“Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ойлигига 20 тонна шакар олса бўлади”

Ўзбекистонда масъуллар қатори мураббий ва спортчиларнинг маоши ошкор қилинмайди Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.com
Image caption Ўзбекистонда масъуллар қатори мураббий ва спортчиларнинг маоши ошкор қилинмайди

Ўзбекзабон твиттер иштирокчилари футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг маошини муҳокама қилди.

Журналист Олимхўжа Бўронов твиттерда Қосимовнинг бош мураббий сифатида бир ойда 50 миллион сўм олишини маълум қилиши ортидан ўзбек твиттери “портлаган”.

Ушбу маош давлат курсида 20 минг доллар қора бозор курсида салкам 12 минг долларни ташкил қилади.

“Қосимовнинг терма жамоада бир ойлик маоши - 50 млн. сўм. Демак, пулдан муаммо йўқ”, деб ёзди Олимхўжа Бўронов.

Фикр билдирувчиларни бунча маош белгиланиши Ўзбекистон шароитларида нотўғри эканлигини айтган.

“25 нафар энг яхши дўхтир, 25 нафар энг яхши ҳарбий, 225 нафар энг яхши ўқитувчи ва ҳоказоларнинг ойлик маоши бу. Биз нима араблармизми ёки?!”, - дея ҳайратини билдиради‏@AmirShax

Унинг ёзишича, футболда ойлик натижага қараб, давлатнинг иқтисодий салоҳиятига қараб, бошқа ойликларга қараб белгиланиши керак.

“Мисол учун Мексиканинг Жаҳон Чемпионатида даҳшатли натижалар кўрсатган тренери М.Эррера йилига 150.000$ оларкан. Иқтисодимиз Мексикадан зўрми? Ёки Миржалол Қосимов зўрми?”, - дейди ‏@AmirShax.

Айрим фойдаланувчилар 50 миллион сўм мураббий учун унча катта пул эмаслигини, муҳими натижа эканлигини айтишди.

“Шуниси аниқки, 50 миллион ўртача пуллиги рост футболимизда. Миржалол Қосимов шу пулга лойиқ одам. Натижа кўрсатса бўлди”, - дейди @Okaginam

Маошнинг манбаси

Журналист Олимхўжа Бўроновнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Бош мураббийнинг маоши борасидаги гапни ким ошкор қилгани борасида ўзида аниқ ном йўқ.

"Миржалол Қосимовнинг терма жамоа Бош мураббийи сифатида 50 миллион сўм олиши ҳақидаги хабар бундан бир йил олдин журналистларга маълум бўлганди. Тахминимча, бу хабар футбол федерациясидан чиққан бўлиши мумкин", - дейди у.

Бўроновга кўра, нархнинг бундай белгиланиши Қосимовнинг "Бунёдкор"дан бўшагандан сўнг олаётган маошини қоплаш учун қилинган иш бўлиши мумкин. Сабаби Қосимов кўп йиллар "Бунёдкор"ни бошқарди ва фақат терма жамоани шуғуллантириши учун шундай нарх белгилангандир.

Оврўпо давлатларида мураббий ва футболчиларнинг қанча маош олиши сир сақланмайди.

Уларнинг бу маошга лойиқ ўйин кўрсатаётгани ёки бошқараётгани ишқибозлар ва журналистларнинг нишонига тез тез айланиб туради.

Россия терма жамоасининг собиқ мураббийи Дик Адвокат 2012 да йилига 7 миллион евро маош билан энг кўп ойлик олувчи мураббийга айланган эди.

Евро 2012 чемпионатидаги мувафаққиятсизликдан сўнг, унинг маоши Россия матбуотида бот бот нишонга олинган мавзулардан бўлди.

Бировнинг маошини муҳокама қилиш уят ишми?

“Спорт” телеканали журналисти Диёр Имомхўжаев бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш яхши эмаслигини айтди.

“Яхшимас бировнинг чўнтагини ҳисоблаш, уят иш. Бу футбол. Мураббий қинғир йўл билан топаётгани йўқ”, - деб ёзди Имомхўжаев.

‏@janob_Tolipov номи остида изоҳ қолдирувчи, бировнинг пулини ҳисоблаш яхши одат эмаслигини ёзди.

“Ким канча олади сизларга нима фарки бор? Нега сизлар шунча пул топа олмайсизлар? Масалан Игорь Круишенко “Шўртан”да ишлаган пайтда 25 000 $ ойлик оларди, хўш нима килибди шунча ойлик олса?”

Лекин лентадагилар Бош мураббийга берилаётган пуллар давлат бюджетидан олинаётгани боис муҳокама қилиш ўринли эканлигини айтишди.

“Қачондан бошлаб бюджет томондан бериладиган қонуний ойлик маошини эълон қилиш ёмон нарса бўлди? Ёки бу ноқонуний ойликми? Ундай бўлса узр”, - дейди ‏@AmirShax.

“Миржалол Қосимов бизнесмен бўлганда эди яхшимас эди... Минг афсуски, ҳар биримизнинг 1 тийин бўлсаям ҳаққимиз бор маошида”, - деб ёзди @Okaginam.

“Қосимовнинг ойлигини менимча муҳокама қилиш керак. Қосимовнинг ойлигига биржа баҳосида 20 тонна шакар бераркан. Бош шакарчи ойига 50 минг тонна шакар ишлаб чиқаради”, - дейди @new_bakiroo

Унга кўра, Абрамов бўладими, Қосимов бўладими, ўзбек футболининг ҳозирги аҳволида уларга шунча пул тўлаш ғирт аҳлоқсизлик.

Бакироо, айрим қатламлардан суғуриб олинаётган пулларнинг бебелиска сарфланаётгани оғриқли эканлигини айтган.

Мураббийнинг маош масаласини кўтарган журналист Олимхўжа Бўронов Ўзбекистон Миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқишига қаршилик қилаётган ҳамма нарса билан курашишини билдирди.

“Ўзбекистон ЖЧга чиқмас экан, ман тинчимайман! ЖЧга чиқишимизга қаршилик қилаётган ҳамма нарса билан курашаман. Бу келишилган ўйин бўладими, оёғи қийшиқ футболчи бўладими, нўноқ мураббий бўладими - фарқи йўқ”, - деб ёзди Бўронов.

Ўзбекистон давлат хизматчилари қатори мураббий ва футболчиларнинг қанча маош олаётгани жамоатчиликка ошкор қилинмайди.

Би-би-си айни масала юзасидан Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Бош мураббий Миржалол Қосимов билан боғланишга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозиргача уринишларимиз бесамар кетди.

Ижтимоий тармоқларда энг қизғин муҳокама этилаётган бу мавзуни ўрганишда давом этамиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK