мухлислик қиладиган саноқли хорижий клублардан бўлади.

Маҳаллий футбол ишқибозлари бу жамоа иштирокидаги ўйинларни деярли қолдирмай кузатиб боришади.

Испания Ла Лигасидаги пичоққа илингудек ҳеч бир хабар ҳам Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган бирор бир нашр эътиборидан четда қолмайди.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Рональду Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Васийлик кенгаши раиси бўлган Фонд Форумнинг таклифи билан 2009 йилда Тошкентга ҳам келган.

Худди ўша пайтда Фонд Форум юлдуз футболчи билан ҳамкорликка оид меморандум имзолашга ҳам муваффақ бўлгани айтилганди.

Сўнгги хабар Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган қатор интернет нашрларида ҳам маҳаллий ишқибозларининг қизғин муносабатларига сабаб бўлган.

Ўз фикрлари билан ўртоқлашган аксарият Рональду, “Реал”(Мадрид) ва бир-бирларини сўнгги янгилик билан табриклаган.

Криштиану бу йил ушбу мақомга энг лойиқ футболчи бўлганини исботлашга уринган.

Аммо қолдирилган фикрлар орасида, “Ҳаммаси кутилган шахсларга топширилди. Фақат, ҳимоячиларда ҳақиқатан баҳслашса бўладиган вазият ва чиройли голни иккига бўлиш керак эди. Сабаби, Ван Персининг голи қолган ҳеч бириникидан қолишмасди. “Олтин тўп”нинг соҳиби эса, анча олдин маълум бўлганди”, - деган мазмундагилари ҳам, саноқли бўлса-да, учрайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ