Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон чорак финалда

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида кетма-кет тўртинчи бор Осиё Кубогининг чорак финалига чиқди.

Жамоа гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг якуний тур учрашувида Саудия Арабистонини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистон 3 ўйиндан 6 очко жамғарган ҳолда, "В" гуруҳидан плей-офф босқичига чиққан иккинчи миллий терма жамоа бўлди.

Гуруҳнинг бугун бўлиб ўтган иккинчи учрашувида эса, Хитой 2:1 Шимолий Кореяни ҳам мағлуб этди.

Жамоа уч ўйиндан 9 очко жамғарган ҳолда, "В" гуруҳи пешқадамлигини сақлаб қолди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бугунги натижалар ортидан, Ўзбекистон чорак финалда "А" гуруҳи етакчиси Жанубий Корея, Хитой эса, иккинчи ўрин соҳиби мезбон Австралияга қарши тўп сурадиган бўлди.

Бу икки чорак финал беллашуви 22 январ кунига режаланган.

Ўйин тарихчаси

Ўзбекистон ҳал қилувчи учрашувда ҳисобни биринчи бўлиб очди:

Ҳали 2-дақиқадаёқ Сардор Рашидов жамоасини 1:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди.

1-бўлим Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

59-дақиқада рақиб ўйинчиси ac-Саҳлавий ўйинда ҳисобни тенглаштирди:

Австралиялик ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима тўпини аниқ амалга оширди.

Аммо 71-дақиқада Воҳид Шодиев ва орадан етти дақиқа ўтиб, яна Сардор Рашидов томонидан киритилган тўплар якшанба кунги учрашувда Ўзбекистоннинг мутлақ ғалабасини таъминлади.

Ўзбекистонлик ёш футболчи Сардор Рашидов эса, учрашув қаҳрамонига айланди ва энг зўр ўйин кўрсатган ўйинчи, деб топилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"В" гуруҳидан иккинчи йўлланма тақдирини ҳал қилувчи 3-тур учрашуви мезбон Австралиянинг Мельбурн шаҳрида Тошкент вақти билан тушки соат 14:00 да старт олди.

Таъкидлаш жоиз, бу йилги Осиё Кубогининг плей-офф босқичига чиқиши учун Саудия Арабистонига бугунги ўйинда дуранг натижанинг ўзи ҳам кифоя қиларди.

Ҳал қилувчи якуний тур учрашувлари арафасида Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳисобида 3 тадан очко бўлиб, тўплар нисбатидаги фарқ Саудия Арабистони томонида эди.

Шу боис ҳам, сўнгги учрашувида Ўзбекистонни дуранг натижа қониқтира олмасди.

Дастлабки икки учрашувини кетма-кет ғалаба билан бошлаган Хитой эса, гуруҳдан муддатидан илгари чорак финалга чиққан биринчи миллий терма жамоа бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шу пайтгача Осиё Кубоги доирасида бир-бирига қарши уч бор тўп сурган.

Шунинг иккитаси Саудия Арабистони фойдасига ҳал бўлган, қолган биттасида Ўзбекистон ғалаба қозонган.

Бу - Саудия Арабистони учун ўнинчи, Ўзбекистон учун эса, ўз тарихидаги олтинчи Осиё Кубоги бўлади.

Саудия Арабистони уч карра Осиё чемпиони, икки бор кубокнинг кумуш медали совриндори бўлган жамоа саналади.

Икки маротаба Осиё Кубогининг чорак финалчиси бўлган Ўзбекистон эса, бу турнирда ўзининг рекорд натижасини 2011 йил Қатарда қайд этган.

Ўша йили Осиё Кубогининг ярим финалига чиққан. 16 январ куни поёнига етган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 2-тур учрашувлари ортидан, мезбон Австралия, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Япония муддатидан илгари плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилишган.

“Д” гуруҳининг иккинчи чорак финалчилари 20 январ кунги якуний тур учрашувлари ортидан маълум бўлади.

9 январ куни Австралияда старт олган бу йилги Осиё Кубоги 31 январ куни якунланади.

Жорий пайтда тўрт карра Осиё чемпиони Япония амалдаги кубок соҳиби саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ