"Россия ва Қатар Жаҳон кубоклари мезбонлигини йўқотишлари мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар порахўрлик иддаолари тасдиқланса, Россия ва Қатар 2018- ва 2022-йиллардаги футбол бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқларини йўқотишлари мумкин, дея огоҳлантирди ФИФАнинг етакчи расмийларидан бири Доминико Скала.

Жаноб Скала ФИФАнинг аудит ва қоидаларга риоя этилиши бўйича комиссия раисидир.

Россия ва Қатар ушбу икки кубок ўйинлари учун овоз бериш жараёнида бирор бир қонунга зид амалга қўл урилганини инкор этадилар ва жаноб Скала шу пайтгача коррупция далилини кўрмаганини тан олган.

“Агар овозлар сотиб олингани тасдиқланса, овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин”, деб айтган Доминико Скала Швейцарияда нашр қилинадиган Sonntags Zeitung рўзномасига.

“Шу кунгача бунинг исботи тақдим қилинмаган”, дея қўшимча қилган у.

Доминико Скала худди шундай баёнот билан 2013 йил охирида ҳам чиққан, бироқ сўнгги икки ҳафта мобайнида ФИФА билан юзага чиққан можаро манзарасида унинг сўнгги баёноти янада жиддийроқ қабул қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жаноб Скала бундай баёнот билан 2013 йилда ҳам чиққан.

ФИФА президентини сайлаш учун Швейцариянинг Цюрих шаҳрига йиғилган халқаро ташкилотнинг етти юқори лавозимли мулозими эрта тонгда Цюрихдаги меҳмонхоналардан бирида ҳибсга олинган эди.

АҚШ прокурорлари 14 шахсга айблов илгари сурган, уларни сўнгги 24 йил мобайнида 150 миллион доллардан зиёд пора олиш ва беришда гумон этилмоқдалар.

Айни пайтда Швейцария ҳуқуқ-тартибот органлари 2018- ва 2022-йиллардаги футбол бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаларига мезбонлик қандай қилиб қўлга киритилгани юзасидан жиноий тергов бошлаганлар.

ФИФАни 1998 йилдан буён бошқариб келган Зепп Блаттер сўнгги ФИФА президентлиги сайловида қайта сайланган, бироқ орадан тўрт кун ўтиб халқаро ташкилот бошига тушган коррупция айбловлари боис истеъфо берганини эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ