Хайрулло Ҳамидов озодликка чиқарилган

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, диний айбловлар билан 6 йилга қамалган Хайрулло Ҳамидов бугун 11 февралда озодликка чиқарилган.

Хайрулло Ҳамидовнинг онаси Би-би-сига ўғлининг озодликка чиққанини тасдиқлади. "Ўзи ҳозир келди. Қариндош уруғлар келишган. Дийдорига тўйиб олишсин", деди.

2010 йил май ойида Янгийўл туман маҳкамаси Хайрулло Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор, деб топганди.

Маҳкама жараёнида ва ундан кейин ҳам Хайрулло Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни рад этиб келган.

У айблов томони ашёвий далил сифатида тақдим этган ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид" экани даъво қилинган аудио ва видео материаллар радио ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида эфирга узатилганини айтган.

Бошқа айбланувчилар ҳам Хайрулло Ҳамидовнинг айбсизлиги ҳақида кўрсатма берганлар.

Халқаро ташкилотлар Хайруллло Ҳамидов дохил қатор сиёсий ва диний маҳбусларни озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, "ўзбек расмийларининг Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олиш учун қўйган важлари шубҳали ва ҳар бир мустақил инсонни экстремист сифатида кўрсатишга қаратилган".

Футбол шарҳловчиси сифатида спорт мухлислари эътиборига тушган Хайрулло Ҳамидов кейинроқ ўзининг диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан халқ орасида танилган.

Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.

Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002