Футбол: 'Барселона' янги Оврўпо чемпиони

Фото муаллифлик ҳуқуқи JUVENTUSTWITTER

Берлинда бўлиб ўтган финал учрашувида Италиянинг “Ювентус” жамоасини йирик (3:1) ҳисобида мағлуб этган "Барса" ўзига хос янги рекорд ҳам ўрнатди.

Янги Оврўпо Чемпионлари чемпионини аниқлаб берган финал учрашуви бугун – 6 июн куни британ вақти билан кеч соат 19:45 да бошланди.

Ҳал қилувчи ўйин Олмония пойтахти Берлиннинг “Олимпия” (‘Olympic’) стадионида бўлиб ўтди.

Тўртинчи дақиқадаёқ учрашувда ҳисобни "Барселона" очди: Иван Ракитич ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

55-дақиқада Альваро Моратанинг жавоб тўпи билан "Ювентус" ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Аммо 68-дақиқада Суарес ва финал учрашувининг поёнида (+96) Неймар томонидан киритилган икки тўп Испания чемпионининг мутлақ ғалабасини таъминлади.

Таъкидлаш жоиз, ҳар икки бўлажак рақиб ҳам майдонда ўз миллий чемпионатлари ғолиблари ва кубоги соҳиблари сифатида тушишганди.

Худди шу боис, бугун ғалаба қозонган жамоа ўзига хос тарихий натижа ҳам қайд этарди: Яъни бир мавсумда қўлга киритган кубоклари сонини учтага етказарди.

Жаҳон футболи тарихида фақат еттитагина клуб бу каби шарафга нойил бўлгани айтилади.

Берлинда омад кулиб боққан “Барселона" эса, ҳозирча, жаҳон футболида бу каби тарихий натижани икки бор такрорлашга муваффақ бўлган ягона клубга айланди.

Бошқа томондан, бу – уларнинг ўтган 10 футбол мавсумида Оврўпо Чемпионлар лигасида қайд этган бешинчи ғалабалари бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, Италиянинг “Ювентус”и ҳам анойи жамоалардан эмасди: бу йилги лига ўйинларининг ярим финалида “Барселона”нинг азалий ва ашаддий рақиби Мадриднинг “Реал”ини мағлуб этиб, Оврўпо Чемпионлари чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Устига устак, Мадриднинг “Реал” қироллик жамоаси амалдаги Оврўпо Чемпионлари чемпиони ҳам саналарди.

"Ювентус" лига ўйинларида каттагина тажрибага эга: Ўз тарихида икки бор кубок соҳибига айланган жамоа эди.

Лекин, таъкидлаш жоиз, итальян жамоасининг Оврўпо Чемпионлар лигасида қайд этган сўнгги ғалабаси 1995-96 йилги футбол мавсумига бориб тақалади.

“Барселона” эса, лига ўйинларидаги сўнгги кубогини бор-йўғи тўрт йил бурун қўлга киритганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи lokomotiv.uz

Тошкентдан таниқли мураббий Вадим Абрамов шанба кунги финал учрашуви олдидан "омад қай бир жамоага кулиб боқса, ўша ғолиб чиқиши"ни баён қилганди.

“Менимча, бу якуний ва ҳал қилувчи учрашувда жамоаларнинг имкониятлари бир хил. Чунки бу – фақат битта ўйин бўлади. Устига устак финал учрашуви. Шу боис ҳам, бу каби ўйинларда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Яъни, қай бир клубга омад кулиб боқса, ўша ғалаба қозонади. Ўйини бир-бирига ўхшамаган иккита жамоа...Лекин, шунда ҳам, мен бироз устунликни “Барселона”га берган бўлардим. Майдонда аксарият футбол ишқибозлари ёқтирувчи ҳужумкор ўйин намойиш этади. Уларнинг бу каби ўйин услуби шахсан ўзимга ҳам маъқул тушади”, - деб айтганди Вадим Абрамов.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Берлиндаги учрашувни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам тўғридан-тўғри томоша қилиш имконига эга эканликларини билдирганди.

“Мен бугунги ўйинда шахсан “Барселона”га ишқибозлик қиламан. Агар, ўзбекистонлик футбол ишқибозларига келсак, ҳар икки жамоанинг ҳам ўзига яраша мухлислари бор. Менимча, уларнинг барчаси чиройли ўйин томоша қилиш истагида. Чунки ҳар икки жамоада ҳам жаҳон таснифидаги футболчилар бор. Шу боис, ўйиннинг қизиқарли бўлиши тайин”, - деган эди у.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимизнинг айтишича, ФИФА атрофидаги сўнгги можаролар ҳам бугунги ўйинга бирор бир маънода соя ташлай олмайди.

Берлиннинг ўзида эса, 74.000 дан ортиқ мухлис бу икки наҳанг жамоа ўртасидаги финал учрашувига бевосита гувоҳ бўлишди.

Бугунги финал учрашувининг асосий қаҳрамонлари сўнгги бор 2002/03 йилги футбол мавсумида Оврўпо Чемпионлар лигасининг чорак финалида бир-бирларига қарши тўп суришган.

Дастлабки учрашув дуранг, жавоб ўйини эса, “Ювентус”нинг ғалабаси билан якунланганди.

Сиз: Бугунги финал учрашувида қай бир жамоага ишқибозлик қилмоқчисиз ва нима учун? Фикрларингизни биз билан ўртоқлашишни унутманг. Аввалдан раҳмат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ