Капелло Россия терма жамоаси мураббийлигидан кетмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия футбол жамоасининг бош мураббийси Фабио Капелло ўз ўйинчилари 2016 йилги Оврўпо чемпионатига саралаш матчида Австрияга 0:1 ҳисобда ютқизиб қўйиши ортидан ўз эҳтимолий истеъфоси ҳақида гапиришни истамади.

"Савол учун раҳмат", - деди Капелло Би-би-сининг рус хизмати мухбирига. Мухбир ундан мураббий истеъфога бериш ҳақида ўйлаши учун терма жамоа неччи марта ютқазизи кераклиги ҳақида савол берганди.

Кейинроқ жаноб Капелло Россияда саккиз ой текинга ишлагани, лекин кетиб қолмагани ёки Россия футбол уюшмасидан шикоят қилиб ФИФАга мурожаат қилмаганини урғулади.

"Ҳозир менга яна икки ойлик қарзлари бор, лекин мен учун бу муаммо эмас. Муаммо фақат ишда. Агар мени фақат пул қизиқтирганида эди, мен аллақачон қарзлар туфайли ФИФАга мурожаат қилган бўлардим, лекин Россия ва Россия футбол уюшмасига бўлган ҳурматим туфайли бундай йўл тутмадим", - деди у.

Айни дамда Россия футбол уюшмасининг амалдаги президенти Никита Симонян матч ортидан Капелло истеъфоси масаласи кўтарилишини айтди. Россиянинг спорт бўйича вазири Виталий Мутко эса Капелло билан унинг келажагини муҳокама қилишга "икки кун" берилишини сўради.

"Дон Фабио мен билан келажагини муҳокама қилишга тайёр эканини айтдими? Тўғри айтибди. Мен ҳам тайёрман. Бизга икки кун беринг - ҳаммасини ҳал қиламиз", - деди Мутко журналистларга.

Апрел ойида "Новая газета" Россия футбол уюшмасининг Фабио Капелло билан 2014 йил январида имзолаган шартномасини чоп қилди. Ҳужжатга кўра, Россия терма жамоаси мураббийсининг йиллик маоши 7 миллион доллар.

Навбатдаги мағлубият (олтита матч циклидаги икки дурранг ортидан иккинчи мағлубият) Россия терма жамоасининг Францияда ўтадиган чемпионатга бевосита йўлланма олиш имкониятларини кескин қисқартирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio