Жаҳон чемпионати 2018: Ўзбекистон 3:1 Шимолий Корея

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатининг Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги тур гуруҳ босқич саралаш учрашуви Ўзбекистоннинг ғалабаси билан якунланди.

Ўзбекистон-Шимолий Корея ўртасидаги “H” гуруҳи 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 7-тур учрашуви Тошкент вақти билан кечки соат 18:00 да бошланди ва марказий “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мезбонлик қилган ўйинда ҳисобни дастлабки дақиқалардаёқ биринчи бўлиб шимолий кореялик футболчилар очишди.

Учрашув 1-бўлимининг бор-йўғи 3-дақиқасида Ри Хёнг Чол тезкор гол муаллифига айланди ва миллий терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Ўз майдонида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, орадан 20 дақиқа ўтибгина ўйинда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Жамоа ҳужумчиси Игорь Сергеев 23-дақиқада Шимолий Корея дарвозасига киритилган жавоб тўпи муаллифига айланди.

Ҳар икки рақиб миллий терма жамоа ҳар томонлама тайёр эканини айтган Тошкентдаги учрашувнинг 1-бўлими 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланди.

Аммо учрашувнинг 50-дақиқасида Марат Бикмаев ўрнига майдонга тушган Александр Гейнрих 66-дақиқасида Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Орадан 16 дақиқа ўтиб эса, Одил Аҳмедов Тошкентдаги учрашувда ҳисобни 3:1 га етказди ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдаги тур учрашувида муҳим 3 очкони қўлга киритди.

Бу – “H” гуруҳида Шимолий Корея, Филиппин, Баҳрайн ва Яманга қарши тўп сураётган ўзбекистонлик футболчиларнинг илк мағлубиятлари ортидан қайд этган кетма-кет тўртинчи ғалабалари бўлди.

Миллий терма жамоа шу пайтгача ўтказган бешта ўйини натижасига мувофиқ жаъми 12 очко билан “H” гуруҳида иккинчи ўриндаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларида илк мағлубиятини қайд этган Шимолий Корея эса, 13 очко билан ҳануз гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги гуруҳ босқич саралаш учрашувини 17 ноябр куни сафарда яманлик рақибларига қарши ўтказади.

Ўзбекистон гуруҳда Филиппин билан бирга битта ўйин кам ўтказган иккита миллий терма жамоадан биттаси бўлиб турибди.

"60 минг сўмга чипта олгандан кўра..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“60 минг сўмга чипта олгандан кўра, бозордан фарзандларим учун 2 кг гўшт олишни маъқул кўрдим...”.

Кun.uz веб саҳифасининг ёзишича, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Шимолий Кореяга қарши учрашуви олдидан Тошкентдаги чипталар билан боғлиқ аҳвол, айрим ҳолларда, худди ана шундай тус олган.

Мазкур ўйин учун “чипталар чайқовчилар томонидан аслидагидан икки баробар қиммат нархларда сотилмоқда”, “бугун эса, мухлислар таҳририятга қўнғироқ қилиб, аҳвол бундан анча ёмон тус олганини айтишди", - деб ёзмоқда бу интернет нашри.

Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўртасидаги футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқич 2-давра саралаш беллашувларининг 7-тур учрашуви бугун Тошкент вақти билан кеч соат 18:00 да бошланади.

“H” гуруҳи пешқадамлари бўлиб турган бу икки миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларини Пхеньянда айнан Шимолий Кореяга қарши бошлаган ва йирик ҳисобда (4:2) мағлубиятга учраганди.

Бу – миллий терма жамоанинг ўз тарихида Шимолий Кореяга иккинчи ютқизиғи бўлганди.

Бундан ташқари, шу пайтгача ўтказган беш учрашувидан жаъми 13 очко жамғаришга муваффақ бўлган Шимолий Корея жорий пайтда “H” гуруҳи пешқадами бўлиб турибди.

Шимолий Кореядан битта ўйин кам ўтказган Ўзбекистон эса, ҳисобидаги 9 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.

Бу гуруҳ босқич саралаш беллашувларида эса, қитъа миллий терма жамоалари футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатидан ташқари, 2019 йилги Осиё Кубогига чиқиш учун ҳам кураш олиб боришади.

Ҳар икки йўлланма учун ўз курашини давом эттирмоқчи бўлган миллий терма жамоа эса, бунинг учун энг аввало 2-давра саралаш беллашувларини ўз гуруҳида пешқадам мавқеъда якунлаши шарт бўлади.

Бу – уларга кейинги гуруҳ босқич саралаш беллашувларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини беради.

Якунида ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоанинг бундайин имкониятни сақлаб қолиш учун энг яхши натижа кўрсатган бўлиши тақозо этилади.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига эса, ҳалича жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.

Жамоа 2014 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмани энг сўнггига келиб бой берган ва бу ўзбекистонлик футбол мухлисларининг кескин норозиликларига сабаб бўлганди.

Айни шу омиллар сабаб, Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўртасидаги 12 ноябр куни Тошкентда бўлиб ўтажак учрашув маҳаллий футбол мухлислари орасида катта қизиқишга сабаб бўлган.

Агар, Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган интернет нашрларидаги чиқишларга таянилса, бу ўйинга чипта сотиб олиш иштиёқида бўлган мухлислар озмунча бўлмаган.

Аммо kun.uz веб саҳифасининг ёзишича, “мухлислардан бири мавжуд аҳволдан шикоят қилиб, чипта олиш учун 30 минг сўм билан "Пахтакор" стадионига боргани, лекин ўзига керакли чиптани ололмасдан қайтгани, 60 минг сўмга (!) чипта олгандан кўра, бозордан фарзандлари учун 2 кг гўшт олишни маъқул кўрганини айтиб берган”.

Kun.uz нинг ёзишича, сайтнинг турли ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларига ҳам мухлислардан шу масала хусусида мурожаатлар йўлланган ва улар мавжуд вазиятга эътибор қаратишни сўрашган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу хусусда масъул идоралардан изоҳ олиш уринишлари эса, ҳозирча, ўз самарасини бергани йўқ.

Ўзбекистон ва Шимолий Корея шу пайтгача бир-бирларига қарши етти бор майдонга тушишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шундан тўрттасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалаба қозонган.

Бир маротаба Шимолий Кореянинг қўли баланд келган ва икки ўйин дуранг натижа билан якунланган.

Икковлон ўртасидаги Тошкентда бўлиб ўтажак учрашувни Алиризо Фағоний бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Ўзбекистонда катта қизиқишга сабаб бўлаётган ушбу учрашувга чипталар 6 ноябр куни сотувга чиқарилган.

CIP тоифадаги чипталар қиймати 30.000 сўм, қолган барча секторлар учун мўлжалланганлариники 15.000 сўмдан этиб белгилангани хабар берилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги халқаро футбол учрашувлари чипталари савдоси билан боғлиқ вазият эса, бундан олдин ҳам бир неча бор муҳокамаларга сабаб бўлган.

Айрим ҳолларда чипта олиш учун келган мухлисларнинг махсус милиция ходимлари томонидан калтаклангани, чиптахоналар олдида вужудга келажак узундан-узоқ навбатлар ҳақида ҳам хабарлар олинган.

Федерация эса, чипталар савдоси билан Терма жамоалар маркази шуғулланишини айтиб келади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси “H” гуруҳида яна Филиппин, Баҳрайн ва Яманга қарши тўп сурмоқда.

Ва жорий пайтда гуруҳдаги рақибларидан битта ўйин кам ўтказган ягона жамоа бўлиб турибди.

Ҳар икки рақиб миллий терма жамоа Бош мураббийлари эса, Тошкентдаги учрашувга тайёр эканликларини баён қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ