Равшан Эрматов бошқарган ўйинда Австралия ғолиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу йилги иккинчи финалчини аниқлаб берувчи учрашув мезбон Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида бўлиб ўтди.

27 январ кунги иккинчи ярим финал учрашуви Тошкент вақти билан тушки 14:00 да бошланди.

Ҳал қилувчи ўйин New South Wales штатининг "Ньюкасл" стадионида бўлиб ўтди.

Рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этган Австралия Осиё чемпионлиги учун курашини давом эттирадиган бўлди.

Бу йилги Осиё Кубогининг иккинчи ярим финал учрашувини ўзбекистонлик номдор ҳакам Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада бошқарди.

Равшан Эрматовга қанотларда Абдуҳамидилло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) ёрдам беришди.

Бу – ўзбекистонлик номдор ҳакам 2015 йилги Осиё Кубогида ишлаётган тўртинчи учрашув бўлди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан Эрматовга бу йилги турнирнинг очилиш учрашуви ҳам ишониб топширилган.

Равшан Эрматов 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида ҳам жаъми тўртта учрашувни бошқарган.

Ўзбекистонлик номдор ҳакам бошчилигидаги бригада ўша йили турнирнинг Австралия ва Япония ўртасида бўлиб ўтган финал учрашувида ҳам ҳакамлик қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу йилги Осиё Кубогининг дастлабки финалчиси кеча душанба куни бўлиб ўтган ярим финал беллашуви ортидан аниқланган: Жанубий Корея Ироқни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал босқичига чиққан биринчи миллий терма жамоа бўлганди.

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси орада Қатар ва Эрон миллий терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашувини бошқарган.

“D” гуруҳининг иккинчи чорак финалчисини аниқлаб берган Япония-Иордания учрашувида ишлаган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Австралияда Ўзбекистонни бир эмас, иккита ҳакамлар бригадаси намоён этмоқда.

Иккинчи бригадага ўзбекистонлик бошқа бир ҳакам Валентин Коваленко бошчилик қилмоқда.

Агар, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Яъни, Ўзбекистон конфедерациянинг Австралиядаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлаётган ягона аъзоси бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бу йил ўз тарихида кетма-кет олтинчи бор Осиё чемпионлиги учун кураш олиб борган, аммо қўшимча вақт ҳисобига Жанубий Кореяга енгилиб, турнирнинг чорак финалидан ортга қайтишга мажбур бўлган.

Австралиядаги турнирнинг ярим финалига қадар фақат мезбон Австралия, Жанубий Корея, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари етиб келишга муваффақ бўлишган.

Тўрт карра Осиё чемпиони Япония ва қитъанинг иккита энг кучли миллий терма жамоасидан бири бўлган Эрон ҳам бу йил чорак финалдан ортга қайтишга мажбур бўлишган.

Япония, устига устак, амалдаги кубок соҳиби ҳам саналади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида ўз тарихидаги энг юксак натижасини қайд этиб, турнирнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Янги Осиё чемпионини аниқлаб берувчи Австралия ва Жанубий Корея ўртасидаги финал учрашуви эса, 31 январ куни бўлиб ўтади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Австралия 2011 йилда ҳам Осиё Кубогининг финалига чиққан, аммо чемпионликни Японияга бой берганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ