Футбол: “Бош мураббий ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан хабардор“

Аҳмедовни жамоадошлари яширин овоз бериш йўли билан сайлаган Фото муаллифлик ҳуқуқи anzhi
Image caption Аҳмедовни жамоадошлари яширин овоз бериш йўли билан сайлаган

Россиянинг “Краснодар” клуби таянч ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоаси ичида яширин овоз бериш йўллари билан ўтказилган сайловда энг кўп овоз олган ҳолда сардор бўлган.

Терма жамоа Жаҳон чемпионатига саралаш мусобақасида илк ўйинда Шимолий Кореяга ютқазиб қўйгач Миржалол Қосимов ўрнига Самвел Бабаян тайинланганди.

Бабаян икки марта расмий ўйин ўтказди. Унинг иккаласида ҳам Ўзбекистон термаси ғалаба қозонган бўлса-да, мухлислар орасида мураббийга нисбатан озроқ ишонч билдирилаётгани айтилади.

Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев Би-би-си билан суҳбатда терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаяннинг ижтимоий тармоқ ва матбуотда билдирилаётган фикрлардан мунтазам хабардор бўлиб туришини билдирди.

Биз Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котибидан терма жамоага сардор сайлаш жараёни қандай ўтганини сўрадик.

Санжар Ризаев: Одатда терма жамоада сардорларни мураббий эмас, футболчиларнинг ўзи сайлайди. Мураббий футболчиларга кўрсатма беради Лекин майдонда футболчиларга таъсир қила оладиган ва бутун жамоани олдинга етаклай оладиган футболчини жамоанинг ўзи сайлайди. Бу сафар миллий терма жамоа аъзолари Одил Аҳмедовга яширин овоз бериш йўли орқали мана шу қарорга келишди. Мураббий футболчиларнинг бу қарорини, умумий фикрини қабул қилди.

Би-би-си: Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир неча йилдан буён сардори Сервер Жепаров эди. Футболчилар ўзгармади, яъни мураббийдан бошқа ўзгариш бўлмади. Футболчилар нима учун Серверни эмас, Одилни сайлашга қарор қилишган?

Санжар Ризаев: Терма жамоада биринчи йиғинга чақирилган 30 футболчи, кейинчалик қисқартирилган таркиб – 23 футболчининг овози инобатга олинган. Улар нима учун Сервер Жепаровга овоз беришмади, табиийки, бунга мен шарҳ билдира олмайман. Чунки бу уларнинг танлови.

Фото муаллифлик ҳуқуқи twitter
Image caption Санжар Ризаев бош мураббий жамоатчилик фикри билан танишиб боришини айтади

Би-би-си: Бош мураббий Бабаян томонидан ҳам қандайдир аралашув ва тавсия бўлганми?

Санжар Ризаев: Табиийки, футболчилар билан йиғилиш бўлганида янги мураббий жамоа тузиш ва уни шакллантириш асносида сардор, вице капитан – агар Аҳмедов алмаштриладиган бўлса, ёки ўйин ўтказиб юборадиган бўлса, унинг ўрнига жамоани сардор сифатида бошқарадиган ўйинчиларни аниқлаб олади. Мисол учун, Шимолий Кореяга қарши ўйинни оладиган бўлсак, гарчи вице капитан бошқа футболчи бўлишига қарамасдан, ўша ўйинда Игнатий Нестеров терма жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган. Ҳар хил ҳолатларга қараб, футболчиларнинг таркиби ёки мураббийга қараб бу нарса ўзгариши мумкин. Лекин биринчи навбатда сардорнинг ким эканлиги жамоанинг ўзида ўтказиладиган ички сўровномага боғлиқ.

Би-би-си: Терма жамоага янги мураббий тайинланганидан сўнг Бабаянга Ямандан кейинги ўйинда ҳам нисбатан ишончсизлик билдирилди. Жамоа Флиппинни 5:1 га ютганидан сўнг, муносабат қандай бўляпти?

Санжар Ризаев: Шахсан ўзим жамоатчилик фикрини ижтимоий тармоқлар, турли сайтлардаги мухлисларнинг фикрлари, қолаверса, футбол федерациясига қўнғироқ қилиб турадиган ишқибозлар орқали ўрганишга ҳаракат қилиб бораман. Мухлисларни икки тоифага бўлиш мумкин. Кимдир янги бош мураббий, умуман терма жамоа ўйинига янги ўйинни олиб кирган мураббийни ёқлаб чиқаётган бўлса, яна кимдир бундан хурсанд эмас. Яъни ўша Яманга қарши кичик ҳисобдаги ғалаба. Лекин шунга қарамасдан, Филиппинга қарши ишончли ғалаба қўпол қилиб айтганда сал “йиғлоқи” футбол ишқибозларимизни ёки ҳиссиётга берилувчи футбол ишқибозларимизнинг хавотирларини бироз чекинтиргандек туюлди. Лекин барибир Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ўйинлари олдинда. Яқинлашиб келаётган 8 октябрда Баҳрайн ва Шимолий Корея билан ўйинлардаги натижалар жамоатчилик фикрининг янада ўзгаришига сабаб бўлади. Яъни биз иккига бўлаётган тоифаларнинг қайсидир бири йириклашишига хизмат қилса керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бабаяннинг терма жамоага бош мураббий этиб тайинланишини ҳамма ҳам илиқ кутиб олмаган

Би-би-си: Миллий терма жамоа Бош мураббийи Самвел Бабаян билдирилаётган фикрлардан хабардор бўлиб турадими, уларни эътиборга оладими?

Санжар Ризаев: Албатта, тарқалаётган танқидий бўладими ёки тўғри иш қилинаётгани ҳақида омма орасида жаранг бераётганини бош мураббийга унинг ёрдамчилари доимий равишда етказиб туришади. Қолаверса, мен ҳам тизимли равишда, деярли ҳар куни, бир неча маротаба турли фикрлар ёки мақолалар чоп этилган веб линкларни жўнатиб тураман. Бош мураббий улар билан танишиб, муҳокама қилади. Бу шубҳасиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio