Блаттер ўз курсисини сақлаб қолди ва қоралашга ҳам улгурди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

ФИФА тарихидаги коррупцияга оид энг йирик можарога қарамай, бешинчи бор президент этиб сайланган Зепп Блаттер аллақачон ўз ташкилотига қарши “нафрат кампанияси”ни қоралаб чиқди.

Сайловлар марказий Оврўпо вақти билан кеча оқшом бўлиб ўтган ва жаноб Блаттер ўз рақиби Иордания шаҳзодаси Али ал-Ҳусайнни йирик фарқ билан ортда қолдирган.

Иордания шаҳзодаси овоз беришларнинг биринчи босқичиданоқ ўз номзодини қайтариб олган.

Бунга амалдаги ФИФА президентидан икки баробар камроқ овоз олгани сабаб бўлган.

Номзодларнинг ғалаба қозонишлари учун жаъми 140 овоз тўплашлари лозим кўрилган.

Лекин, алал-оқибат, Зепп Блаттер 133 ва Али ал-Ҳусайн 73 овоз тўплашга муваффақ бўлишган.

Президентликка бу галги сайловлар ФИФА тарихидаги коррупцияга оид энг йирик можаро манзарасида бўлиб ўтганди.

Америка ва швейцариялик ҳуқуқ-тартибот идоралари ташкилотнинг қатор юқори мартабали мулозимлари устидан порахўрлик гумони билан тергов олиб боришаркан, нақ сайловлар арафасида улардан бир қанчаси қўлга олинганди.

Бу каби ҳолат қатор халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарларининг жаноб Блаттерни истеъфога чақирувчи даъватларига ҳам сабаб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Уларнинг бу каби чақириқларини УЕФА Президенти Мишель Платини ҳам қўллаб чиққанди.

Аммо Зепп Блаттер ҳар бир мулозимининг қилган қилмиши учун ўзи масъул бўлолмаслигини айтиб, истеъфо беришдан бош тортганди.

Қайта сайланиши ортидан эса, ФИФА президенти АҚШда амалга оширилган ҳибслардан ҳайратда эканини баён қилган.

Швейцария телеканалига берган суҳбатида, ўз таъбирича, ФИФАга қарши “нафрат амалиёти”ни қоралаган.

Худди шу манзарада Оврўподаги қатор футбол уюшмалари Зепп Блаттернинг қайта сайланишидан ўз ташвишларини изҳор этишган.

Футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионти мезбони Россия бу хабарни олқишлаб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FIFA.com

Зепп Блаттер Ўзбекистон футбол аҳлига ҳам яқиндан таниш.

У ФИФА президенти сифатида Ўзбекистонга ҳам бир неча бор ташриф буюрган.

2012 йил қилган сўнгги сафари чоғида Ўзбекистон раҳбари билан учрашган.

Учрашуви ортидан Ислом Каримовдек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини ҳам баён қилганди.

Зепп Блаттернинг сафари ФИФАнинг Ўзбекистондан 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 2012 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини олиб қўйиши ортидан кузатилган.

Ундан сал аввалроқ ФИФА Тожикистон билан 2014 йилги Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувидаги қоидабузарликлар учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва миллий терма жамоанинг беш сара футболчисини жазолашга ҳам қарор қилганди.

Хабарларда эса, жаноб Блаттернинг президент Каримовдан қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шахсан узр сўрагани ҳам айтилганди.

Жаноб Блаттер, ўз ўрнида, Ўзбекистонда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор эканини урғулаган.

Ўзбекистон ФИФА тасарруфидаги катта мусобақаларни ўтказишга тайёрлигини баён қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ