Сервер Жепаровнинг “тақдири” маълум бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмий хабарларга кўра, миллий терма жамоа сардори фаолиятини яна Жанубий Кореянинг К лигасида давом эттиради ва эндиликда “Улсьан Хюндай” клубида тўп суради.

Сервер Жепаров ўтган футбол мавсумини Жанубий Кореянинг “Сеонгнам” жамоаси сафида ўтказган ва жорий пайтда эркин агент мақомида эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори қитъадаги номдор футболчилардан бири саналади.

32 ёшли футболчи икки карра “Осиёнинг энг зўр футболчиси”, деб топилган.

Расмий хабарларда, ҳозирча, янги шартнома муҳлати ва қиймати очиқланмаган.

“Улсьан Хюндай” Жанубий Кореянинг етакчи жамоаларидан бири сифатида кўрилади.

Клуб 1996 ва 2005 йилларда Жанубий Корея чемпиони бўлган.

Осиё Чемпионлар лигасида катта тажрибага эга. Жумладан, 2012 йилда қитъа чемпионлари чемпиони бўлган.

Сервер Жепаров “Сеонгнам Ильва Чунма”дан аввал Жанубий Кореянинг Сеул жамоасида ҳам тўп сурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги бор ҳозир Австралияда давом этаётган Осиё Кубогининг чорак финал учрашувида бир-бирларига қарши тўп суришган.

Ўйинда қўшимча вақт ҳисобига Жанубий Корея ғолиб чиққанди.

Хабарларга кўра, ҳар икки миллий терма жамоа 27 мартда Сеулда ўртоқлик учрашуви ўтказишмоқчи.

Тошкентдан олинган сўнгги янгилик манзарасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан “Йилнинг энг зўр мураббийси” ва “Қойилмақом футболчиси” мақомига даъвогарларнинг якуний рўйхати ҳам эълон қилинган. Ҳар икки номинация бўйича якуний учликдан:

Вадим Абрамов (“Локомотив” клуби Бош мураббийи)

Самвел Бабаян (“Пахтакор” клуби Бош мураббийи)

Рўзиқул Бердиев (“Насаф” клуби Бош мураббийи)

Ва

Виталий Денисов (“Локомотив”, Москва клуби ўйинчиси)

Одил Аҳмедов (“Краснодар” клуби ўйинчиси)

Жамшид Искандеров (“Пахтакор” луби ўйинчиси)лар ўрин олишган.

Расмий хабарларга кўра, бу йилги ғолиблар Ўзбекистон Футбол Федерациясининг феврал ойида ўтказиладиган йил якунларига бағишланган тадбирида эълон қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ