Осиё Кубоги: Равшан Эрматов учинчи учрашувини бошқаради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонлик номдор ҳакам бошчилигидаги бригада бугун 20 январ куни Япония-Иордания учрашувида ишлайди.

“D” гуруҳи саралаш босқич беллашувларининг якуний тур учрашуви Тошкент вақти билан тушки соат 14:00 да бошланади.

Мельбурндаги “Rectangular” стадионида бўлиб ўтажак ўйинда Равшан Эрматовга қанотларда Абдуҳамидилло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) ёрдам беришади.

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси бунгача мезбон Австралия ва Қувайт ўртасидаги Осиё Кубогининг очилиш учрашувига ҳакамлик қилган.

Қатар ва Эрон миллий терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашувини бошқарган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Австралияда Ўзбекистонни бир эмас, иккита ҳакамлар бригадаси намоён этади.

Иккинчи бригадага ўзбекистонлик бошқа бир ҳакам Валентин Коваленко бош бўлади.

Агар, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Яъни, Ўзбекистон конфедерациянинг Австралиядаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлаётган ягона аъзоси бўлади.

Эслатиб ўтиш жоиз, бугунги якуний тур учрашувларида “D” гуруҳининг иккинчи чорак финалчиси аниқланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Дастлабки икки учрашувини ғалаба билан якунлаган тўрт карра Осиё чемпиони ва амалдаги кубок соҳиби Япония эса, гуруҳдан муддатидан илгари чорак финал босқичига йўлланмани нақд қилган биринчи миллий терма жамоа бўлган.

Иккинчи йўлланма учун кураш Ироқ ва Иордания ўртасида кечади.

Бунгача биттадан ғалаба ва биттадан мағлубият қайд этган бу икки миллий терма жамоа ҳисобида учтадан очко бор.

Аммо 2-тур учрашувида Фаластинни йирик (5:1) ҳисобда мағлубиятга учратгани боис, тўплар нисбати Иордания фойдасига.

Шу туфайли ҳам, бугунги учрашувида дуранг натижа ҳам Иорданияни кейинги босқичга олиб чиқади.

Яна шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, бугунги ғолиб 2015 йилги Осиё Кубогининг сўнгги чорак финалчиси бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

16 январ куни поёнига етган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 2-тур учрашувлари ортидан, мезбон Австралия, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Япония муддатидан илгари плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилишган.

Ўзбекистон эса, якшанба кунги якуний тур учрашувида Саудия Арабистонини йирик 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўз тарихида кетма-кет тўртинчи бор Осиё Кубогининг чорак финалига чиққан.

Бу йилги Осиё Кубогининг чорак финал беллашувлари 22 январ куни старт олади.

Ўзбекистон худди ўша куни ярим финалга чиқиш учун Жанубий Кореяга қарши тўп суради.

9 январ куни Австралияда старт олган бу йилги Осиё Кубоги 31 январ куни якунланади.

Жорий пайтда тўрт карра Осиё чемпиони Япония амалдаги кубок соҳиби саналади.

Бу – Равшан Эрматов учун ўз ҳакамлик карьераси давомидаги учинчи Осиё Кубогидир.

Беш карра “Осиёнинг энг зўр ҳакам”и 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогининг Австралия ва Япония ўртасидаги финал учрашувини ҳам бошқарган. Жаъми тўртта ўйинида ишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ