'AC Milan'нинг собиқ олмон ўйинчиси Қозоғистонни намоён этмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи goal.com

Олмон футболчиси Александр Меркелнинг қароридан Қозоғистон миллий терма жамоаси сардори ва Бош мураббийсининг оғзи қулоғида.

Сардор Самат Смаковнинг айтишича, бу - миллий терма жамоа учун фойда бўлади.

Бош мураббий Юрий Красножанга кўра эса, олмон ўйинчиси ўзларининг энг оқсоқ нуқталари - ярим ҳимояда қўл келади.

23 ёшли Александр Меркел жорий пайтда Швейцариянинг "Грассxоппер" (Grasshoppers Zurich) клубида тўп суради.

Таъкидлаш жоиз, Александр Қозоғистон шарқидаги Первомайский посёлкасида туғилган. Аммо отаси ҳам, онаси ҳам олмон.

Ҳали бола экан, оиласи билан Қозоғистондан Олмонияга ҳам кўчиб ўтган.

Шундан сўнг, Олмония Бундеслигасидаги "Штутгарт" (VFB Stuttgart) каби айрим номдор клублар ёшлар жамоасида тўп сурган.

Лекин, келажаги порлоқ деб кўрилганига қарамай, катта ёшдаги жамоа сафига олинмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Буларнинг барчасига қарамай, 18 ёшда экан, Италиянинг энг кучли иккита жамоасидан биттаси саналувчи "АС Милан"нинг кўз остига тушган.

Аммо Италия томони билан имзолаган шартномасида кўзда тутилган шартларга мувофиқ, "АС Милан"дан ташқари, яна иккита итальян клубида ҳам ўйнашга улгурган.

Кейин эса, Италия билан хайрлашиб, ўз қадамини футболнинг ватани саналмиш Англияга қўйган.

Англияда ўз вақтида таниқли қўшиқчи Элтон Жон эгалик қилган "Уотфорд"(Watford) клуби шаънини ҳимоя қилган.

Жорий пайтда Александрни ижарага олган "Grasshoppers Zurich" ҳам ҳозир биринчи лигага тушиб қолган эса-да, ўз вақтида Швейцариянинг энг омадли клубларидан бири бўлган.

Рус тилида ҳам ўз она тилидек сўзлашувчи олмон футболчисининг айтишича эса, Қозоғистонга қайтиб, ўзининг халқаро майдонда нималарга қодирлигини кўрсатиб қўймоқчи.

Бунинг учун Александр Меркелни узоқ кутишига ҳожат ҳам бўлмаслиги мумкин.

Чунки Қозоғистон миллий терма жамоаси 28 март куни Оврўпо Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларида майдонга тушади.

Шундай экан, Александр Меркелнинг Оcтонада бўлиб ўтажак ўйиндан бир четда қолмаслиги эҳтимоли катта.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ